АҚШ Эроннинг ракета учириш майдонига зарба берди
World
−
09:42 296 2 minutes
АҚШ ҳарбий самолётлари Эроннинг Қешм оролидаги ракета учириш майдонига зарба берди. АҚШ ҳарбийлари буни Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг америкалик ҳарбий хизматчилар ва объектларга қарши ҳаракатларига жавобан амалга оширилган “ўзини ҳимоя қилиш“ зарбаси деб изоҳлади. Бу ҳақда АҚШ ҳарбий расмийси CNN’га маълум қилди.
АҚШ ҳарбий расмийсининг CNN’га маълум қилишича, кеча, 17 ноябрь куни амалга оширилган ҳужумда юқори аниқликдаги қуроллардан фойдаланилган. Унинг айтишича, АҚШ Марказий қўмондонлиги минтақадаги америкаликларни ҳимоя қилиш учун юқори шай ҳолатда турибди.
Шунингдек, Эрон давлат ОАВлари Қешм оролидаги шаҳарлардан бирининг чеккасида жойлашган ҳудуд “душман ҳужуми“га учраганини хабар қилган. Ҳормозгон вилояти губернаторининг сиёсий ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Аҳмад Нафисининг билдиришича, зарба ҳаётий муҳим инфратузилма объектлари, савдо ва турар жойларга зарар етказмаган.
Шу билан бирга, бугун, 18 ноябрь куни эрта тонгда Қувайт ҳарбийлари ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари душман дронлари ҳужумларига жавоб қайтараётганини маълум қилган. Ҳозирча дронлар қаердан учирилгани, нишони ва ҳужум оқибатлари ҳақида маълумот берилмаган.
Айни пайтда АҚШнинг учинчи авианосецли зарба гуруҳи Марказий қўмондонлик масъулият ҳудудига кирган. У Эрон портлари блокадасини таъминлаш ва Ҳурмуз бўғози орқали ўтадиган савдо кемаларини кузатиб бориш операцияларига қўшилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Баҳрайндаги АҚШ ҳарбий базасига олтита дрон учирган эди.
Live
All