20 млн долларлик камомад: Маҳмуд Усмон “Iman Invest” бўйича ҳужжатларни очиқлади (видео)
Business
−
16:53 5187 4 minutes
Аввалроқ, Ислом молиясини мувофиқлаштириш кенгаши (IFCB) “Iman Invest” билан ҳамкорликни тўлиқ тўхтатганини эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг, компания асосчиси Рустам Раҳматов кенгаш аъзоси Маҳмуд Усмоннинг даъволарини рад этди. Энди эса Маҳмуд Усмон ўзининг расмий саҳифасида янги баёнот бериб, компаниядаги молиявий тафовутлар ва инвесторлар маблағлари билан боғлиқ масалаларни очиқлади. Унинг айтишича, компаниянинг 70 млн долларлик портфелида 20 млн долларлик камомад аниқланган.
Маҳмуд Усмоннинг айтишича, “Iman Invest” фаолиятини текширган молиячилар компания ҳужжатларида 20 млн долларлик камомад борлигини қайд этган. У, шунингдек, тафтиш комиссияси тузилгани ва молиявий масалалар муҳокама қилинган ҳужжатлар Рустам Раҳматов томонидан имзоланганини билдирди. Маҳмуд Усмон ўз Telegram-каналида “Iman Halal Investments” ягона иштирокчисининг 2026 йил 1 июлдаги тафтиш комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги қарорини ҳам эълон қилди. Ҳужжатда бошқарув компаниясига операцион харажатларни қоплаш учун мунтазам равишда қарз маблағлари берилгани қайд этилган. 2026 йил 31 май ҳолатига кўра, бошқарув компаниясининг қарзи 2,97 млн долларни ташкил этган.

Шу билан бирга, ҳужжатда бошқарув компанияси харажатларини “Iman” зиммасига юклаш инвесторларга тўланадиган дивидендлар миқдорини камайтириши мумкинлиги кўрсатилган. Бу харажатлар қаторида иш ҳақи, маркетинг, скоринг ва транзакция комиссиялари келтирилган. Тафтиш материалларида 2026 йил 31 май ҳолатига “Iman”нинг BNPL портфелидаги муаммоли кредитлар миқдори 9,5 млн долларни ташкил этгани ҳам қайд қилинган. Портфелнинг тахминан 17–18 фоизини муддати ўтган қарзлар ташкил этган. Бундан ташқари, инвесторлар маблағлари тўлиқ қайтарилмасидан айрим дивидендлар тўлангани юзасидан ҳам эътирозлар билдирилган.
128 минг долларлик Mercedes-Benz S500 хариди
Тафтиш комиссияси ҳужжатларида Рустам Раҳматов фойдаланиши учун харид қилинган Mercedes-Benz S500 автомобилига оид битим ҳам танқид қилинган. Қарорда келтирилишича, 2026 йил 10 апрелда “Founders Trust ” МЧЖ ҳисобига 128 минг доллар ўтказилган. Тафтиш комиссияси ушбу маблағ автомобиль харидига сарфланганини қайд этиб, битим компания ва инвесторлар манфаатларига мувофиқ эмас, деган хулосага келган. Комиссия автомобилга оид ҳужжатларни тақдим этиш, уни сотиш ёки маблағни қайтариш орқали эҳтимолий зарарни қоплаш чораларини кўришни белгилаган. Шунингдек, Рустам Раҳматов билан 2023 йил 1 декабрда тузилган BYD Champion автомобилини муддатли тўловга олиш шартномаси бўйича тўловлар ўз вақтида амалга оширилмагани ҳам қайд этилган.
Маҳмуд Усмон ҳужжатлар билан Рустам Раҳматов шахсан танишгани ва уларни имзолаганини айтмоқда. У бир неча соат давом этган Zoom йиғилишларининг ёзувларини ҳам эълон қилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, айрим йиғилишлар тўрт, беш, ҳатто ўн соат давом этган. Материалларни Telegram, Instagram ва YouTube орқали тарқатиш режалаштирилган.
“Улуш сўрамаганман, етимхонага беришни айтганман”
Маҳмуд Усмон Рустам Раҳматовнинг компаниядан улуш талаб қилгани ҳақидаги даъволарини рад этди. Унинг таъкидлашича, аксинча, компания раҳбарига ўз улушини етимхонага беришни таклиф қилган ва уни раҳбарликдан кетишга чақирган.
“Керак эмас менга улушинг, дедим. Етимхонага бериб юбор дедим, менга улуш керак эмас, сен кетгин, одамларнинг пули сенинг қўлингда қолмасин, ўрнингга бошқа раҳбар қўйиб, йўқ бўлиб кетгин шу компаниядан дедим”, дейди Маҳмуд Усмон.
Ушбу суҳбатга Шайх Аброр Мухтор Алий ҳам гувоҳлик бериши мумкинлигини айтган Маҳмуд Усмон Рустам Раҳматовнинг ўзига нисбатан билдирган айбловлари юзасидан судга мурожаат қилиб, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ниятида эканини билдирган.
Шайх Тақий Усмонийга ҳам ҳужжатлар юборилган
Маҳмуд Усмон компания фаолиятида шубҳали деб ҳисоблаётган транзакцияларга оид ҳужжатлар прокуратура ва тегишли ташкилотларга топширилганини маълум қилди. Унинг айтишича, Рустам Раҳматов аввал Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг ўғли Шайх Ҳасан билан ҳамкорлик қилиши ҳақида гапирган, кейинчалик эса Шайх Тақий Усмонийнинг ўзи билан ишлашини билдирган.
“Биз Шайх Тақий Усмонийга ўзимизнинг хулосамизни ва унинг барча далилларини етказиб қўйганмиз”, дейди Маҳмуд Усмон ўзининг видео мурожаатида.
Унинг таъкидлашича, компания фаолияти юзасидан тайёрланган хулосалар ва далиллар араб тилида ҳам юборилган. Маҳмуд Усмон Шайх Тақий Усмонийнинг компания билан ҳамкорлик қилишига шубҳа билдирган, аммо бу масалага вақт ойдинлик киритишини айтган.
Шунингдек, у айрим воситачилар ва диний уламолар унга эҳтиёт бўлишни тавсия қилганини маълум қилди. Бироқ компания фаолиятига оид маълумотларни ошкор қилишни жамоатчилик олдидаги вазифаси деб ҳисоблашини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 25 октябрь куни Ислом молиясини мувофиқлаштириш кенгаши (IFCB) “Iman Invest” билан барча ҳамкорликни тўхтатганини эълон қилган эди. Кенгашнинг дастлабки хулосаларида инвесторлар маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ жиддий қоидабузарликлар ва бир неча миллион долларлик камомад ҳақида айтилган.
Компания асосчиси Рустам Раҳматов эса бу даъволарни рад этиб, келишмовчилик Маҳмуд Усмоннинг хизмат ҳақларини камайтириш ва компания акцияларидан улуш берилмагани билан боғлиқлигини билдирган.
Live
All