Акмалхон Ортиқов суди ҳам ёпиқ эшиклар ортида ўтказиладиган бўлди
Crime
−
29 July 2378 2 minutes
Давлат активларини бошқариш агентлигининг собиқ раҳбари Акмалхон Ортиқов ва яна 5 кишига оид жиноят иши бўйича суд мажлиси ёпиқ ўтади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари Telegram-каналида расмий баёнот берилди.
Унда қайд этилишича, жиноят ишида шахсий ҳаётга оид ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган бошқа маълумотлар мавжудлигидан келиб чиқиб, суд ажримларига асосан, жараён ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши белгиланган.
6 йилга яқин Давлат активларини бошқариш агентлиги директори лавозимида ишлаган 46 яшар Акмалхон Ортиқов Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “в” ва “г” бандлари, айни шу модданинг 3-қисми “а” ва “в”, 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” ва “б” бандлари, 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 1-қисми, айни шу модданинг 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, ушбу иш бўйича яна 5 киши – Зиёвиддин Жаббаров, Зухриддин Ниғмонхонов, Равшан Халиткариев, Саиджон Саидов, Шерматжон Жўраев судланмоқда.
Эслатиб ўтиамиз, жорий йилнинг 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Давлат активларини бошқариш агентлигида катта тафтиш кетаётгани, миллиард-миллиард сўмлик талон-торожликлар аниқланганини айтганди. Шу боис, агентлик директори Акмалхон Ортиқов ишдан олинганини билдирганди.
Live
All