АҚШ Халқаро жиноий судга қарши санкциялар жорий этди
World
−
21:45 594 2 minutes
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Халқаро жиноий судга (ХЖС) қарши санкциялар киритди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашр АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг баёнотидан иқтибос келтирди.
“Президент Трамп ҳеч қачон Халқаро жиноий судга америкаликларни таъқиб қилишга йўл қўймайди. Айнан шу сабабли бугун Қўшма Штатлар унга қарши санкциялар жорий этмоқда. Биз ушбу ноқонуний судни ресурслардан маҳрум қилиб ва унинг фаолият юритиш қобилиятини фалажлаб, у билан амалга ошириладиган операцияларни тақиқлаймиз”, дейди у.
Ушбу қарор ХЖСнинг собиқ судьяси Наванетхем Пиллэй Нобель тинчлик мукофотини қўлга киритганидан бир неча соат ўтиб қабул қилинди. Жанубий африкалик судья ва ҳуқуқшунос ушбу мукофотга “тинчлик ва халқаро ҳуқуқ манфаатлари йўлидаги меҳнати учун” сазовор бўлган эди.
Нобель қўмитаси унинг меҳнат йўли “фаолиятининг илк босқичида Нельсон Мандела ва апартҳейднинг бошқа рақибларини ҳимоя қилишдан тортиб, даврнинг бир қатор асосий халқаро жараёнларида судья бўлиб ишлашгача” бўлган даврни қамраб олган.
ХЖС прокурори ўринбосари Нажат Шамим Хон Вашингтоннинг қарорини қоралаган ва бу трибунал ишини тўхтата олмаслигини маълум қилган.
“Ушбу санкциялар халқаро даражадаги ҳуқуқ устуворлигига ва мустақил суд органи томонидан олиб борилаётган ишга путур етказишга қаратилган. Бизнинг ишимиз барча ишлар, барча терговларимиз ва суд таъқибларимиз доирасида давом этаверади” , дейди у.
АҚШ ХЖС фаолиятини белгиловчи Рим статутини ратификация қилмаган ва унинг аъзоси ҳисобланмайди. Улар, айниқса, изроиллик мулозимлар, жумладан, Бош вазир Биньямин Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берилганидан сўнг, шунингдек, Афғонистондаги америкалик аскарларга нисбатан кейинчалик ёпилган тергов муносабати билан бир неча бор ўз норозилигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро жиноий суд Афғонистондаги вазият бўйича жиноят иши доирасида “Толибон” муваққат ҳукуматининг тўрт нафар юқори мартабали вакилини ҳибсга олишга берилган ордерлардан махфийлик муҳрини олиб ташлагани ва уларни эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All