Арманистон КХШТда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилинди
World
−
21:07 684 2 minutes
Бугун, 11 ноябрь куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо мамлакатлар етакчилари Москвадаги саммитда Арманистонни овоз бериш ва ташкилотдаги масъул лавозимларга ўз вакилларини кўрсатиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида қарор қабул қилди. КХШТ Уставининг 25-моддасини қўллаш тўғрисидаги қарор учрашув давомида тасдиқланди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Қайд этилишича, Коллектив хавфсизлик кенгаши “Арманистон Республикасига нисбатан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Уставининг 25-моддасини қўллаш тўғрисида” қарор қабул қилган.
25-модда “икки йил давомида ташкилот бюджети олдидаги қарздорликни узиш бўйича мажбуриятлар” бажарилмаган тақдирда “фуқароларни ташкилот доирасидаги квоталанадиган лавозимларга кўрсатиш ҳуқуқини вақтинча тўхтатиб туриш, шунингдек овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида” қарор қабул қилишни назарда тутади.
Уставга кўра, Арманистон “қарздорлик тўлиқ узилган” тақдирда КХШТдаги ўз ҳуқуқларини қайтариб олиши мумкин бўлади.
“Бу мавзу кўтарилди ва қарор қабул қилинди. Арманистон бир неча йилдан бери ўз мажбуриятларини бажармагани сабабли, ташкилот уставига амал қилган ҳолда, Арманистонни овоз бериш ҳуқуқидан, шунингдек КХШТдаги масъул лавозимларга ўз вакилларини тайинлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклиф этилди ва шундай қарорга келинди”, дейди Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков “Life” журналисти Александр Юнашевга берган изоҳида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ташкилотдаги аъзоликни тўхтатиб қўйиш ниятида эканини бир неча бор билдирган. КХШТ бюджетига пул ажратишни тўхтатган Арманистон, шу билан бирга, ташкилотдан чиқиш ёки, аксинча, ундаги фаолиятини қайта тиклаш бўйича ҳеч қандай фаол ҳаракатларни амалга оширмади.
Live
All