60 дан ортиқ фуқарони ўмарган кибержиноятчилар ушланди (видео)
Crime
−
17:04 1614 2 minutes
Бухоро вилоятида Telegram орқали фуқароларнинг телефонларига зарарли APK файллар юбориб, банк карталаридаги маблағларни ўғирлаган кибержиноят гуруҳи фош этилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, вилоят ИИБ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жиноят схемасига алоқадор шахслар аниқланган. Дастлабки терговда гуруҳ ортида Самарқанд вилоятида яшовчи 20 ёшга тўлмаган йигит ва унинг турли ҳудудлардаги шериклари тургани аниқланган.
Гумонланувчилар Telegram тармоғидаги яширин бошқариладиган аккаунтлар орқали фуқароларга зарарли APK файлларни юборган. Ушбу файллар телефонларга ўрнатилгач, қурилмадаги банк маълумотлари ҳамда пул ўтказмаларини тасдиқлаш учун келадиган SMS-кодлар жиноятчилар назоратига ўтган.
Шундан сўнг ўғирланган маблағлар бегона шахслар номига очилган транзит банк карталари ва сохта аккаунтларга ўтказиб юборилган.
Тезкор тадбирлар давомида ўнлаб банк карталари, SIM-карталар ва махсус мобил қурилмалар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган. Жиноят схемасидан республика бўйлаб 60 нафардан ортиқ фуқаро жабрлангани аниқланган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида фуқаронинг электрон ҳамёнлари орқали 14 миллиард 827 миллион сўмдан ортиқ криптовалюта ноқонуний айирбошланганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
All