200 га яқин йўловчиси бор поезд рельсдан чиқиб кетди (видео)
World
−
15:47 330 2 minutes
Шимолий Францияда 186 нафар йўловчини олиб кетаётган поезд рельсдан чиқиб кетиши оқибатида камида 44 киши жароҳатланди. Жабрланганлардан бирининг аҳволи оғир. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Маҳаллий расмийларнинг баёнотига кўра, ҳодиса кеча, 11 сентябрь куни тахминан соат 19:45 да юз берган.
Транспорт вазири Филипп Табаронинг X ижтимоий тармоғида маълум қилишича, поезд Нормандия минтақасидаги Руан ва Кан шаҳарлари ўртасида ҳаракатланган.
Бахтсиз ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун оммавий қурбонлар билан боғлиқ фавқулодда вазият режаси ишга туширилган. Қутқарув ишларига 130 нафар ўт ўчирувчи, 5 та тиббий бригада ва 80 та махсус транспорт воситаси жалб қилинган.
Руан прокурори Себастьен Галлуанинг айтишича, жароҳатланганлар орасида 18 ёшли қиз ҳам бор. У оғир аҳволда эвакуация қилинган.
Йўловчилардан бири, 24 ёшли Луи, маҳаллий ОАВга берган интервьюсида поезд бирданига силкиниб кетганини айтган.
“Аввал бир неча марта силкиниш бўлди, кейин тахминан уч сониядан сўнг бу янада кучайди. Ўз жойимда ўтириб туролмадим. Деразалар қисман чилпарчин бўлди, рельсдаги тошлар вагон ичига учиб кирди. Бу жуда даҳшатли эди, ҳануз титраяпман“, деган у.
Поезд машинистининг гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликлар истеъмол қилган-қилмаганини аниқлаш учун ўтказилган тестлар салбий натижа берган.
Франция темир йўл тармоғи учун масъул SNCF Réseau компанияси ушбу ҳодиса сабабли поездлар ҳаракати тўхтатилганини маълум қилган. Фавқулодда хизматлар иш олиб бориши учун темир йўл линиясидаги электр таъминоти ҳам узилган.
“Кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифа йўловчиларга ёрдам кўрсатиш, шундан кейин эса хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини тиклашдир”, дейилади компания баёнотида.
Ҳодиса юзасидан полиция ва темир йўл идоралари томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Кадикўй ва Сабиха Гўкчен халқаро аэропорти ўртасида қатновчи М4 метро йўналишидаги поезд Бўстанжи бекатида рельсдан чиқиб кетган эди.
Live
AllToshkentda vertikal “parkovka”lar o'rnatilmoqda
11 September