Тошкентда трансформатордаги туташув оқибатида одам ёниб кетди (видео)
Crime
−
13:54 3375 2 minutes
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги трансформатор пунктида таъмирлаш ишлари вақтида одам кийимлари билан бирга ёнаётгани акс этган видео тарқалди. Ушбу ҳодиса “Parkwood” турар жой мажмуасида содир бўлгани, шунингдек, таъмирлаш ишларини олиб борган шахс электр таъминоти корхонаси ходими эмаслиги маълум бўлди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги муносабат билдирди.
Вазирликнинг маълум қилишича, Нукус кўчасида жойлашган трансформатор пунктидаги ҳолат “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” ҳудудий филиали мутахассислари ҳамда Ўзэнергоинспекциянинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганилган.
Ўрганишлар натижасида трансформатор пункти истеъмолчининг балансида экани, яъни “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” ҳудудий филиали ва Миробод туман электр таъминоти корхонасига тегишли эмаслиги аниқланган.
Қайд этилишича, ҳодиса трансформатор пунктида таъмирлаш ишлари олиб борилаётган вақтда фазалараро қисқа туташув юзага келиши оқибатида содир бўлган. Таъмирлаш ишларини олиб борган шахс Миробод туман электр таъминоти корхонаси ходими ҳисобланмайди.
Энергетика вазирлиги ҳодисани “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” ҳудудий филиали фаолияти билан боғловчи хабарлар ҳақиқатга мос эмаслигини билдирган. Шунингдек, электр қурилмаларида таъмирлаш ишларини хавфсизлик талаблари ва қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда бажариш зарурлигини эслатган.
Вазирликнинг расмий муносабатида видеода акс этган шахснинг кимлиги, унинг фуқаро ёки қайси ташкилот ходими экани, шунингдек, ҳозирги аҳволи ва жароҳат олган-олмагани ҳақида маълумот берилмаган.
Live
All26 October
26 October