АҚШда самолёт қулаши оқибатида уч киши ҳалок бўлди

World

−

image

АҚШнинг Аризона штатида, “Катта Каньон” миллий боғининг шимолий чеккаси яқинида бир двигателли самолёт ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида бортдаги уч кишининг барчаси ҳалок бўлди. Бу ҳақда АҚШ Миллий боғлар хизмати матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Piper Comanche русумли, тўрт ўринга мўлжалланган самолёт ва унинг парчалари кеча, 16 ноябрь куни соат 10:15 атрофида Каньоннинг шимолий чеккасидаги Басин ҳудудидан топилган. Хизмат хабарида тирик қолганлар йўқлиги айтилган.

Самолёт бортида уч киши бўлган. Унинг йўқолгани ҳақида жорий йилнинг 15 ноябрь куни соат 23:30 атрофида маълум бўлган. Ҳаво кемасининг охирги қайд этилган жойи ҳам Басин ҳудуди бўлган.

Қидирув-қутқарув ишларида Аризона жамоат хавфсизлиги департаменти, Коконино ва Кейн округларининг қидирув-қутқарув хизматлари ҳамда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг қутқарув операцияларини мувофиқлаштириш маркази иштирок этган. Самолётни ҳаводан қидиришда иссиқлик тасвирлагичлар ва тунги кўриш ускуналаридан фойдаланилган.

Қайд этилишича, ҳалокат сабабларини АҚШ Транспорт хавфсизлиги миллий кенгаши Миллий боғлар хизмати кўмагида ўрганмоқда. Ҳалок бўлганларнинг шахси ҳозирча ошкор этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Флорида штатидаги Палм-Бич округида хусусий самолёт турар жойлар жойлашган ҳудудга қулаган эди. Оқибатда бортдаги 9 кишининг барчаси ҳалок бўлган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends