Афғонистонда кучли ёмғир ортидан сув тошқинлари бўлди. Қурбонлар бор (видео)

World

image

Афғонистоннинг шарқидаги Нуристон вилоятида юз берган кучли сув тошқинлари оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди ҳамда 100 нафардан ортиқ одам бедарак йўқолди. Бу ҳақда “Amu TV” хабар берди.

Қайд этилишича, табиий офат кеча, 20 июль куни кечқурун вилоят маркази Парун шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда содир бўлган. Кучли ёғингарчилик оқибатида юзага келган сув тошқинлари камида 80 кишининг жароҳатланишига ҳам сабаб бўлган.

Толибон ҳукуматининг Табиий офатларни бошқариш миллий бошқармаси вакили Юсуф Ҳамаднинг айтишича, ҳозирча дастлабки рақамлар эълон қилинган бўлиб, кейинчалик қурбонлар сони ўзгариши ёҳуд ортиши мумкин.

Таъкидланишича, айрим ҳудудларда кучли ёмғир олти соатгача давом этган. Оқибатда кўплаб уй-жойлар ва бошқа объектларга зарар етган. Ҳозирча уйлар, йўллар ва бошқа инфратузилмага етказилган зарар кўлами расман очиқланмаган. Шунингдек, қанча одам хавфсиз ҳудудларга кўчирилгани ёки табиий офат ҳудудида қолиб кетгани ҳам номаълум.

Маълум қилинишича, қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Табиий офатларни бошқариш миллий бошқармаси мутахассислари зарар кўрган ҳудудларда баҳолаш ишларини олиб бормоқда.

Маълумот учун, Афғонистон ҳар йили мавсумий кучли ёғингарчиликлар туфайли юзага келадиган сув тошқинларидан жиддий зарар кўради. Мамлакатдаги заиф инфратузилма ва фавқулодда вазиятларга жавоб бериш имкониятларининг чеклангани бундай офатлар оқибатларини янада оғирлаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг шимолий ва шимоли-шарқий ҳудудларида кучли ёғингарчилик оқибатида юзага келган сув тошқинлари ва кўчкилар сабаб камида 25 киши ҳалок бўлган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends