Австралия хорижлик талабаларга оиласини олиб келишни чекламоқчи

World

image

Австралия хорижлик талабаларга ўқиш даврида турмуш ўртоғи, ҳамкори ва фарзандларини мамлакатга олиб келишни тақиқлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ABC News канали манбаларини келтирмаган ҳолда хабар берди.

Шунингдек, вақтинчалик мигрантларнинг визаларини ўзгартириш қоидалари ҳам кучайтирилади. Бу чоралар миграция сиёсатига киритилаётган ўзгаришлар доирасида амалга оширилиши кутилмоқда.

Австралия Ички ишлар вазири Тони Бёркнинг бугун, 17 сентябрь куни Миллий матбуот клубида сўзлайдиган нутқида 2028 йилга бориб мамлакатга келадиган соф хорижий мигрантлар сонини ҳозирги қарийб 300 мингдан 225 минг нафаргача камайтириш режасини маълум қилиши кутилмоқда.

Ҳозирги қоидаларга кўра, халқаро талабаларнинг турмуш ўртоғи ёки ҳамкори Австралияда ишлаши мумкин. Уларнинг ишлаш соати талаба ўқиётган курсга қараб белгиланади. Талабалар, шунингдек, 18 ёшга тўлмаган қарамоғидаги фарзандларини ҳам мамлакатга олиб келиши мумкин.

Ҳукуматнинг янги чоралари One Nation партияси вақтинчалик мигрантлар сонини уч йил ичида 750 минг нафарга қисқартиришни таклиф қилганидан кейин эълон қилинмоқда. Партия бу орқали австралияликларга “нафас олиш учун имкон” яратишни мақсад қилганини билдирган.

Австралиянинг миграция оқими асосан халқаро талабалар, саёҳат қилувчи ёшлар ва вақтинчалик малакали ишчилар ҳисобига ошган. Мамлакат 2022 йил февраль ойида коронавирус чекловлари туфайли қарийб икки йил ёпиқ турган чегараларини очганидан кейин миграция кўрсаткичлари кескин ўсган.

Бироқ сўнгги икки йилда мигрантлар оқими пасайиб бормоқда. Шу билан бирга, танқидчилар мигрантлар оқимининг кўпайиши уй-жой ва инфратузилмага босимни кучайтиргани ҳамда жамиятдаги ижтимоий бирликка салбий таъсир кўрсатганини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп маъмурияти АҚШ университетларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар учун айрим амалиётларга рухсат беришни чеклашни режалаштираётгани хабар қилинганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends