“Олий судга чиқамиз”. “Санжик”га ҳеч ким ёрдам беролмади
Review
−
20:42 1087 2 minutes
Бугун, 8 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида “Real Sanjik” тахаллуси билан танилган Санжар Каримовнинг аппеляция иши бўйича суд жараёни ўз якунига етди ва дастлабки жазо ўзгаришсиз қолдирилди. У 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Унга Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а” банди билан тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўзгартирилмади. Шунингдек, Жиноят кодексининг 59–61-моддаларига асосан тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни тўлиқ қўшиш йўли билан узил-кесил 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари миқдорида, яъни 136 миллион сўм жарима жазоси тайинланган.
Санжар Каримов суд залида журналистларга берган интервюсида суд адолатсиз бўлганини айтди.
“Хулосам – суд адолатсиз бўлди. Мен пулимни йўқотдим, тинтув ноқонуний бўлди, бирорта тайинли важ йўқ эди”, дейди у.
Суд жараёнларида Каримовнинг ҳимоячиси сифатида иштирок этган адвокатлардан бири ҳам ажримга нисбатан ўз фикрларини билдирди.
“Биз бу аппеляция судидан кўп нарса кутган эдик, лекин якунда воқеалар биз кутгандек бўлмади. Суд адолатсиз ҳукм чиқарди. Судларимиз мустақил бўлмаса, биз ва халқимиз кимга ишониши керак, билмадим.Аммо биз охиригача борамиз. Олий судга ҳам, керак бўлса Гаградаги халқаро судгача ҳам борамиз. Чунки биз инсон манфаати ва қонун устуворлиги деган масала учун курашяпмиз. Биз Санжар Каримов ёки битта фуқаронинг ҳуқуқи бузилиши миқёсида бутун бир Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ҳақиқатан ҳам ишлатиш учун ҳаракат қиляпмиз”, дейди у.
Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 61-моддасига асосан тайинланган жазолар алоҳида-алоҳида ижро этилиши белгиланди. Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди ва апелляция шикоятлари қисман қаноатлантирилган.
Умид Сулаймонов
Live
All