8,5 йилга қамалган Рафа Мир қандай қилиб Греция клубига ўтди?
Sport
−
16:47 681 2 minutes
Жинсий тажовуз ва зўравонлик билан боғлиқ иш бўйича 8,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган испаниялик футболчи Рафа Мир Грециянинг “Арис” кўчиб ўтди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Рафа Мир “Арис” билан 2028 йилгача мўлжалланган шартнома имзолаган.
Қизиқ жиҳати шундаки, Рафа Мирни жорий йил июнь ойида Испания суди жинсий тажовузда айбдор деб топиб, 8,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Кейинчалик футболчи ушбу қарор устидан апелляция шикояти берган ва иш кўриб чиқилгунга қадар ҳукм ижроси тўхтатилган.
Испания суди Мирга Грецияга кўчиб ўтишга рухсат берган. Бироқ у ҳар ой Салоники шаҳридаги Испания консуллигига бориб ҳисобот бериб туриши шарт. Агар бу талаб бузилса, унга нисбатан Европа бўйлаб ҳибсга олиш ордери чиқарилиши мумкин.
Маълумот учун, Рафаэль Мир 1997 йил 18 июнда Испаниянинг Мурсия шаҳрида туғилган. У “Валенсия” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади ва фаолияти давомида “Вулверхэмптон”, “Лас-Пальмас”, “Уэска” ҳамда “Ноттингем Форест” клубларида тўп сурган.
Унинг энг сермаҳсул мавсуми “Уэска” сафида ўтган. Мир мазкур жамоа таркибида 57 та учрашувда майдонга тушиб, 25 та гол урган. Ана шу ўйинидан сўнг “Севилья” уни 2021 йил ёзида ўз сафига қўшиб олган.
Ҳужумчи андалусияликлар сафида жами 105 та ўйинда иштирок этди ва 2023 йилда UEFA Европа лигаси ғолиблигини қўлга киритди. Ўтган мавсумни эса ижара асосида “Валенсия”да ўтказди.
Рафа Мир Испания ёшлар терма жамоалари шарафини ҳам ҳимоя қилган. У 2019 йилда 21 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Европа чемпионати ғолиби бўлган, шунингдек, Токио Олимпиадасида кумуш медални қўлга киритган.
Live
All