“Биз ортга қайтишни истамаймиз”. Босқинчи мигрантлар намойишга чиқди
World
−
13:45 2362 2 minutes
Испаниянинг Шимолий Африкадаги Сеута анклавига бостириб кирган юзлаб мигрантлар шаҳардаги пляжлардан бирида норозилик намойиши ўтказди. Улар Испания ҳукуматидан Марокашга қайтарилмасдан, Испанияда қолиш ва бошпана берилишини сўраган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Намойишда қатнашганлар икки ҳафта аввал Сеутага оммавий равишда бостириб кирган мигрантлар орасида бўлган. Ҳозир анклавда 5 мингдан 8 минггача мигрант қолган. Дастлаб эса 72 мингдан ортиқ одам аҳолиси қарийб 80 минг бўлган кичик ҳудудга кириб келган, уларнинг аксарияти кейинчалик ихтиёрий равишда Марокашга қайтган. Мигрантларнинг бир қисми Сеутадаги Эл Трамполин пляжи ёки шаҳар чеккаларида қийин шароитларда яшаб, Испанияга ўтишни кутмоқда.
Намойиш вақтида мигрантлар Испания байроқлари ҳамда “Биз Марокашга қайтишни истамаймиз” ва “Биз ҳам инсонмиз” мазмунидаги баннерларни кўтарган. Улар “Биз чарчадик” ва “Бизга ечим керак” каби шиорларни ҳам айтган.
Марокашнинг Тетуан шаҳридан бўлган мигрантлардан бири Аюб Эларроуд ҳозирги шароитдан шикоят қилган. Унинг айтишича, мигрантлар денгиз бўйида совуқ ва ноқулай шароитда тунашга мажбур бўлмоқда. Шунингдек, унинг таъкидлашича, полиция мигрантларнинг шаҳар марказига боришига тўсқинлик қилмоқда.
Испания Ички ишлар вазири Фернандо Гранде-Марласка аввалроқ ноқонуний равишда анклавга кирган мигрантларга Сеутада қолиш, мамлакатнинг материк қисмига ўтиш ёки қонуний мақом олишга рухсат берилмаслигини билдирган. Бунда фақат алоҳида, оғир ижтимоий ҳолатлар истисно қилиниши мумкин.
Сеута тиббиёт кенгаши раҳбари Энрике Ровиралтанинг айтишича, шаҳардаги тиббиёт ходимлари мигрантлар оқими сабаб катта босим остида қолган. У айрим юқумли касалликлар, жумладан, диарея ва қўтир ҳолатлари кўпайганини, шунингдек, турли жароҳатлар билан мурожаатлар сони ортганини билдирган.
Бироқ Испания соғлиқни сақлаш вазири Мониcа Гарсия маҳаллий тиббий хизматлар бутунлай издан чиққани ҳақидаги фикрларни рад этган. Унинг қайд этишича, тизимга босим мавжуд, бироқ у фаолиятини давом эттирмоқда.
“Reuters” суҳбатлашган айрим марокашлик мигрантлар эса ўз мамлакатларидаги иш шароитлари ва иқтисодий имкониятларнинг чеклангани уларни Европага йўл олишга ундаганини айтган.
Шу билан бирга, Сеутада бошпана излаётганлар орасида Нигерия, Сенегал ва Бангладеш каби давлатлардан бўлган мигрантлар ҳам бор. Уларнинг айримлари ўз мамлакатларидаги можаро, таъқиб ёки хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар сабаб Европага келганини билдирган.
Ҳозирча Сеутадаги мигрантларнинг кейинги тақдири ва уларнинг бошпана олиш бўйича талаблари юзасидан якуний қарор эълон қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марокашдан Испаниянинг Шимолий Африкадаги Сеута анклавига оммавий равишда ўтишга уриниш оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 72 нафарга етгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All