Афғонистонда “опий” ишлаб чиқариш беш баробарга кўпайди – БМТ
World
−
11:07 668 2 minutes
Афғонистонда жорий йилда “опий” кўкнори етиштириш учун ажратилган майдонлар 325 фоизга кенгайиб, 43,3 минг гектарга етди. Бу ҳақда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) ҳисоботида маълум қилинди.
Ҳисоботга кўра, 2025 йилда мамлакатда кўкнори экилган майдонлар қарийб 10,2 минг гектарни ташкил этган. Жорий йилда эса бу кўрсаткич кескин ошган. Шунга қарамай, экин майдонлари “Толибон” ҳокимиятга келишидан олдинги давр билан солиштирганда анча кам. Ўша пайтда кўкнори 200 минг гектардан ортиқ ерда етиштирилган
UNODC баҳолашича, жорий йилда Афғонистонда опий ишлаб чиқариш ҳажми ҳам қарийб беш баробарга ошиб, 1 466 тоннага етган. 2025 йилда бу кўрсаткич 296 тонна бўлган. Бунга экин майдонларининг кенгайиши, ёғингарчиликнинг кўпайиши ва сув таъминотининг яхшиланиши сабаб бўлган.
Кўкнори етиштириш мамлакатнинг 34 вилоятидан 16 тасида аниқланган. Энг катта ўсиш мамлакат шимоли-шарқидаги Бадахшон вилоятида кузатилган. У ерда экин майдонлари бир йил ичида 6,6 минг гектардан қарийб 29,5 минг гектарга етган. Тохар вилоятида эса кўкнори экилган ерлар 274 гектардан 3,4 минг гектаргача кенгайган.
Қайд этилишича, Афғонистон шимоли-шарқидаги вилоятлар мамлакатдаги жами кўкнори экин майдонларининг 76 фоизини эгаллаган. Шу тариқа, аввал “опий” ишлаб чиқаришнинг асосий маркази бўлган жанубий ҳудудлар ўрнини шимоли-шарқий вилоятлар эгаллаган.
UNODC фермерлар кўкнори экинларини йўқ қилишга қаратилган чоралардан қочиш учун уларни бошқа экинлар орасига ёки девор билан ўралган ҳудудларга экаётганини ҳам аниқлаган. Хусусан, Ҳилманд вилоятида кўкнори майдонларининг 90 фоиздан ортиғи шу усуллардан бири орқали яширилган.
Шунингдек, май ва июнь ойларида Бадахшонда кўкнори экинларини йўқ қилиш бўйича ўтказилган амалиётлар маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлган. Намойишчилар ва «Толибон» хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувларда бир неча киши ҳалок бўлган ва жароҳатланган.
Маълумотларга кўра, 2026 йилда Афғонистондаги опий савдоси мамлакат ичидаги савдогарларга тахминан 525 миллион доллар даромад келтирган. Бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 2,7 фоизига тенг.
Маълумот учун, “Толибон” 2022 йил апрель ойида мамлакатда кўкнори етиштириш ва гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқаришни тақиқлаган эди. Ушбу тақиқдан кейин 2023 йилдан бошлаб экин майдонлари кескин қисқарган. Бироқ UNODC янги кўрсаткичлар тақиқнинг самарадорлиги сусайиши мумкинлигини билдираётганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда тўйлар ва бошқа байрам тадбирларида одамларнинг осойишталигини бузувчи воситалардан фойдаланиш, яъни мушакбозлик қилиш тақиқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All27 October