Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш учун алоҳида компания ташкил этилади

Local

image

Ўзбекистонда аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш учун алоҳида масъулияти чекланган жамият ташкил этилади. Бу ҳақда бугун, 7 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш юзасидан таклифлар тақдимотида сўз боради.

Қайд этилишича, аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизимини қайта ташкил этиш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” таъсисчилигида “LPG-Trade” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Ушбу тузилма суюлтирилган газни биржа орқали харид қилиб, белгиланган тартибда одамларга етказиб бериш билан шуғулланади.

Шу боис, суюлтирилган газнинг чакана нархини белгилашда иқтисодий асосланган механизмларнинг самарали ишлаши таъминланади. Бунда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга харид қилинган суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун компенсация тўланиши белгиланади.

Бу орқали нарх сиёсати босқичма-босқич тартибга солиниб, эҳтиёжманд оилалар учун манзилли қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилади. Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар умумий субсидия ўрнига аниқ истеъмолчига йўналтирилиши тизимнинг адолатлилиги ва самарадорлигини оширади.

Ижтимоий соҳа объектларининг эҳтиёжлари учун суюлтирилган газни биржа нархларида етказиб бериш, аҳолига белгиланган нархда сотиш натижасида юзага келадиган салбий тафовутни республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш тартиби ҳам кўзда тутилмоқда.

Хусусий сектор иштирокини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Андижон вилоятида суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнига хусусий операторларни жалб этиш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Мазкур жараёнда операторларда зарур лицензия ва рухсатномалар, малакали муҳандис-техник ходимлар бўлиши, хизматлар камида икки оператор томонидан амалга оширилиши, истеъмолчилар учун мобиль илова ва онлайн хизматлар йўлга қўйилиши белгиланган. Истеъмолчилар сони ва ҳудудий масофалардан келиб чиқиб, шаҳарсозлик нормалари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган шохобчалар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Ушбу тажрибани кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий этиш имконияти кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга суюлтирилган газ етказиб бериш графигини қатъий йўлга қўйиш, ҳисоб-китобларни рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш, сунъий тақчиллик ва асоссиз нарх ошишининг олдини олиш бўйича топшириқлар бергани ҳақида хабар қилинган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends