$10 минггача валютани Ўзбекистондан декларациясиз олиб чиқиш мумкин бўлади
Local
−
14:32 1177 2 minutes
Ўзбекистондан декларациясиз олиб чиқиш мумкин бўлган нақд пул миқдори 10 минг доллар этиб белгиланди. Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 27 август куни қабул қилинган “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмурчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 174-сонли фармонида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, божхона соҳасини янада ислоҳ қилиш, айрим тартиб-таомилларни соддалаштириш ва жараёнларни рақамлаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари бўйича “йўл харитаси” тасдиқланган. Унга мувофиқ, жисмоний шахслар томонидан республикадан нақд валютани олиб чиқиш меъёри 10 минг АҚШ доллари эквиваленти этиб белгиланади ва бу миқдордан ошганда декларация тўлдирилади.
2027 йил декабрь ойига қадар бу ўзгариш кўзда тутилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Буни амалга оширишга Божхона қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк, Адлия вазирлиги масъул этиб белгиланди.
Маълумот учун, ҳозирда жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини мамлакатга олиб кириш чекловларсиз амалга оширилади. Шунингдек, жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини мамлакатдан ташқарига олиб чиқиш 100 миллион сўм эквивалентдан ортиқ бўлмаган суммада амалга оширилади. Нақд валютани белгиланган эквивалентдан ортиқ суммада олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.
Live
All