“Кокош”, Барчин Ғофурова ва Ниҳола Ражабова қамалди

Crime

−

image

Кеча, 13 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда “Кокош” тахаллуси билан танилган блогер Комила Абдуқодирова, актриса Барчин Ғофурова ва “Ryyan Sweet” номи билан танилган яна бир блогер Ниҳола Ражабова озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар берди.

Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг жорий йил 16 июндаги ҳукмига мувофиқ: 

  • Комила Абдуқодирова (1992 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 229-моддаси (ўзбошимчалик) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси;
  • Барчин Ғофурова (1990 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми ва 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 1 йил 3 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси;
  • Ниҳола Ражабова (1987 йилда Қирғиз Республикасида туғилган) Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “б”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

QALAMPIR.UZ Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг жорий йил 16 июндаги ҳукми билан танишди.

Унга кўра, судланувчилар ҳақорат қилиш, яъни фуқаронинг шахсини қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш жиноятини содир этган. Хусусан, Комила Абдуқодирова 2025 йилнинг 3 март куни Чилонзор туманидаги “Med Consultant” номли хусусий клиникада липосаксия ҳамда абдоминопластика пластик жарроҳлик амалиётини ўтказган. Ушбу амалиёт тўғри ўтказилган, лекин Комила Абдуқодировада некроз жараёни кузатилган ва бемор бунда клиника раҳбарини айблаган. Бироқ ҳужжатда келтирилишича, судланувчи жарроҳлик амалиётидан кейин шифокорлар кўрсатмаларига амал қилмаган. Хусусан, у никотин истеъмол қилган, ётоқ режимини ва реабилитацияни бузган, амалиётдан кейинги асептика ва антисептикага риоя қилмаган, жисмоий зўриқишни камайтирмаган ҳамда қорин соҳасида амалиётдан олдин шикофорлар рухсатисиз қорин соҳасида “Мезодиссолюция” (тери остига ёғларни эритувчи препаратларни юбориш) амалиётини ўтказган.

Шунга қарамай, судланувчилар ўзларининг Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифаларида клиника шифокорларини айблаб, турли ҳақоратли видеолар жойлаган. Бундан ташқари, улар клиника раҳбари У.А. ни оғир ва иложсиз аҳволга солиб қўйган. Хусусан, ундан моддий манфаат қўлга киритиш мақсадида ўзларининг ижтимоий тармоқларига жойланган туҳматли видеотасвирларни ўчириш, “Med Consultant” клиникаси ҳамда раҳбари У.А. нинг обрўсини тиклаб беришни ваъда қилган. Эвазига эса клиника раҳбаридан Комила Абдуқодировани қўшимча даволаш учун Туркиядаги хусусий клиникага 35 минг доллар ўтказиб беришини талаб қилган.

Суд мажлисида судланувчилар – Комила Абдуқодирова, Барчин Ғофурова ва Ниҳола Ражабова айбларига иқрор бўлмаган. 

Жабрланувчи У.А. эса дастлабки терговдаги кўрсатмаларини тасдиқлаб, судланувчиларга нисбатан даъвоси борлигини билдирган ва уларга нисбатан қонуний жазо тайинлашни сўраган. 16 июнь куни бўлиб ўтган судда судланувчиларга юқорида келтирилган жазолар тайинланган Н.Р. ва жабрланувчи У.А. нинг шикоятлари  асосида ушбу жиноят иши Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида қайта кўрилиб, биринчи инстанция судининг ҳукми бекор қилинган.

Хусусан, апелляция судининг кеча, 13 ноябрдаги ҳукмига кўра, Комила Абдуқодирова, Барчин Ғофурова ва Ниҳола Ражабова Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Комила Абдуқодирова га 3 йил 6 ой, Барчин Ғофуровага 4 йил ва Ниҳола Ражабовага 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазоларни умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Қайд этилишича, жабрланувчи ва бошқа манфаатдор шахсларга жиноят натижасида етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни ундириш масаласи юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиш ҳуқуқлари борлиги тушунтирилган. Апелляция инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг тафтиш инстанциясига шикоят бериши ва протест келтириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ беҳаё чиқишлари ортидан жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлган актриса Нилуфар Ҳамидова 7 суткага қамалган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends