Араб коалицияси ҳусийларга қарши операция бошлади
World
−
19:52 632 3 minutes
Яманнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматини қўллаб-қувватловчи Саудия Арабистони бошчилигидаги Араб коалицияси Эрон томонидан дастакланаётган ҳамда Саудия Арабистони ва Яман учун таҳдид солаётган ҳусийлар объектларига қарши кенг кўламли операция бошланганини эълон қилди. Операция доирасида Ҳодейда портига зарба берилди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Коалиция вакили, бригада генерали Туркий ал-Маликий X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилган баёнотида ҳам Саудия Арабистонидаги, ҳам Ямандаги тинч аҳолига хавф туғдираётган ҳусийлар объектларини йўқ қилиш бўйича операция бошланганини билдирган.
Унинг сўзларига кўра, операция давомида ҳусийлар томонидан ҳарбий мақсадларда фойдаланилаётган муҳим объектларни ишдан чиқариш режалаштирилган. Ал-Маликий Қизил денгиз соҳилида жойлашган Ҳодейда портига зарба берилганини маълум қилган.
“Биз Ҳодейда порти орқали қурол-яроғ ва баллистик ракеталар контрабандаси ҳамда ташилишига хизмат қилувчи оператив объектга зарба бердик”, дейди у.
Коалициянинг Ямандаги операцияси кўлами ҳақида гапирар экан, ал-Маликий ҳусийлар назорати остидаги пойтахт Сано шаҳрида, шунингдек, Саада ва Таиз вилоятларида уларнинг ҳарбий объектлари ҳамда баллистик ракеталар соҳасидаги салоҳиятини йўқ қилиш бўйича ҳаракатлар давом этаётганини таъкидлаган.
Ал-Маликий, шунингдек, пойтахт Санода ҳусийларнинг баллистик ракеталар ва учувчисиз учиш аппаратлари билан боғлиқ объектларга авиазарбалар берилганини хабар қилган.
“Зарбалар натижасида ҳусийларнинг еттита ҳарбий объекти йўқ қилинди. Улар дронлар ва ракеталарни йиғиш учун фойдаланган олтита устахонани бартараф этдик. Бундан ташқари, Санода ҳусийлар террорчилик гуруҳининг асосий таъминот омборларидан бири йўқ қилинди”, дея баёнот берди коалиция вакили.
Бунга жавобан ҳусийларнинг ҳарбий вакили Яҳё Сари агар Саудия Арабистони Ҳодейда портига ҳужум қилса, улар Жидда порти ва Қизил денгиз соҳилидаги Саудиянинг бошқа портларига зарба беришлари билан таҳдид қилган.
Ямандаги можаро
Ямандаги инқироз 2014 йил сентябрь ойида Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар пойтахт Сано ва мамлакатнинг бир қатор бошқа ҳудудлари устидан назорат ўрнатганидан сўнг кескинлашган эди.
Шундан кейин Саудия Арабистони бошчилигидаги Араб коалицияси 2015 йил март ойидан бошлаб Яманнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматига ёрдам кўрсата бошлади.
2022 йил апрель ойида сулҳ кучга кирганидан сўнг мамлакатда нисбатан тинч давр бошланди. Бироқ июль ойидан бери қайта авж олган жанговар ҳаракатлар жойлардаги кучлар мувозанатини ўзгартириб юборди.
Эрон томонидан дастакланаётган ҳусийлар ҳукумат назорати остидаги ҳудудларга ҳужумларни кучайтирди, шунингдек, баллистик ракеталар ва дронларни қўллаган ҳолда Саудия Арабистонига зарбалар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳусийлар Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги Подшоҳ Холид халқаро аэропорти ва молиявий марказга иккита баллистик ракета учиргани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All