Ўйнашмагин доктор билан… Озиш операцияси “Кокош”ни қамоққа етаклади
Review
−
19:56 632 5 minutes
Пластик жаррохлик амалиётидан аниқроқ айтганда ошқазон апперациясидан сўнг юзага келган можоролар ортидан судланган Актриса ва Блогерлар қамалди. 13 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда “Кокош” тахаллуси билан танилган блогер Комила Абдуқодирова, актриса Барçин Ғофурова ва “Ryyan Sweet” тахуллуси билан фаолият олиб борган яна бир блогер Ниҳола Ражабовага нисбатан апелляция суди ҳукм чиқарди. Унга кўра, учала судланувчи ҳам озодликдан маҳрум этилди. Суд ҳужжатларида улар Клиника раҳбаридан 35 минг доллар талаб қилгани ҳам аниқланди.
Уч инсонинг қамалишига сабаб бўлган воқеалар ўзи нимадан бошланган эди. Жиноят иши материалларига кўра, воқеалар 2024 йил охирида «Med Consultant» хусусий клиникаси билан блогер Комила Абдуқодирова ўртасидаги реклама ҳамкорлигидан бошланган.
2024 йил ноябрь ойида клиника ўз хизматларини реклама қилиш учун блогер Аббосхўжа билан ҳамкорлик қилган. У клиникани реклама қилишга ижодий шериги Комила Абдуқодировани ҳам жалб қилган.
Кейинчалик Абдуқодирова клиникада липосаксия ва абдоминопластика амалиётларини ўтказиш имконияти билан қизиққан. Дастлаб клиника раҳбари Умид Аминов унинг реклама эвазига бепул операция қилиш таклифига рози бўлмаган. Бироқ Аббосхўжанинг аралашувидан кейин томонлар келишувга эришган. 2025 йил 1 март куни Абдуқодирова клиникада таҳлиллар топширган, 2 март куни эса шифохонага ётқизилган. 3 март куни унга липосаксия ва абдоминопластика пластик жарроҳлик амалиётлари ўтказилган.
Суд ҳужжатларида келтирилган 2025 йил 7 апрелдаги 75 сонли қайта комиссион комплекс экспертиза хулосасига кўра, операция олдидан лаборатория ва инструментал текширувлар тегишли тартибда ўтказилган. Некроз эса операциядан кейинги даврда шифокор кўрсатмаларига амал қилмаслик, никотин истеъмол қилиш, ётоқ режими ва реабилитацияни бузиш, асептика ҳамда антисептика қоидаларига риоя қилмаслик, жисмоний зўриқиш ва шифокорлар рухсатисиз мезодиссолюция амалиётини ўтказиш оқибатида юзага келгани қайд этилган. Бу хулоса кейинчалик жиноят ишида муҳим далиллардан бири сифатида баҳоланган.
Клиника ва блогерлар ўртасидаги можаро
Абдуқодированинг кўрсатмаларига кўра, 2025 йил март ойининг иккинчи ярмида унинг қорин қисмидаги яра оғирлашган. 25 март куни у бошқа шифокор билан маслаҳатлашганида, ҳолат некроз эканини билганини билдирган.
28 март куни клиникада унинг қорин қисмидаги нобуд бўлган тўқималарни олиб ташлаш бўйича яна бир жарроҳлик амалиёти ўтказилган.
Шундан кейин клиника раҳбари Умид Аминов ва Абдуқодирова ўртасидаги муносабатлар кескинлашган. Абдуқодирова ва унинг яқинлари даволаниш жараёнидан норози бўлиб, клиника раҳбари ва шифокорлардан тушунтириш талаб қилган.
2025 йил 2 апрель куни Абдуқодирова ўзининг Instagram саҳифасида клиникадаги вазият акс этган видеони эълон қилган. Биринчи инстанция судининг аниқлашича, у видеода клиника раҳбари Умид Аминов ва шифокорларни ҳақорат қилган, шунингдек, уларнинг шаъни ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларни тарқатган.
Эртаси куни, 3 апрель куни Барчин Ғофурова ҳам клиникага келган. Суд ҳужжатларида қайд этилишича, у клиника ходимларининг қаршилигига қарамай, реанимация хонасига кирган ва у ерда ётган Умид Аминов билан можаро қилган. Шунингдек, Миллий гвардия ходими Бунёд Норқобиловнинг қонуний талабларига бўйсунмай, унга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатган. Ғофурова ушбу ҳолат акс этган видеони ҳам ўзининг Instagram саҳифасига жойлаштирган.
Ниҳола Ражабова ҳам Instagram саҳифасида клиника ва унинг ходимларини танқид қилувчи видеолар эълон қилган. Жумладан, у клиника ходимларини «қассоблар» деб атаган.
35 минг доллар масаласи: суд нимани аниқлаган?
Жиноят ишининг яна бир муҳим қисми — клиника раҳбари Умид Аминовдан 35 минг АҚШ доллари талаб қилингани билан боғлиқ.
Суднинг аниқлашича, Ниҳола Ражабова «Жасмин» номи билан танилган бошқа шахс билан олдиндан тил бириктириб, клиника ва унинг раҳбари обрўсига путур етказувчи видеоларни тарқатиш орқали Аминовга босим ўтказган.
Улар ижтимоий тармоқлардаги видеоларни ўчириш ва клиниканинг обрўсини тиклашга ёрдам бериш эвазига пул талаб қилган.
2025 йил 3 апрель куни Ражабова Аминовга Абдуқодированинг Туркияда даволаниши учун 35 минг доллар миқдорида ҳисоб-фактура тақдим этган. Суд ҳужжатларида қайд этилишича, ушбу суммадан 10,5 минг доллар миқдорида мулкий манфаатдорлик ҳам талаб қилинган.
Биринчи инстанция ҳукмида 2025 йил 3 апрелдаги Марказий банк курси бўйича 10,5 минг доллар 452 миллион 25 минг сўмга тенг экани кўрсатилган. Жиноят ишида ушбу талаблар товламачилик аломатлари сифатида баҳоланган.
Биринчи инстанция суди қандай қарор чиқарганди?
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди 2026 йил 16 июнда ишни кўриб чиқиб, уч нафар судланувчига нисбатан ҳукм чиқарган.
Унга кўра, Комила Абдуқодирова туҳмат, ҳақорат қилиш ва ўзбошимчалик жиноятларини содир этганликда айбли деб топилиб, 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. Барчин Ғофурова туҳмат ва ҳақорат қилиш жиноятларини содир этганликда айбли деб топилиб, 1 йил 3 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Суд уни товламачилик айблови бўйича айбсиз деб топган. Ниҳола Ражабова ҳақорат қилиш ва товламачилик жиноятларини содир этганликда айбли деб топилиб, 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Жазоларни умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.
Биринчи инстанция суди, хусусан, Ғофурованинг Аминовдан пул талаб қилишда Ражабова билан тил бириктирганини тасдиқловчи етарли далиллар мавжуд эмас, деган хулосага келган. Шу сабабли уни товламачилик айблови бўйича оқлаган.
“Кокош” ва унинг дугоналари қамалди
Ниҳола Ражабова ва жабрланувчи Умид Аминовнинг шикоятлари асосида жиноят иши Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқилди. Жорий йилнинг 13 ноябрдаги апелляция ҳукмига кўра, биринчи инстанция судининг ҳукми бекор қилинди.
Хусусан, апелляция судининг кеча, 13 ноябрдаги ҳукмига кўра, Комила Абдуқодирова, Барчин Ғофурова ва Ниҳола Ражабова Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Комила Абдуқодировага 3 йил 6 ой, Барчин Ғофуровага 4 йил ва Ниҳола Ражабовага 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазоларни умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Қайд этилишича, жабрланувчи ва бошқа манфаатдор шахсларга жиноят натижасида етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни ундириш масаласи юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари борлиги тушунтирилган. Апелляция инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг тафтиш инстанциясига шикоят бериши ва протест келтириши мумкин.
Live
All