АҚШ Россия ва Украина билан нимани муҳокама қилгани айтилди
World
−
11:20 1939 2 minutes
АҚШ Президентининг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Россия ва Украина билан куз-қиш мавсуми арафасида ҳамда қиш давомида кескинликни пасайтириш бўйича эҳтимолий чораларни муҳокама қилган. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский “Axios” нашрига маълум қилди.
Унинг айтишича, Уиткофф ва Кушнернинг мақсадларидан бири Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокараларини қайта йўлга қўйиш бўлган. Яна бир мақсад эса Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига ҳужумлари кучайган аввалги қишлардан фарқли равишда, келаётган қиш мавсумини имкон қадар тинчроқ ўтказишга эришиш бўлган.
Зеленский Россия аввалги йиллардаги каби куз-қиш мавсумида Украина энергетика тизимига фаол ҳужум қилишни режалаштираётганига ишонишини билдирди. Шу билан бирга, у Владимир Путин Дональд Трампни “ранжитишни истамаслиги” ва музокараларни илгари суриш бўйича таклифларни “муҳокама қилишга тайёр” деб ҳисоблайди.
Аввалроқ, Киевда қишда электр энергияси узоқ вақтга ўчиб қолиши ва бошқа фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш мақсадида озиқ-овқат ҳамда ичимлик суви захираларини шакллантирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер жорий йилнинг 5 сентябрь куни Москвага бориб, Россия Президенти Владимир Путин билан 3 соат музокара ўтказган эди. 6 сентябрь куни эса Украина Президенти билан музокаралар учун Киевга борган.
Live
All