400 минг доллар эвазига ўзгарган дунё: 11 сентябрь фожиасининг арзон режаси ва қиммат оқибатлари
Crime
−
11 September 1554 9 minutes
Бундан 25 йил аввал айнан мана шу санада АҚШда кунлик ўлим сони 45 фоизга ошган яъни тахминан 9,5–10 минг нафар киши вафот этган. Уларнинг учдан бир қисми, аниқроқ айтадиган бўлсак 2 минг 996 нафари бир хил сабаб – мамлакат тарихидаги энг йирик теракт оқибатида ҳалок бўлган. Сезганингиздек, бугун ўша машъум 2001 йил 11 сентябрдаги воқеалар ҳақида гаплашамиз. Чорак аср аввал 11 сентябрь санасида ҳалок бўлган сал кам 3 мингга яқин инсоннинг ҳаёти бебаҳо ва бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. лекин бугун биз одамлар ўлимига сабаб бўлган таъсирли ҳикояларни эмас, балки фожианинг иқтисодиёт, сиёсат, экология, хусусан Ўзбекистонга таъсирини кўриб чиқамиз.
11 сентябрь терактларининг молиявий анатомияси: Арзон режанинг триллион долларлик оқибатлари
2001 йил 11 сентябрь воқеаларининг молиявий ва иқтисодий қиёфаси кескин қарама-қаршиликка асосланади: бир томонда атиги ярим миллион долларга режалаштирилган яширин террорчилик ҳужуми, иккинчи томонда эса глобал иқтисодиётни узоқ йиллар давомида ўзгартириб юборган триллионлаб долларлик вайронагарчилик туради.
Дунёни ларзага солган ушбу ҳужумнинг ўзи “Ал-Қоида” ташкилотига нисбатан жуда катта маблағ талаб қилмаган. АҚШ расмий тергов комиссиясининг ҳисоботларига кўра, терактни тайёрлаш ва амалга ошириш учун жами 400 000–500 000 АҚШ доллари сарфланган.
Бу маблағнинг қарийб 300 000 доллари халқаро банк тармоқлари, асосан Дубай ва Форс кўрфази давлатлари орқали АҚШдаги шахсий ҳисобварақларга ўтказилган. Қолган маблағ эса нақд ҳолда олиб кирилган. Пул дабдабали харажатларга эмас, оддий ва кундалик эҳтиёжларга: учувчилик мактабларидаги ўқиш тўловлари, АҚШ ичидаги ички авиачипталар, яшаш харажатлари, озиқ-овқат ва автомобиль ижарасига сарфланган.
Маблағларнинг нисбатан кичик ҳажмда бўлгани ва террорчилар ўзларининг ҳақиқий шахсий паспортларидан фойдалангани сабабли, ўша даврдаги глобал банк ва молия тизими ушбу транзаксияларни шубҳали деб топмаган.
Аммо ярим миллион долларга яқин маблағ билан тайёрланган режанинг нархи шу билан тугамади. Унинг дастлабки молиявий зарбаси Нью-Йорк шаҳрининг ўзида сезилди.
Жаҳон савдо маркази биноларининг қулаши ва инсоний йўқотишлар шаҳарнинг иқтисодий салоҳиятига оғир зарба берди. Нью-Йорк Федерал заҳира банки ва Ҳукумат Ҳисобдорлик бошқармаси маълумотларига кўра, ҳалок бўлганларнинг келгусидаги тахминий даромадлари ва иш ҳақи йўқотишлари 7,8миллиард долларни ташкил этган. Бу ҳар бир ходим учун ўртача 2,8 миллион доллар дегани эди.
Вайрон бўлган ва шикастланган биноларни қайта тиклаш ҳамда уларнинг ичидаги мулкларни қоплаш учун яна 16,4 миллиард доллар сарфланди. Қуйи Манхэттендаги метро, электр ва алоқа тармоқларини таъмирлашга 3,7 миллиард доллар талаб қилинди. Ground Zero ҳудудидаги вайроналарни тозалаш ва ҳудудни тартибга келтириш ишларининг ўзига эса 1,5 миллиард доллар йўналтирилди.
Шу тариқа, фақат бевосита моддий зарар ва тозалаш харажатларининг ўзи 33–36 миллиард доллар миқдорида баҳоланди.
Бироқ иқтисодий зарба фақат вайрон бўлган бинолар ва инфратузилма билан чекланиб қолмади. Фожиа суғурта тизимини ҳам тарихдаги энг катта синовлардан бирига дучор қилди. Суғурта компаниялари жабрланганлар ва мулк эгаларига қарийб 34 миллиард доллар миқдорида товон пули тўлашга мажбур бўлди.
Бу эса бутун дунёда суғурта ставкаларининг кескин ошишига ва рискларни баҳолаш қоидаларининг ўзгаришига сабаб бўлди.
Молиявий бозорлар ҳам зарбани дарҳол ҳис қилди. Ҳужумлардан сўнг, бир ҳафта давомида ёпиқ турган Нью-Йорк фонд биржаси қайта очилган илк кунидаёқ ўз тарихидаги энг кескин пасайишлардан бирини бошдан кечирди. Авиация, туризм ва меҳмонхона бизнеси эса қисқа вақт ичида миллиардлаб доллар даромаддан маҳрум бўлди.
Олимлар ва иқтисодчиларнинг, жумладан, Жанубий Калифорния университети ва CREATE маркази тадқиқотларига кўра, АҚШ миллий иқтисодиётидаги қисқа муддатли бизнес тўхташлари ва йўқотишларнинг ўзи 35–109 миллиард долларни, яъни ЯИМнинг 0,5–1 фоизини ташкил этган.
Аммо энг катта молиявий юк бевосита теракт оқибатларидан эмас, ундан кейинги стратегик ўзгаришлардан келиб чиқди.
АҚШ ҳукумати ички хавфсизликни кескин кучайтириш учун Миллий хавфсизлик департаментини тузди. Аэропортлардаги хавфсизлик назорати тубдан янгиланди. Терроризмга қарши глобал кураш шиори остида халқаро ҳарбий ҳаракатлар бошланди. Афғонистон ва Ироқдаги урушлар кейинги ўн йилликлар давомида АҚШ бюджетидан триллионлаб долларлик маблағ сарфланишига олиб келди. Қўшма Штатлар Конгресси Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар учун ўша пайтда 815 миллиард доллар, Ироқдаги уруш учун 686 миллиард, бошқа харажатлар учун 100 миллиард доллардан ошиқ маблағ ажратади. Шу тариқа 2001-йилдан 2014-йилгача Қўшма Штатлар Афғонистон ва Ироқда жами бир триллион 600 миллиард маблағ сарф қилади. Бу харажатлар мамлакатнинг давлат қарзини кескин оширди ва глобал иқтисодиётнинг ривожланиш векторини бутунлай ўзгартириб юборди.
Шундай қилиб, 11-сентябрнинг молиявий анатомияси ҳайратланарли бир қарама-қаршиликни намоён этади: 400 000–500 000 долларлик режа ортидан 33–36 миллиард долларлик бевосита зарар, қарийб 34 миллиард долларлик суғурта тўловлари, 35–109 миллиард долларлик қисқа муддатли иқтисодий йўқотишлар ва охир-оқибат триллионлаб долларлик узоқ муддатли харажатлар келиб чиқди.
Кўзга кўринмас зарба — заҳарли булут, касаллик ва космосдан кўринган из
Жаҳон Савдо Маркази атрофида юзага келган экологик зарба фожиадан кейинги кунлар, ойлар ва йиллар давомида ўз таъсирини сақлаб қолди. Одамлар кўз ўнгида бино қулаган бўлса, унинг ортидан кўзга кўринмайдиган яна бир хавф — заҳарли чанг ва тутун пайдо бўлди.
АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги ва АҚШ Геологик хизмати тадқиқотлари бу чангнинг оддий қурилиш чиқиндиси эмаслигини кўрсатди. АҚШ Геологик хизмати олимлари фожиадан кейин Ground Zero атрофидан олинган чанг намуналарини таҳлил қилиб, уларнинг таркиби ўта ишқорий, яъни pH даражаси 9 дан 11 гача эканини аниқлаган. Ушбу чанг асосан майдаланган бетон, гипс ҳамда шиша толасидан иборат бўлган.
Аммо ҳавода тарқалган хавф фақат майдаланган бетон ва гипсдан иборат эмас эди. Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари ва Бутунжаҳон савдо маркази соғлиқни сақлаш дастури маълумотлар базасида вайроналар остидан чиққан тутун ва чанг таркибида 350 дан ортиқ хавфли бирикмалар борлиги аниқ тасдиқланган. Заҳарли аралашма, айниқса, вайроналар орасида ишлаган қутқарувчиларга таъсир қилди. Уларда “WТC йўтали” ва сурункали ўпка касалликлари кузатилди. Ушбу ҳолатлар бўйича юзлаб тиббий илмий мақолалар чоп этилди.
Аммо шунча заҳарли чанглар АҚШ осмонини қоплаб олган пайтда ҳисоботларда ҳаво нафас олиш учун яроқли, яъни тоза деб эълон қилинган. Кейинчалик АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлигининг ўз ички текширув идораси махсус тергов ўтказди. Унинг расмий текширув ҳисоботида 2001 йил сентябрь ойида берилган “ҳаво хавфсиз” деган баёнотлар сиёсий босим остида ва тўлиқ илмий текширувларсиз қилинганини тан олди. Бу эса жамоатчилик томонидан катта танқидларга сабаб бўлди.
Бундан ташқари, Колумбия университети олимлари фожиа вақтида Нью-Йоркнинг қуйи қисмида бўлган ҳомиладор аёллар ва уларнинг болалари устида кўп йиллик тиббий кузатувлар олиб борди. Тадқиқотларда заҳарли ҳаво ва стресс болаларнинг туғилиш вазнига ва ўсиш жараёнига қандай салбий таъсир кўрсатгани илмий журналларда чоп этилди.
Бутунжаҳон савдо маркази соғлиқни сақлаш дастурининг кейинги йиллардаги йирик тиббий ҳисоботларида теракт пайтида вайроналар орасида ишлаганқутқарувчилар орасида нафақат ўпка касалликлари, балки турли хил саратон турлари ҳам кескин кўпайгани аниқланди.
2019–2020 йиллардаги тиббий маълумотларга кўра, фожиа вақтида хизмат қилган ва кейинчалик саратондан вафот этган ўт ўчирувчилар ва полициячилар сони, 11 сентябрь куни ҳалок бўлганларнинг сонидан ҳам ошиб кетган. Бу заҳарли ҳавонинг узоқ йиллардан кейин ҳам одамларнинг ҳаётига зомин бўлаётганидан далолат беради.
Аммо бу заҳарли булутнинг кўлами қанчалик катта эди? Одамлар заҳарли булут фақат Манхэттендаги иккита бинонинг атрофидагина тарқалган деб ўйлашлари мумкин. Аммо ундай эмас эди.
NASA ва АҚШ Геология хизмати томонидан олинган йўлдош суратларида Нью-Йорк осмонидаги қора заҳарли булут шамоллар таъсирида нафақат бутун шаҳарни, балки қўшни штатлар – Нью-Жерси ва ҳатто Атлантика океани томон юзлаб километр масофага тарқалиб кетгани қайд этилган. Ерга тушган майда асбест ва шиша толали зарралар эса ўша ҳудуднинг тупроғи ва сув ҳавзаларига ҳам узоқ муддатли таъсир кўрсатган.
Бу манзарани ҳатто Ер орбитасидан ҳам кўриш мумкин эди.
Фожиа содир бўлган вақтда Ер орбитасида, тахминан 400 километр баландликда жойлашган Халқаро космик станцияда NASA астронавти Фрэнк Калбертсон бўлган. У Ер орбитасидаги ягона америкалик астронавт эди. Станция Нью-Йорк шаҳридан ўтиб бораётган бир пайтда у деразадан пастга қараб, Манхэттен узра қандай қилиб улкан қора тутун булути кўтарилаётганини ўз кўзи билан кўрган ва суратга олган.
Калбертсон ўз интервьюсида ўша ҳолатни шундай эслайди:
“Ўз ватанингдан тутун кўтарилаётганини бундай баланд нуқтадан туриб кўриш жуда даҳшатли. Ерда ҳаётни яхшилаш учун мўлжалланган космик станцияда туриб, пастда бундай мудҳиш қилмишлар туфайли инсонлар ҳаёти вайрон қилинаётганини кузатиш осон бўлмаган”.
Ўзбекистон ва 101-рейс: фожианинг Атлантика океани узра акс-садоси
11 сентябрь фожиасининг зарбаси Атлантика океани устида парвоз қилаётган самолётларгача етиб борди. Шу маънода, бу фожиа Ўзбекистонга ҳам таъсир қилди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, терактлар Тошкентдан Нью-Йорк томон йўл олган “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг HY-101 рейси тақдирини ўзгартирди.
Дунё тарихидаги энг фожиали воқеалардан бири содир бўлган пайтда, HY-101 рейси Атлантика океани узра парвоз қилаётган эди. Унинг манзили – Жон Кеннеди номидаги халқаро аэропорт, самолёт русуми эса Boeing 757 эди. Бортда экипаж аъзолари билан бирга жами 180 нафардан ортиқ йўловчи, асосан Ўзбекистон фуқаролари ва бошқа давлат вакиллари бўлган.
Бу парвоз самолёт командири, учувчи Зариф Саидазимов учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга эди. У ўзининг кўп йиллик фаолиятидаги нафақага чиқишидан олдинги сўнгги парвозларидан бирини амалга ошираётганди.
Самолёт Атлантика океани устидан муваффақиятли учиб ўтиб, АҚШ қуруқлигига яқинлашаётган бир пайтда Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг Эгизак биноларига террорчилик ҳужумлари уюштирилди. Бир неча сонияда вазият ўзгарди. Нью-Йоркда бошланган фожиа энди унинг осмонидаги барча парвозлар тақдирига ҳам таъсир қила бошлади.
Теракт содир бўлгач, АҚШ ҳукумати дарҳол ўзининг бутун ҳаво ҳудудини ёпди ва мамлакат бўйлаб осмондаги барча ҳаво кемаларига зудлик билан энг яқин муқобил аэропортга қўниш ҳақида қатъий буйруқ берди. HY-101 рейси ҳам энди ўзининг дастлабки манзилига етиб бора олмасди.
Диспетчерлар ўзбекистонлик учувчиларга Нью-Йоркка қўниш мутлақо мумкин эмаслигини ва бошқа давлатга – Канадага бурилиш кераклигини маълум қилди. Лекин, узоқ парвоз учоқда ёнилғи танқислигини юзага келтирган.
Ана шундай ўта оғир вазиятда капитан Зариф Саидазимов самолётни Канаданинг Монреал шаҳридаги аэропортига хавфсиз тарзда муваффақиятли қўндирди.
Шу тариқа, Тошкентдан Нью-Йорк томон учиб чиққан ўзбек самолёти ҳам 11 сентябрь фожиасининг бевосита таъсирига тушди. АҚШ ҳаво ҳудуди очилгунга қадар самолётнинг барча йўловчилари ва экипаж аъзолари Канадада вақтинча қолиб, кейинчалик ўз манзилларига етиб борди. Ўзбекистон учувчиларининг бу жасорати кейинчалик мамлакат киноижодкорларини илҳомлантирди ва “101-рейс” бадиий-биографик фильми суратга олинди.
Вақт ўтиб, вайрон бўлган ҳудуд тикланди. Бир вақтлар вайронагарчилик ва йўқотиш тимсолига айланган Ground Zero бугун хотира ва қайта тикланиш бирлашган масканга айланган. Собиқ Эгизак бинолар ўрнидаги иккита акс садо ҳовузи ва қурбонларнинг исмлари битилган бронза лавҳалар ўша кун хотирасини сақлаб туради. Ҳовузлар остидаги музей эса фожиа тарихини ашёлар, қутқарувчиларнинг машиналари, вайроналар остидан топилган буюмлар ва гувоҳларнинг хотираларини намоён этади.
Бу макондаги Каллери нок дарахти, яъни “Омон қолган дарахт” эса фожиа ичида сақланиб қолган алоҳида тимсолдир. Вайроналар орасидан деярли қуриган ҳолда топилган бу дарахт мутахассислар томонидан даволаб, сақлаб қолинди ва кейинчалик яна шу майдонга қайта экилди.
Жасмина Муртазоева
Live
AllToshkentda vertikal “parkovka”lar o'rnatilmoqda
11 September