189 балл олган мактаб битирувчилари сони 8 баробарга ошди
Local
−
12:05 1288 2 minutes
Жорий йилда олий таълимга киришда максимал – 189 балл олган мактаб битирувчилари сони ўтган йилга нисбатан 8 баробарга ошди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар қилди.
Вазирлик инфографикасига кўра, жорий йилда 4 825 нафар мактаб битирувчиси тест синовларида 189 балл олган. 2025 йилда бундай натижага эришганлар сони 619 нафар бўлган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 101 нафарни ташкил этган.

Шунингдек, тўлов шартномаси учун ўтиш балли – 56,7 баллдан паст натижа кўрсатган битирувчилар сони ҳам ўтган йилга нисбатан 5 фоизга, яъни 13 минг нафарга камайган.
Бундан ташқари, битирувчиларнинг олий таълимга кириш тестларидаги ўртача балли ҳам ошган. 2022 йилда бу кўрсаткич 76,3 балл бўлган бўлса, 2023 йилда 77,1 балл, 2024 йилда 78,0 балл, 2025 йилда 80,9 баллни ташкил этган. Жорий йилда эса ўртача натижа 92,5 баллга етган. Яъни бу кўрсаткич сўнгги бир йилда 11,6 баллга ошган.

Ҳудудлар кесимида ўртача балл бўйича Навоий вилояти – 112,8 балл билан етакчи бўлган. Кейинги ўринларда Бухоро вилояти – 110,8 балл ва Қорақалпоғистон Республикаси – 94,8 балл қайд этилган. Жиззах вилоятида эса ўртача балл 91,9 ни ташкил қилган.
Қолган ҳудудлар қуйидагича натижалар кўрсатган:
- Навоий вилояти – 112,8 балл
- Бухоро вилояти – 110,8 балл
- Қорақалпоғистон Республикаси – 94,8 балл
- Фарғона вилояти – 94,7 балл
- Тошкент шаҳри – 94,0 балл
- Хоразм вилояти – 93,0 балл
- Наманган вилояти – 92,0 балл
- Жиззах вилояти – 91,9 балл
- Сирдарё вилояти – 91,6 балл
- Самарқанд вилояти – 90,9 балл
- Қашқадарё вилояти – 89,4 балл
- Тошкент вилояти – 88,0 балл
- Андижон вилояти – 87,8 балл
- Сурхондарё вилояти – 84,0 балл
Маълумотларга кўра, жорий йилда жами 454 833 нафар битирувчи мактабни тамомлаган. Уларнинг 333 463 нафари, яъни 73 фоизи тест синовларида иштирок этган.
Бундан ташқари, 34 681 нафар битирувчи давлат гранти асосида ўқишга тавсия этилган. Бу ўтган йилга нисбатан 4 800 нафарга кўп.

Давлат олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи ҳам сўнгги уч йилда 3,5 фоизга ошган. Бу борада Навоий вилояти 52,5 фоиз билан биринчи ўринда. Бухоро вилоятида кўрсаткич 37,9 фоиз, Жиззах вилоятида эса 35,9 фоизни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилги қабул жараёнларида олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентларнинг 37,5 фоизи тест синовларида белгиланган энг кам баллни тўплай олмагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All