Андижонда фуқаронинг уйидан 20 кг наша топилди (видео)
Crime
−
15:39 639 3 minutes
Андижон вилоятида ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида 20 килограммдан ортиқ “марихуана”, 470 грамм “гашиш” ва 114 дона “Тропикамид” дори воситаси аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Олтинкўл туманида яшовчи, 1967 йилда туғилган фуқаронинг хонадони тезкор тадбир асосида текширилган. Унинг 20 килограммдан ортиқ “марихуана” сақлаб келаётгани аниқланган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Андижон шаҳрида ЙПХ ходимлари томонидан 1990 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги автомашина тўхтатилган. Холислар иштирокида транспорт воситаси кўздан кечирилганда, унинг салонидан 33 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси ва қарийб 1 грамм гашиш топилган.
Тезкор тадбир давомида мазкур шахс билан таниш бўлган 1991 йилда Андижон шаҳрида туғилган фуқаронинг яшаш хонадондан 26 дона, 1994 йилда туғилган шахснинг уйидан эса 55 дона “Тропикамид” аниқланган.
Шу тариқа, жами 114 дона “Тропикамид” дори воситаси ҳамда қарийб 1 грамм гашиш ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 3-қисми “в” банди ҳамда 276-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Булоқбоши туманидаги тезкор тадбирда эса Чақар маҳалласи ҳудудида ҳаракатланиб келаётган Nexia-2 русумли автомашина шубҳали кўрингани сабабли тўхтатилган. Автомобилда бўлган 1985 ва 1978 йилларда туғилган шахслар холислар иштирокида кўздан кечирилганда, 1985 йилда туғилган фуқаронинг ёнидан икки бўлакка ўралган, умумий оғирлиги 470 грамм бўлган “гашиш” топилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Андижон туманида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида эса фуқаро томорқасида 9 туп наша ўсимлигини экиб, етиштириб ва қуритиб келаётгани аниқланган. Олиб қўйилган қуритилган “марихуана” назорат тартибида ўлчанганда, унинг умумий оғирлиги 2 килограмм 214 грамм экани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 276-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида катта миқдордаги “гашиш” гиёҳвандлик моддасининг ноқонуний муомалага киритилишига чек қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All