Аргентиналик мухлислар терма жамоанинг ғалабаси учун турли иримлардан фойдаланмоқда
Sport
−
08 June 1529 2 minutes
Аргентиналик футбол мухлислари миллий терма жамоанинг ғалабаси учун ўйинлар олдидан ўзига хос иримларга амал қилишини маълум қилди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Футбол аргентиналиклар учун энг катта иштиёқлардан бири ҳисобланади. Шу боис мухлислар қўшни қитъада старт оладиган мундиалга алоҳида тайёргарлик кўрмоқда.
Буэнос-Айреслик Лауранинг айтишича, улар ҳар бир ўйин пайтида онасини ўз хонасида қолдиради.
“Биз онамизни хонасига қамаб қўямиз ва ўйинни кўришига қўймаймиз, чунки у баҳсни бузиб қўйиши мумкин деб ўйлаймиз. Унинг кўзи тегади, дейишади. Лекин онам бундан хафа эмас, аксинча биздан бироз дам олади”, дейди у.
Баъзи аргентиналиклар миллий терма жамоа ўйинларини доим бир хил жойда – муайян диван ёки креслода томоша қилади. Бошқалар эса, ўйин давомида фақат маълум таомлар истеъмол қилиб, маълум ичимликларни ичади.
Мели исмли мухлиснинг сўзларига кўра, унинг отаси ҳар бир ўйин олдидан бир хил футболкани ювиб, айнан шу кийимда терма жамоани қўллаб-қувватлайди.
“Отам ҳар бир ўйиндан олдин бир хил футболкасини ювади ва уни кийиб олади. Бу йиллар давомида ўзгармаган”, дейди у.
Алехандро эса, дўстининг ҳар бир ўйин олдидан бир хил кўчадан юриши, чипс ва пиво учун фақат битта дўконга кириши ҳамда уйга қайтгач, доимги одатларини такрорлашини айтди.
Карлоснинг акаси эса, бир гал Аргентина ғалаба қозонган ўйинни ноқулай ҳолатда ўтириб томоша қилган. Шундан кейин у ҳар бир учрашувда айнан ўша ҳолатни сақлашга ҳаракат қилади.
Лионел исмли мухлис эса, 2022 йилги жаҳон чемпионатидаги Нидерландияга қарши чорак финал баҳсини эслади.
“Ўша ўйинда ҳисоб тенглашгач ва баҳс пенальтилар сериясига яқинлашганда қиз дўстим ҳаяжондан чидай олмай, итни сайр қилдириш учун ташқарига чиқиб кетганди. Аргентина пенальтилар сериясида ғалаба қозонди. Францияга қарши финалда ҳам уни ҳатто пенальтилар вақтида уйдан чиқариб юбордим. Энди бу чемпионатда ҳам пенальти бўлса, яна итни сайр қилдириши кераклигини айтдим”, дейди у.
Live
All