Байрам кунларида шифохоналар қай тартибда ишлайди?
Local
−
17:25 595 2 minutes
Ўзбекистонда Мустақиллик байрами муносабати билан 29 августдан 1 сентябргача тиббиёт муассасалари одатдаги иш тартибида фаолият юритади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Вазирлик маълумотига кўра, байрам ва дам олиш кунларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни мувофиқлаштириш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигида алоҳида штаб ташкил этилган.
29 август – 1 сентябрь кунлари туман ва шаҳар, вилоят ҳамда республика миқёсидаги шифохоналар, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва тиббиёт олий таълим муассасалари клиникаларида ходимлар навбатчилик асосида ишлайди.
Шунингдек, ҳудудлардаги 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида ҳам тиббий хизмат узлуксиз кўрсатилади.
Тез тиббий ёрдам тизими ҳам байрам кунлари тўлиқ таркибда ишлайди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ва қарийб 200 та аҳоли пунктидаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида навбатчи шифокор ва ҳамширалар 24 соат давомида фаолият юритади.
“103” тез тиббий ёрдам хизмати ҳам 29 августдан 1 сентябргача одатдаги тартибда ишлайди. Мазкур кунларда тизимнинг 14 та ҳудудий филиали, 189 та станцияси, 40 та подстанцияси ва 1 492 та таянч пунктида 2 900 дан ортиқ тиббий ёрдам бригадаси чақирувларга шай ҳолатда бўлади.
Бундан ташқари, барча туғруқ ва болалар даволаш муассасалари ҳам байрам кунлари узлуксиз фаолият олиб боради.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги дам олиш ва байрам кунларида навбатчилик қиладиган тиббиёт ходимларига миннатдорлик билдирган ҳамда фуқароларни байрам кунларида ўз саломатлигига эътиборли бўлишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги кунларида мамлакат бўйлаб саёҳат қилмоқчи бўлганлар учун поезд, автобус ва самолётларда қўшимча қатновлар ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
All