72 нафар аскар хотирасига ўрнатилган ёдгорлик таҳқирланди
World
−
16:38 618 2 minutes
Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида 72 нафар номаълум аскар дафн этилган жойдаги мемориал ёдгорлик вайрон қилинди. Уни бузган шахсларни аниқлаш бўйича қидирув ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 18 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Қорасув мавзесидаги шаҳар қабристонида жойлашган ёдгорликнинг бузилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Ушбу ҳудудда эвакуация госпиталларида олган жароҳатлари оқибатида вафот этган 72 нафар номаълум аскар дафн этилган.
Қайд этилишича, мемориал 2026 йилнинг 15 октябрь куни кенг кўламли таъмирлаш ишларидан сўнг қайта очилган. Ҳудудни ободонлаштириш ва ёдгорликни янгилаш ишлари маҳаллий ҳокимият ҳамда Россиянинг Олмаотадаги Бош консуллиги ҳамкорлигида амалга оширилган.
Жамбил вилояти ҳокимлиги воқеани тасдиқлаб, вилоят ҳокими Ербол Қорашўкеев ҳолатни алоҳида назоратга олишни топширганини билдирган. Шунингдек, ёдгорлик яқин вақт ичида қайта тикланиши маълум қилинган. Бироқ таъмирлаш ишлари қачон якунланиши ҳозирча аниқлаштирилмаган.
Жамбил вилояти Политсия департаменти эса ёдгорликни таҳқирлаш ҳолати юзасидан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилган. Айни пайтда ҳуқуқбузарларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари давом этмоқда.
Маълумот учун, 2026 йилнинг сентябрь ойида Остона шаҳридаги Журналистлар хиёбонида ҳам вандализм ҳолати кузатилган. Икки йигит хиёбондаги ҳайкалтарошлик композициясига зарар етказиб, еттита чиқинди қутисини синдирган. Политсия уларнинг шахсини аниқлаб, қўлга олган. Гумонланувчилардан бири 18 ёшда, иккинчиси эса вояга етмаган бўлган.
Live
All