“5 млн тонналик натижа шубҳа остига олинмоқда”. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пахта хирмони бўйича изоҳ берди

−

image

Ўзбекистонда пахта хирмони 5 миллион тоннадан ошди. Бу марра эълон қилинганидан кейин ҳам ҳосилни йиғиш ва қабул қилиш давом этмоқда. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Кеча, 13 ноябрдаги электрон “Агротарози” платформаси маълумотларига кўра, мавсум бошидан 5 миллион 47 минг 95 тонна пахта тайёрланган. Бу 4,5 миллион тонналик шартномавий ҳажмнинг 112,2 фоизидир. Шу кунлик ҳисоботда яна 2 минг 899 тонна пахта қайд этилган.

Ижтимоий тармоқларда айрим далаларда ҳали пахта борлиги кўрсатилиб, беш миллион тонналик натижа шубҳа остига олинмоқда. Қайд этилишича, бу ерда муайян санагача йиғилган жами ҳосил ва барча далаларда теримнинг якунланишига боғлаб кўрсатилаётгани барчани чалғитмоқда ва натижаларни шубҳа остига қўймоқда. Мамлакат бўйича белгиланган маррага етиш ҳар бир майдонда терим тугаганини билдирмайди.

Билдирилишича, 12 октябрь ҳолатига 3,4 миллион тонна пахта йиғилган. 22 октябрда бу ҳажм 4 миллион 630 минг тоннага етган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 ноябрдаги табригида беш миллион тоннадан зиёд хирмон эътироф этилган. 13 ноябрдаги жамланма эса 5 миллион 47 минг 95 тоннага етган. Бу хабарлар турли саналардаги натижаларни ифодалайди. Уларнинг ортиб бориши терим ва қабул давом этганини акс эттиради

“4,6 миллион тонналик жорий йилнинг дастлабки прогноз ҳажми ҳам ҳосилнинг энг юқори чегараси эмас. Ундан ортиқ пахта етиштирилиши ёки қабул қилинишида мантиқий зиддият йўқ. Шунинг учун далада пахта борлигининг ўзи аввал қабул қилинган ҳосил йўқ, деган хулосага асос бўла олмайди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Бухоро вилояти бўйича бугунги ҳисоботнинг ўзида мавсум бошидан 530 минг 677 тонна, кунлик устунда эса 1 минг 228 тонна пахта қайд этилмоқда. Бу мавсум олдидан кўзланган 442 минг тонналик маррадан 88 минг 677 тонна кўп. Демак, беш миллион тонналик маррадан кейин ҳам аксарият ҳудудларда терим давом этмоқда. Бу вилоят кўрсаткичи Ғиждувондаги муайян дала ҳақидаги мурожаатнинг барча саволларига жавоб бермайди. Аммо “марра эълон қилингач, ортиқча пахта кераксиз бўлиб қолди” деган умумий талқинни ҳам тасдиқламайди.

“Даладаги ҳар бир ҳосил қадрли. Кечикаётган терим, техника ёки ишчи кучи етишмаслиги ҳақидаги аниқ мурожаатлар эътиборга лойиқ. Бундай муаммони кўтариш билан бирга, бутун мамлакат ҳосилини далилсиз инкор этишга бу қадар эҳтиросли ёндашмаслик мақсадга мувофиқ.

Ўйлаб кўринг, нега шу фермернинг пахтаси бу қадар кечгача терилмай қолиб кетди? Видеолавҳанинг ўзидан кўриниб турибдики, далада кўсаклар очилган бўлса-да, ғўза ҳали барги билан турибди. Масалага чуқурроқ қаралса, фермер бу йил аксарият далаларда қўлланилган “ғўзани қаритиб, эрта пишириш” агротехнологиясига амал қилмаган ёки ғўзани кеч эккан бўлиши мумкин (аслида буғдой тагига, такрорий экилган дала бўлган). Акс ҳолда, бошқа далалардагидек, ҳосил ўз вақтида қийғос пишиб, 35 кунлик даврда машинада териб олиниши мумкин эди”, дейилади хабарда.

11 ноябрь ҳолатидаги видеолавҳада ҳам далада ҳали кўм-кўк кўсаклар ва барглар сақланиб қолгани кўзга ташланади. Бу эса ғўзанинг пишишини тезлаштириш ва дефолиация жараёнларига оид агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилмаган бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Жумладан, “Этефон” ва “Авгурон” препаратлари билан ишлов берилишига эътибор берилганлиги ҳам асосий масалалардан биридир.

Билдирилишича, вазирлик томонидан пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришишнинг 8 та муҳим қонуни ишлаб чиқилиб, фермерларга етказилган. Бироқ ҳар қандай илмий тавсия ва агротехнология, аввало, амалиётда ўз вақтида ва тўғри қўлланилгандагина самара беради. Бу жараёнда фермернинг ҳам масъулияти катта. Давлат ва соҳа мутахассислари томонидан яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш, агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда бажариш ва ҳосилни ўз вақтида йиғиб олиш ҳар бир фермернинг бевосита вазифаси.

“Энди ҳаво ёмонлашди, далага оғир машина кириши амримаҳол. Ёмони, аввалгидек теримчининг ўзи йўқ. Барги тўкилмаган пахтазорни машинада теришнинг ўзи ҳам катта масала. Бундай кечиккан далаларимиз, афсуски, бор. Фермерларимиз ёндашувини ўзгартирмас экан, бошқаларнинг ёрдами ҳам кутилган самарани бермайди.

Аслида, аввалги йилларда далаларимиз ҳам Ғиждувондаги шу дала каби эди ва биз пахтани қор ёққунча теришга чиранавердик. Шунинг учун 1 августдан бошлаб қўлланиладиган “эрта пишириш агротехнологияси” Ўзбекистон пахтачилиги учун ўта муҳимлигини яна бир бор қайд этмоқчимиз”, дейилади хабарда.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends