Ажримда ярашиш муддати берилмаслиги мумкин
Local
−
11 September 2339 3 minutes
Ўзбекистонда эр-хотиндан бири зўравонлик ёки тазйиққа учрагани, алкоголь ёки наркотик моддаларга ружу қўйгани, ОИTСга чалингани ёхуд уч йил сабабсиз узлуксиз бирга яшамагани никоҳдан ажратишда ярашишга муддат бермаслик учун асос сифатида белгиланиши таклиф этилмоқда. Бу ҳақда бугун, 11 сентябрь куни Сенатнинг ялпи мажлисида Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова маълум қилди.
Унинг айтишича, оилавий муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган – мазкур лойиҳа бугунги кунда Президент Администрациясида.
“Никоҳ ёшини камайтиришнинг ва яраштиришга муддат бермасдан никоҳдан ажратишнинг аниқ тугал асосларини белгилаш. Яъни, никоҳ ёшини ҳали айтиб ўтганимдек, фақат ҳомиладорлик ёки бола туғилганда бир йилга камайтириш, шунингдек, никоҳдан ажратиш асослари сифатида муддат бермасдан, эр-хотиндан бири зўравонлик ёки тазйиққа учрагани, алкоголь, наркотик моддаларга ружу қўйгани, ОИTСга чалингани, уч йил сабабсиз узлуксиз бирга яшамагани сифатида белгилаш таклиф этилмоқда”, дейди Дилноза Каттахонова.
Шунингдек, ажрим ёқасидаги оилалар билан ишлашда ҳар бир хотин-қиз бўйича индивидуал дастур тузиш амалиёти жорий қилинаётгани айтилган. Бунда нафақат аёл, балки унинг оиласининг ҳар бир аъзоси қамраб олинади ва ҳар бир оила аъзосининг муаммосидан келиб чиқиб, аниқ вазифалар ҳамда масъуллар белгиланади.
“Яъни, ажрим сабаби бандлик, уй-жой, саломатлик, психологик ёки ҳуқуқий муаммо билан боғлиқ бўлса, оилага тегишли хизматлар бир вақтнинг ўзида комплекс равишда кўрсатилиши, демак, вазифа сифатида белгиланмоқда”, дейди қўмита раиси.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 10 миллион 505 минг 139 та оила мавжуд. 2026 йилнинг етти ойида 115 минг 879 та янги никоҳ қайд этилган. Шу даврда 29 минг 353 та ажрим ҳолати кузатилган.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 470 тага ёки 5 фоизга кўп. Бироқ йил бошидан ҳозирги кунгача ажримлар ўсиш суръатида ижобий динамика кузатилган: январь ойида бу кўрсаткич 11 фоизни ташкил қилган бўлса, июль ойига келиб 5 фоизга пасайган. Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарёда ажримлар ошгани, Наманган ва Андижонда эса камайгани қайд этилган.
Ажримлар сабаблари ҳам мажлисда алоҳида таҳлил қилинган. Дилноза Каттахонованинг айтишича, судларга бўлган мурожаатларда ажрим сабабларининг 54 фоизида характернинг бир-бирига тўғри келмаслиги, ўзаро ишончсизлик ёки оилага тайёр эмаслик каби важлар келтирилмоқда. Ушбу сабаблар бир-бирига қўшилганда 60 фоиздан ортиқни ташкил этади.
“Шу ажрим масаласини алоҳида таҳлил қилганимизда, бизда иккита асосий сабаблар шаклланяпти. Биринчиси, бу судларга бўлган мурожаатларда 54 фоиз сабаблар орасида умуман асосли бўлмаган, яъни характери бир-бирига тўғри келмаслик ёки ўзаро ишончсизлик, оилага тайёр эмаслиги деган важлар келтирилмоқда. Демак, буларни бир-бирига қўшганда 60 фоиздан ошиқ сабаб сифатида кўрсатиляпти, яъни булар билан бемалол “маҳалла еттилиги” ишлаб, бу сабабларни бартараф этиш имконига эга”, дейди Каттахонова.
Шунингдек, ижтимоий фикр ўтказилган тадқиқотда ҳам ажримларга олиб келаётган омиллар ўрганилган.
“Ижтимоий фикр ўтказган тадқиқотда ҳам ажримларнинг сабаблари сифатида сўровномадан ўтганларнинг 50 фоизида ўзаро ишончсизлик, 46 фоизида бир-бирини тушунмаслик, 34 фоизида моддий етишмовчилик ва 29 фоизда учинчи шахс аралашуви сифатида сабаблар келтириляпти”, дейди Каттахонова.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда никоҳ ёшини бир йилга камайтиришга фақат ҳомиладорлик ёки бола туғилган ҳолатларда рухсат бериш таклиф этилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
AllToshkentda vertikal “parkovka”lar o'rnatilmoqda
11 September