“БМТ кучли бўлиши лозим!” Жапаров БМТ минбарида кескин нутқ сўзлади
World
−
13:19 2186 4 minutes
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясида санкциялар айрим давлатлар томонидан суверен давлатларнинг ички ишларига аралашиш воситаси сифатида қўлланаётганини айтди. Бу ҳақда Жапаров кеча, 22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида сўз очди.
“Бугун санкциялар айрим ҳолларда баъзи давлатлар томонидан суверен давлатларнинг ички ишларига аралашиш воситаси сифатида қўлланаётганини барчамиз кўриб турибмиз”, деган Қирғизистон раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, асоссиз бир томонлама санкцияларнинг салбий оқибатлари Қирғизистон каби шаклланиш ва ривожланиш босқичида бўлган кичик давлатларга ҳам таъсир қилмоқда. Бу ҳолат бошқа кичик давлатларни ҳам ташвишга солмоқда.
Жапаров айрим ҳолларда бундай ҳаракатлар мустақил давлатларнинг ички ишларига аралашишга олиб келиши ва халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларига зид эканини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, айрим йирик давлатлар ўз манфаатларини кўзлаб, Қирғизистон каби кичик давлатларга босим ўтказиб, уларни баъзи масалалар бўйича муросага боришга мажбурлашга уринмоқда ва ультиматумлар қўймоқда.
“Фурсатдан фойдаланиб, шу муносабат билан Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг ҳокимиятга келганидан кейин қабул қилган, дунё бўйлаб нодавлат нотижорат ташкилотларини молиялаштиришни тўхтатиш ҳақидаги қарорини алоҳида таъкидламоқчиман. Натижада ННТларнинг ривожланаётган давлатларнинг ички ишлари ва сиёсатига аралашуви деярли тўхтади. Трампнинг қарорлари давлатлар суверенитетини мустаҳкамлаш ва уларнинг ривожланиш йўлини мустақил танлаши учун шароит яратди. Шунинг учун бугунги имкониятдан фойдаланиб, жаноб Трампга ННТларни молиялаштиришни тўхтатгани учун ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман”, деган Қирғизистон раҳбари.
Шунингдек, у санкция жорий этиш ҳақидаги қарорлар БМТ Низомига мувофиқ ва фақат Хавфсизлик Кенгаши ваколатлари доирасида қабул қилиниши кераклигини айтган.
“Биздаги фикрга кўра, у ёки бу давлатга қарши санкция жорий этиш ҳуқуқи фақат Бирлашган Миллатлар Ташкилотига берилиши керак”, Жапаров.
Унинг фикрича, бу халқаро санкциялар тизимини такомиллаштиришнинг ягона йўли ҳисобланади. Жапаров, аввало, ташкилот томонидан барча санкция чораларини мажбурий тарзда дастлабки кўриб чиқиш механизмларини жорий этиш зарурлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, санкция ташаббусларини олдиндан кўриб чиқиш уларнинг эҳтимолий гуманитар, иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини ҳисобга олиш имконини беради.
У таклиф этаётган механизмнинг муҳим қисми шаффофлик ва жавобгарликни ошириш бўлиши кераклигини таъкидлаган.
“Санкция ташаббусини илгари сураётган давлатлар уларнинг ҳуқуқий асоси, бундай чораларнинг зарурати, мақсадлари, шунингдек, кейинчалик бекор қилиниши мезонлари ва шартларини аниқ кўрсатиши керак. БМТ бошчилигида санкциялар ва уларни мунтазам қайта кўриб чиқиш бўйича ягона халқаро мониторинг механизмини ташкил этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман.
Фақат шунда халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда БМТнинг марказий роли кучаяди, унинг ваколатлари кенгаяди. Бундан ташқари, бир давлатнинг бошқа давлатга ўзининг сиёсий ёки иқтисодий манфаатлари йўлида санкцияларни ўзбошимчалик билан қўллаш хавфи бартараф этилади.
Ҳеч бир давлат ўзбошимчалик билан ҳаракат қилмаслиги керак. БМТ кучли бўлиши лозим. Ҳар бир давлат БМТ санкция жорий қилмоқчи эканини эшитганда ларзага тушиши керак. Фақат шунда дунёда қатъий халқаро тартиб шаклланиши мумкин. Акс ҳолда БМТнинг айрим қарорлари жиддий қабул қилинмай қўяди. Давлатлар фақат ўз хоҳишларига кўра ҳаракат қила бошлайди.
БМТнинг ҳар бир қарори кечиктирмасдан ижро этилиши керак. Агар давлат қарорни бажармаса ва бошқа мамлакатлар у билан ҳамкорликни тўхтатса, санкцияларнинг самарадорлиги ортади. Фақат шундай ҳолатдагина қарорлар зудлик билан ижро этилади ва БМТ кучли ҳамда нуфузли ташкилотга айланади.
Акс ҳолда мавжуд санкциялар ўзига хос болалар ўйинчоғига айланиб қолади”, деган Садир Жапаров.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 81-Бош Ассамблеясида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ғазо бугун нафақат дунёдаги энг катта қабристон, балки дунёда ампутация кўрсаткичи энг юқори бўлган минтақа ҳисобланиши, шунингдек, Ғазо – ҳозирги даврнинг энг инсонийликка зид, энг уятли қирғини экани экани ҳақида гапирганди.
Live
All