Ўзбекистонда эрта никоҳга фақат икки ҳолатда рухсат берилиши мумкин
Жамият
−
17:01 867 3 дақиқа
Ўзбекистонда никоҳ ёшини бир йилга камайтиришга фақат ҳомиладорлик ёки бола туғилган ҳолатларда рухсат бериш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда бугун, 11 сентябрь куни Сенатнинг 19-ялпи мажлисида Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова маълум қилди.
Сенатнинг 19-ялпи мажлисида Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан парламент сўрови натижалари муҳокама қилинган.
Дилноза Каттахонованинг маълум қилишича, Оила кодексининг 15-моддасига тегишли ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва ҳозирда Президент Администрациясида турибди. Унга кўра, никоҳ ёшини камайтириш учун амалдаги бошқа “узрли сабаблар” чиқариб ташланиб, фақат ҳомиладорлик ва бола туғилиши асос сифатида қолдирилади.
Қўмита раиси бунинг сабабини изоҳлар экан, Сенат ўрганишлари давомида никоҳ ёшини камайтириш учун белгиланган бошқа “узрли сабаблар” коррупциявий хавфларни юзага келтириши мумкинлиги аниқланганини таъкидлаган.
Янги тартиб жорий этилса, “Adliya+” мобил иловаси ва my.adliya.uz орқали никоҳга онлайн ариза беришда 18 ёшга тўлмаган шахсларга автоматик чеклов сақланиб қолади. Бундай шахслар фақат туман ёки шаҳар ҳокимининг никоҳ ёшини камайтириш ҳақидаги қарори киритилганидан сўнг ариза топшира олади.
Шунингдек, эрта никоҳларнинг олдини олиш мақсадида жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда. Хусусан, биринчи марта вояга етмаганлар билан никоҳ қуришни тарғиб қилганлик учун БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима қўллаш белгиланмоқда.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида хотин-қизлар фаоллари хабарлари асосида 348 та эрта никоҳнинг олди олинган.
Мажлисда никоҳдан ажралишлар масаласига ҳам эътибор қаратилган. Дилноза Каттахонова ажримларга сабаб бўлаётган асосий омиллар сифатида ўзаро ишончсизлик, бир-бирини тушунмаслик, моддий етишмовчилик ва учинчи шахснинг аралашувини келтирган.
“Шу ажрим масаласини алоҳида таҳлил қилганимизда, бизда иккита асосий сабаблар шаклланяпти. Биринчиси, бу судларга бўлган мурожаатларда 54 фоиз сабаблар орасида умуман асосли бўлмаган, яъни характери бир-бирига тўғри келмаслик ёки ўзаро ишончсизлик, оилага тайёр эмаслиги деган важлар келтирилмоқда. Демак, буларни бир-бирига қўшганда 60 фоиздан ошиқ сабаб сифатида кўрсатиляпти, яъни булар билан бемалол “маҳалла еттилиги” ишлаб, бу сабабларни бартараф этиш имконига эга. Ижтимоий фикр ўтказган тадқиқотда ҳам ажримларнинг сабаблари сифатида сўровномадан ўтганларнинг 50 фоизида ўзаро ишончсизлик, 46 фоизида бир-бирини тушунмаслик, 34 фоизида моддий етишмовчилик ва 29 фоизда учинчи шахс аралашуви сифатида сабаблар келтириляпти”, дейди Каттахонова.
Шу билан бирга, жорий йилнинг биринчи ярмида никоҳдан ажратишга доир 2 666 та ишда тарафлар яраштирилган. Бироқ шу даврда оилавий низолар бўйича атиги 151 та медиатив келишув тузилган.
Қўмита раиси келгусида оилалар билан ишлаш оммавий тадбирлардан манзилли ва натижага йўналтирилган тизимга ўтказилишини айтган. Унинг таъкидлашича, низоли оилаларни судга ажрим беришидан олдин, маҳаллада дастлабки хавф белгилари пайдо бўлган босқичда аниқлаш ва улар билан ишлаш тизими кучайтирилади.
Шунингдек, ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаолларини медиатор сифатида тайёрлаш режалаштирилмоқда.
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда эрта никоҳ ва 16 ёшга тўлмаган қизларнинг ҳомиладорлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси