АҚШнинг Эрон урушига қанча сарфлагани ошкор қилинди
World
−
08:55 2848 4 minutes
АҚШнинг Эронга қарши олти ойдан бери давом этаётган урушига сарфланган маблағ 38 миллиард долларга етди ва бу сумма ойига яна 3 миллиард долларга ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда Конгресснинг партиявий бўлмаган бюджет идораси — CBO ўз ҳисоботида хабар берди.
CBO маълумотларига кўра, уруш 2027 йилнинг дастлабки уч ойида инфляцияни 0,5 фоизга ошириши мумкин. Ҳисоб-китоблар 1 августгача бўлган харажатларни қамраб олган.
Уруш харажатларининг ортиши АҚШнинг ўқ-дори захираларига босим ўтказиб, энергия нархларининг кўтарилишига олиб келмоқда. Бу эса мамлакатнинг бошқа эҳтимолий можароларга жавоб бериш имкониятлари ва аллақачон катта босим остида бўлган федерал бюджет билан боғлиқ хавотирларни кучайтирмоқда.
38 миллиард долларлик харажат жорий йилнинг 21 июль куни Сенатдаги эшитувда Мудофаа вазири Пит Ҳегсет маълум қилган 37,5 миллиард долларга яқин.
Бюджет идораси харажатларнинг асосий қисми ўқ-дорилар захирасининг тез камайиши билан боғлиқ эканини билдирган. CBO АҚШ захираларини тўлдириш учун беш йилгача вақт кетиши мумкинлигини баҳолаган.
2026 йил август ойида АҚШ уруши давомида узоқ масофага мўлжалланган аниқ зарба берувчи ракеталарининг деярли барчаси ишлатилгани ҳақида хабар берилган эди.
CBO маълум қилишича, АҚШ Мудофаа вазирлиги Конгресс молиявий аудиторлари билан ҳамкорлик қилмаган.
Оқ уй матбуот котиби Анна Келли Президент Дональд Трампнинг Эронга берган зарбаларини Теҳроннинг АҚШ ҳарбийлари ёки манфаатларига зарар етказишининг олдини олишга қаратилган “қатъий ҳаракат” деб атаган. Унинг айтишича, АҚШ армияси Президентнинг барча стратегик мақсадларини амалга ошириш ва ундан ҳам ортиқ вазифаларни бажариш учун етарлича ўқ-дори, қурол-яроғ ва захираларга эга.
Пентагоннинг бош матбуот котиби Шон Парнелл ҳам ўқ-дори танқислиги ҳақидаги ҳисобот хулосаларини рад этиб, армия Президент танлаган вақт ва жойда зарба бериш учун зарур бўлган барча нарсага эга эканини айтган.
Харажатларни ўрганиш Пенсильвания штати вакили, АҚШ Вакиллар палатаси Бюджет қўмитасидаги юқори лавозимли демократ Брендан Бойл сўровига кўра ўтказилган.
“Дональд Трампнинг Эрондаги ҳалокатли уруши аллақачон жасур америкалик ҳарбий хизматчиларнинг ҳаётига зомин бўлди ва бошқаларини ярадор қилди”, деган Бойл.
Унинг қўшимча қилишича, инсон ҳаётига етказилган зарардан ташқари, CBO'нинг партиявий бўлмаган ҳисоботи уруш америкалик солиқ тўловчиларга ўнлаб миллиард долларга тушгани ва харажатлар ўсишда давом этаётганини кўрсатмоқда.
Маълумот учун, Эрон урушида АҚШнинг 18 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган.
CBO ҳисоботи Ҳормуз бўғозида тижорий кемаларга қилинган сўнгги ҳужумлар ва минтақадаги АҚШ ҳарбий иншоотларига зарбалар харажатларини қамраб олмаган. Шунингдек, урушни молиялаштириш учун олинган қарзлар бўйича фоиз харажатлари ҳам ҳисобга олинмаган. Улар умумий суммага яна ўнлаб миллиард доллар қўшиши мумкин.
АҚШнинг ҳарбий тайёргарлигига таъсир
CBO ҳисоб-китобларига кўра, уруш АҚШнинг мудофаа салоҳияти ва ички иқтисодиёти учун кенг кўламли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Муҳим ўқ-дорилар, жумладан, ракеталарни тутиб қолувчи тизимлар етишмаслиги Пентагоннинг бошқа йирик можаро юзага келган тақдирда жавоб қайтариш имкониятларини чеклаши мумкин. CBO бундай эҳтимолий можаролар қаторида Хитой ва Тайвань билан боғлиқ зиддиятни ҳам тилга олган.
Ҳегсет июль ойида Сенатдаги эшитувда ўқ-дори захираларини қайта тўлдириш учун қарийб 90 миллиард доллар миқдорида фавқулодда маблағ ажратишни сўраган эди.
“Бу маблағларсиз биз жиддий танқисликларга дуч келамиз”, деганди Ҳегсет.
Пентагон бош инспектори шу ҳафта Эрон Яқин Шарқдаги АҚШ базаларида юзлаб биноларга зарар етказган ёки уларни вайрон қилгани, шунингдек, қирувчи самолётлар, ёқилғи қуйиш самолётлари ва дронларга зарар етказгани ҳақида маълум қилди.
Инспектор ҳисоботига кўра, 19 июнь ҳолатида уруш харажатлари 33,4 миллиард доллар бўлган. Бу сумма Эрон зарбалари оқибатида АҚШ дипломатик объектларига етказилган қарийб 184 миллион долларлик зарарни ҳам ўз ичига олган.
Қайд этиш керакки, Ҳормуз бўғозидаги ҳужумлар ва қўшни Форс кўрфази давлатларидаги энергетика объектларига зарбалар оқибатида юзага келган энергетика инқирози истеъмолчилар ва жаҳон ишлаб чиқарувчилари учун нархларни кескин оширди. Уруш бошланишидан олдин жаҳон нефтининг қарийб 20 фоизи ушбу тор сув йўли орқали ташилган.
Уруш харажатларининг ортиши АҚШнинг ёмонлашаётган молиявий ҳолатига ҳам босим ўтказиши мумкин. Мамлакатнинг умумий давлат қарзи жорий йил август ойида 40 триллион доллардан ошганди.
Трамп Эрон уруши билан 2001 йил 11 сентябрь ҳужумларидан кейин АҚШнинг Ироқ ва Афғонистонга босқинларини мунтазам таққослаб келади.
“Reuters” маълумотларига кўра, АҚШнинг Ироқдаги саккиз йиллик уруши, энг авж нуқтасида 100 мингдан ортиқ қуруқлик қўшинлари иштирок этган бўлиб, 2 триллион долларга тушган.
Brown University’нинг Costs of War лойиҳаси ҳисоб-китобларига кўра, қарийб 20 йил давом этган Афғонистон уруши ҳам энг фаол даврида 100 мингдан ортиқ ҳарбий иштирок этган ва АҚШга 2,3 триллион долларга тушган.
Live
AllRonaldu “Al-Nasr” klubini sotib olmoqchi
15 September