“Ақл бовар қилмас”: 6 ойда 450 мингдан ортиқ одам иссиқдан қирилиб кетиши мумкин

World

image

Кучли Эль-Ниньо сабабли келгуси олти ойда дунё бўйлаб 450 мингдан ортиқ одам иссиқ туфайли вафот этиши мумкин. Олимлар ҳодиса ҳали ўзининг энг юқори чўққисига чиқмаганини, шунга қарамай, ҳарорат Эль-Ниньо даврида қайд этилган энг юқори кўрсаткичдан ошиб кетганини айтмоқда. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Иқлимшуносларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йил сентябридан 2027 йил февралигача давом этадиган даврда Эль-Ниньо туфайли юзага келадиган қўшимча иссиқ 451 минг кишининг ўлимига олиб келиши мумкин.

Энг кўп зарар кўриши мумкин бўлган давлатлар қаторига Нигерия, Индонезия, Судан, Ҳиндистон ва Бразилия киради. АҚШ ҳам энг кўп таъсирланадиган 20 та давлат қаторида бўлиб, у ерда қўшимча 3,5 мингга яқин одам иссиқ туфайли вафот этиши прогноз қилинмоқда. Африканинг Саҳел минтақаси ва Жануби-Шарқий Осиё ҳам кучли таъсир остида қолиши кутилмоқда.

Эль-Ниньо нафақат иссиқни кучайтиради. У қурғоқчилик, ўрмон ёнғинлари ва сув тошқинларини ҳам келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли ушбу ҳодиса оқибатида иссиқдан ташқари бошқа сабаблар билан ҳам қўшимча ўлимлар юз бериши мумкин.

Олимлар иссиқ туфайли юз бериши мумкин бўлган ўлимларни ҳудудлар кесимида ҳисоблаган. Уларнинг таъкидлашича, бундай прогнозлар одамларни ҳимоя қилиш чораларини олдиндан кўриш имконини беради. Бунинг учун иссиқ ҳаво бўйича аниқроқ прогнозлар бериш, одамлар жазирамада паноҳ бўлиши мумкин бўлган салқин марказлар ташкил этиш, энг иссиқ пайтларда тиббиёт муассасаларида ходимлар сонини ошириш ва очиқ ҳавода ишлайдиганларни ҳимоя қилиш таклиф этилмоқда.

Ҳозирги Эль-Ниньо жорий йилнинг 21 сентябрь куни ушбу ҳодиса бўйича қайд этилган энг юқори ҳарорат кўрсаткичидан ошиб кетган. Ҳароратнинг кескин ошиши аввалги Эль-Ниньо ҳодисаларига нисбатан шу қадар юқорики, айрим олимлар уни “ақл бовар қилмас” ва “Годзилла даражасидаги” ҳодиса деб атамоқда.

Эль-Ниньо табиий иқлим ҳодисаси бўлса-да, глобал исиш унинг таъсирини кучайтириши мумкин.

“451 минг киши деган рақам шу қадар каттаки, у одамни карахт қилиб қўйиши мумкин. Аммо бу рақам ота-оналар ва болалар, бобо-бувилар ва қўшнилар, ишга бораётган, оиласига ғамхўрлик қилаётган ва ўз ҳаётини яшаётган одамлардан иборат”, деган ҳисобот ҳаммуаллифи, Чикаго университети профессори ва Climate Impact Lab ташкилоти ҳаммуассиси Майкл Гринстоун.

Прогноз 2027 йил февралигача бўлган даврни қамраб олади. Чунки ҳозирги ҳарорат прогнозлари шу муддатгача тузилган. Бироқ иссиқ туфайли ўлимларнинг юқори даражаси 2027 йил июнь ёки июль ойигача давом этиши кутилмоқда.

Тадқиқотчилар Эль-Ниньони “келажагимиздан юборилган откритка” деб атаган. Уларнинг фикрича, ҳозирги ҳодиса ҳароратни иқлим инқирози тахминан 20 йилдан кейин олиб келиши кутилaётган даражага кўтармоқда.

“Фавқулодда вазиятларга жавоб чораларини кучайтириш ва саъй-ҳаракатларимизни аниқроқ йўналтириш орқали бу йил кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Аммо 20 йилдан кейин бугунги экстремал ҳароратлар одатий ҳолга айланганда, биз доимий фавқулодда вазиятда яшашни истамаймиз. Келажакда инсонлар ҳаётини сақлаб қоладиган воситаларни яратиш, жорий этиш ва синовдан ўтказиш учун ҳозирданоқ ҳаракат қилишимиз керак”, деган ҳисобот ҳаммуаллифи, Калифорния университети профессори Тамма Карлтон.

Прогнозлар бутун дунё бўйлаб 24 378 та ҳудудда ҳарорат ва иссиқ туфайли қўшимча ўлимлар ўртасидаги ойма-ой боғлиқликни ўрганган илмий усуллар асосида ишлаб чиқилган. Кейин бу маълумотлар келгуси ойларда Эль-Ниньо сабабли ҳароратнинг ошиши ҳақидаги прогнозлар билан бирлаштирилган. Ҳисоб-китобларда 1996–2025 йиллардаги ўртача ойлик иссиқ туфайли ўлимлар сони асос қилиб олинган.

Гринстоуннинг айтишича, илгари олимлар экинларга таъсир қилиши мумкин бўлган зарбаларни олдиндан прогноз қилиб, бу ҳақда огоҳлантириш берган. Янги ҳисобот эса худди шундай усул ёрдамида инсон ўлимини ҳам олдиндан баҳолаш имконини бермоқда.

Ҳисобот илмий журналга экспертлар кўригидан ўтказиш учун тақдим этилади. Бироқ Гринстоун вазиятнинг долзарблиги сабабли тадқиқотни эълон қилишни кутиб ўтириш масъулиятсизлик бўлишини айтган.

Эль-Ниньо озиқ-овқат таъминотига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Жаҳон озиқ-овқат дастури август ойида Эль-Ниньо оқибатлари қарийб 50 миллион кишини ўткир очлик ҳолатига тушириши ва озиқ-овқат нархларини ошириши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

1877–1878 йиллардаги йирик Эль-Ниньо ҳодисаси қурғоқчилик ва очарчилик туфайли 50 миллиондан ортиқ одамнинг ўлимига олиб келган. Ўша пайтда Ҳиндистон, Бразилия ва Хитой энг катта зарар кўрган.

Лондон Империал коллежи профессори Фридерика Отто ҳозирги Эль-Ниньо иқлим тизимидаги энергиянинг катта миқёсда қайта тақсимланиши эканини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ҳодиса инсон фаолияти таъсирида аллақачон исиб кетган иқлим шароитида юз бераётгани учун хавфли.

“Дунёнинг кўплаб ҳудудларида илгари кузатилмаган даражадаги экстремал иссиқ ва унинг соғлиқ, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда сув танқислигига таъсирини кўрамиз. Эль-Ниньо келади ва кетади, бироқ қазиб олинадиган ёнилғиларни ёқишда давом этар эканмиз, у тобора иссиқроқ шароитда юз беради. Бу эса жамоаларнинг унинг оқибатлари билан курашишини янада қийинлаштиради”, деган Отто.

Маълумот учун, Эль-Ниньо – Тинч океанининг марказий ва шарқий қисмларида ер усти сувларининг меъёрдан ортиқ исиши билан боғлиқ бўлган иқлим ҳодисаси бўлиб, дунёнинг турли минтақаларидаги об-ҳаво шароитларига сезиларли таъсир кўрсатади. Одатда, ушбу ҳодиса ҳар икки йилдан етти йилгача бўлган давр оралиғида кузатилади ва тўққиз ойдан ўн икки ойгача давом этади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends