Apple’нинг iPhone камераси учун масъул раҳбари компанияни тарк этди
Tech News
−
10:54 138 2 minutes
Apple компаниясида iPhone камераси ва суратлар иловаси учун масъул бўлган вице-президент Жон Маккормак саккиз йилдан ортиқ фаолиятидан кейин пенсияга чиқди. Унинг лавозимига ҳозирча янги раҳбар тайинланмаган, вазифалари эса бошқа менежерлар ўртасида тақсимланган. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Маккормак октябрь ойи охирида компанияни тарк этган. Apple унинг ўрнига алоҳида ворис тайинлаш ўрнига, вазифаларини амалдаги ўринбосарлари ўртасида тақсимлашга қарор қилган.
Компаниядаги қайта ташкил этиш жараёнини дастурий таъминот ишлаб чиқиш бўйича катта вице-президент Крейг Федериги назорат қилади. У дастурий алгоритмлар, Apple’нинг ўз чиплари ва оптик ускуналарни бирлаштирувчи ихтисослашган бўлинмадаги ўзгаришларга масъул бўлади.
Жон Маккормак Apple’да кamera ва суратлар иловалари, шунингдек, суратларни қайта ишлаш архитектураси ва технологияларини ишлаб чиқишга раҳбарлик қилган. Унинг жамоаси iPhone 17 туркуми учун янгиланган олд камера тизимини ишлаб чиққан. Шунингдек, iPhone 18 Pro моделларида ўзгарувчан диафрагмали камера ва профессионал созламаларга эга янги интерфейс жорий этилган.
Маълумотларга кўра, Маккормак суратларни яратиш ёки уларни сезиларли даражада ўзгартиришда генератив сунъий интеллектдан фойдаланишга қарши бўлган. У фотосуратлар ҳақиқий воқеалар ва лаҳзаларни акс эттириши керак, деб ҳисоблаган.
Бу қарашлар Apple’нинг маҳсулотлари ва суратлар иловасига сунъий интеллект воситаларини кенг жорий этиш режаларига мос келмаган. Бироқ агентлик манбалари Маккормакнинг компаниядан кетиши сунъий интеллект стратегияси бўйича келишмовчиликлар билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаган.
Ушбу ўзгаришлар смартфон камераларида генератив сунъий интеллект технологиялари кенг қўлланилаётган даврга тўғри келмоқда. Жумладан, Google ва Samsung каби рақобатчилар фойдаланувчиларга суратларни сунъий интеллект ёрдамида сезиларли даражада ўзгартириш имконини берувчи воситаларни таклиф қилмоқда.
Маълумот учун, 2026 йил сентябрь ойи охирида Apple бош директори Жон Тернус компаниядаги айрим бошқарув лавозимларини қисқартиришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, у сунъий интеллект даврида рақобатбардошликни сақлаш учун янги қурилмаларни тезроқ ишлаб чиқариш ва янги ечимларни синаб кўриш жараёнларини жадаллаштирмоқчи экани айтилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Apple компанияси тарихда илк бор сенсорли экран билан жиҳозланган MacBook Pro ноутбукларини намойиш этганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
All