Тинчлик минбаридаги “уруш қийқириқлари”: БМТнинг сессиясида дўзах таҳдидлари қилинди
Review
−
21:26 891 14 minutes
Дональд Трамп БМТ минбаридан туриб Эронни йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилди. Ростдан. Дунёда урушларни олдини олиш ва тинчликни сақлаш каби миссия билан тузилган ташкилот сессиясида бундай гапни айтиш БМТ обрўсини очиқчасига ерга уришдан бошқа нарса эмас.
Туркия Президенти Эрдўған ҳам БМТни ўзининг бирламчи ва муқаддас вазифасини – тинчликни сақлаш функциясини бажара олмаётганликда ва кучсизланиб бораётганликда айблади.
Трамп бўлса Владимир Путин ва Биньямин Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берган Халқаро жиноий судни “назоратдан чиққан институт” деб атади. Барча давлатларни унинг таркибидан чиқишга чақирди. Хуллас, БМТнинг навбатдаги сессияси қизиқ ўтяпти. Жараёнларни қисман кўриб чиқамиз.
“Эронни дўзахга маҳкум этаман”
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Бош Ассамблеянинг 81-сессияси ўз ишини бошлади. “Ишончни тиклаш ва ўзгаришларни бошқариш” дея номланган ушбу олий даражадаги анжуманни, жаҳон етакчиларининг айримлари, афсуски, халқаро хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш манбаи эмас, ўзаро зиддиятлар, очиқдан-очиқ таҳдидлар ҳамда геосиёсий савдолашувлар майдонига айлантириб юборяпти.
Ўзининг 81 йиллик тарихида БМТ дунёда тинчлик ва тотувликни сақлаш борасида жиддий синовларни бошдан кечирган, бироқ 22 сентябрь куни минбарга чиққан АҚШ Президенти Дональд Трампнинг баёнотлари ташкилотнинг туб моҳиятига зид чиқиш бўлди. Асосий ва ягона мақсади ер юзида урушларни олдини олиш, барқарорликни таъминлаш бўлган халқаро ташкилотнинг бош минбаридан туриб, Оқ уй раҳбари Эрон каби суверен бир давлатни “йўқ қилиб ташлаш” билан таҳдид қилди.
“Мен муҳим қарор қабул қилишим керак. Эрон билан келишувга эришиб, уларга тикланиш ва аввалгига қараганда анча буюкроқ мамлакатни барпо этиш имконини бераманми? Ёки мен Эронни йўқ қиламанми ва буни тезда, уларга яна одамларни ўлдириш ва мамлакатларни вайрон қилиш имкониятини бермасдан қиламанми? Ёки мен уларни тирик қолиш имкониятисиз ва келажак авлодлар учун буюклик умидисиз дўзахга маҳкум этаманми?”, дейди АҚШ президенти.
Залдагилар тинчлик ва адолат ҳақидаги маърузалар кутиб турган бир пайтда, ушбу таҳдид халқаро ҳамжамиятда кескин реакцияга сабаб бўлди. Трамп ўз нутқида Эрон билан келишув 3 ноябрдаги АҚШ оралиқ сайловларидан кейин, балки ундан ҳам олдин тузилиши мумкинлигига шама қилди. Аммо савол туғилади: дўзахга маҳкум этиш таҳдиди остида олиб борилаётган музокараларни қанчалик “конструктив” деб бўлади? Эрон Қуролли кучлари вакиллари Трампнинг ушбу чиқишини навбатдаги тарғибот ва пропаганда деб атаб, Ислом Республикаси “тажовузкорларга янада оғир, вайрон қилувчи ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган зарбалар беришга тўлиқ тайёр” эканини билдирди.
Қизиқ томони, минбардаги таҳдидлар бир томонда қолиб, ундан кейинги учрашувлар ортида мутлақо бошқа манзара шаклланмоқда. Трампнинг нутқида Эрон делегацияси зални намойишкорона тарк этган бўлса-да, шу куннинг ўзида Нью-Йорк меҳмонхоналарида воситачилар орқали парда орти дипломатик “марафони” авж олди. АҚШнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва жаред Кушнер ҳамда Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ўртасида Қатар ва Покистон воситачилигида узоқ мулоқотлар бўлиб ўтди. Тахминан уч соат давом этган бу қатнов музокараларини Трампнинг ўзи “жуда самарали” деб баҳолади. Эрон эса Ҳормуз бўғозини қайта очиш ва қатновни тиклаш учун АҚШдан денгиз блокадасини зудлик билан бекор қилиш, санкциялар сабабли музлатилган активларни бўшатиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилмоқда. Эроннинг юқори мартабали расмийлари “Reuters” агентлигига берган интервьюсида, агар Вашингтон ҳарбий ва иқтисодий босимни юмшатса, бўғоз бир неча кун ичида очилишини маълум қилди. Демак, БМТ минбаридаги “қилич чархлаш” амалда Вашингтоннинг музокаралар столида ўз шартларини ўтказиб олиш учун ишлатаётган геосиёсий дастагидан бошқа нарса эмас.
“Куба давлати тез орада қулайди”
АҚШ Президенти нутқи давомида Куба давлатининг коммунистик режимини кескин танқид қилиб, уни “барбод бўлган давлат” деб атади ҳамда мамлакат доимий дипломатик ва иқтисодий босим остида эканини ва бу режим тез орада барҳам топишини таъкидлади. У АҚШнинг асосий мақсади оролда “туб ўзгаришлар” қилиш ва “озодликни қарор топтириш” эканини билдирди.
“Менинг маъмуриятим, шунингдек, коммунистик режим ўз тарихидаги энг кучли босим остида бўлган Кубадаги вазиятни тубдан ўзгартиришга интилмоқда. Бу мутлақо барбод бўлган давлат... У ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муваффақиятсизликка учрамоқда ва у тез орада қулайди”, деди Трамп.
Бу гаплардан кейин Куба делегацияси мажлислар залини намойишкорона тарк этди. Ушбу воқеа заминида чуқур сиёсий омиллар ётади. Трамп маъмурияти Кубага нисбатан қатъий санкциялар сиёсатини, хусусан энергетика блокадасини қўллаш орқали мамлакатдаги ички ва иқтисодий муаммоларни халқаро ҳамжамият эътиборига олиб чиқишга уриняпти. Куба раҳбарияти эса бу баёнотларни мустақил давлатнинг суверенитетига тажовуз ва сохта айбловлар деб баҳолади. Зални тарк этиш орқали Гавана АҚШ босимига таслим бўлмаслигини ва ўз сиёсий йўлида қолишини кўрсатиб қўйди.
Трамп Гренландия бўйича ниятига етди
АҚШ президенти фақат Эрон масаласи билан чекланиб қолмади. У Нью-Йоркда Яқин Шарқ ва Форс кўрфази давлатлари раҳбарлари билан ҳам қатор учрашувлар ўтказди. Эрон билан ҳарбийлашган можаро юзага келган тақдирда, айнан шу мамлакатлардаги Америка ҳарбий базалари биринчи бўлиб нишонга айланиши аниқ экани ҳисобга олинса, ушбу минтақавий етакчиларнинг хавотирини тушуниш қийин эмас.
Айни шу БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси доирасида “иштаҳаси карнай” Вашингтон ўзининг Арктика бўйича кўп йиллик стратегик мақсадларини расмийлаштириб олди. 22 сентябрь куни Дональд Трамп, Дания Бош вазири Метте Фредериксен ва Гренландия Бош вазири Йенс-Фредерик Нильсен Гренландияда Америка ҳарбий иштирокини оширишга оид тарихий битимни имзолади. Бир неча йил олдин Гренландияни тўғридан-тўғри “сотиб олиш”ни таклиф қилиб, рад жавобини олган ва ҳатто ҳарбийлаштирилган босқин эҳтимолини ҳам инкор этмаган Трамп, бу сафар дипломатия орқали ўз ниятига эришди.
Муддатсиз характерга эга бўлган ушбу янги келишувга кўра, АҚШ Гренландияда дарҳол иккита йирик ҳарбий база қуришни ва ҳарбий контингентни жойлаштиришни бошлайди. Келишувда Нарсарсуак ҳамда Местерс-Вигдаги собиқ ва мавжуд базалар кўрсатиб ўтилган, қолаверса, АҚШ зарурат туғилганда янги базалар очиш ҳуқуқини ҳам ўзида сақлаб қолади. Америка ҳарбий самолётлари, кемалари ва дронлари орол бўйлаб эркин ҳаракатланади. Энг қизиғи, шартномада НАТОга аъзо бўлмаган ҳар қандай давлатнинг Гренландияда ҳарбий иштирок этиши тақиқланади ҳамда Россия ва Хитойдан йўналтириладиган инвестицияларни блоклаш механизми жорий этилади.
“Биз тегишли ҳудудларда сезиларли ҳарбий иштирокни ўрнатишни дарҳол бошлаймиз. Биз иккита жуда йирик ҳарбий база қурамиз. АҚШ рақибларидан ҳеч бирига бундан буён бизнинг ёзма рухсатимизсиз Гренландияда ҳарбий иштирок ёки у ерда нозик инвестицияларни амалга оширишга йўл қўйилмайди”, дейди Трамп Оқ уйнинг тўғридан-тўғри трансляциясида.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио эса бу ҳаракатларни изоҳлаб, Гренландиядаги базалар АҚШ ракетага қарши мудофаасининг биринчи чизиғига айланишини, чунки эҳтимолий ракета зарбалари айнан Арктика орқали келиши мумкинлигини таъкидлади.
Дания Бош вазири Метте Фредериксен ҳам Трампнинг ёнида туриб ушбу ҳужжатни “кенг қамровли ва абадий бўлиши мумкин бўлган битим” деб атади ҳамда бу Европа ва НАТО хавфсизлиги учун фойдали эканини қўшимча қилди.
“Бу келишув АҚШ, Гренландия, Дания ва НАТО учун, демак, Европа учун ҳам манфаатлидир. Трамп рақибларнинг жуда яқинлашишини истамайди. Мен тўла қўшиламан. Биз уларга Гренландия устидан ҳар қандай назоратни қўлга киритишга ёки у ерда сезиларли таъсирга эга бўлишга йўл қўйилмаслигига эришяпмиз. Шу билан бирга, биз Арктикада кўпроқ иттифоқчилар иштирок этишини таъминламоқдамиз”, дейди Дания Бош вазири Метте Фредериксен Трампга мурожаат қилар экан.
Гренландия Бош вазири Йенс-Фредерик Нильсен эса “Сизнинг хавфсизлигингиз – бизнинг хавфсизлигимиз” деди. Ёки шундай дейишдан бошқа чораси қолмади. Аслида эса, АҚШнинг фақат битта база билан чекланишини ва Гренландия ҳукуматининг тенг ҳуқуқли розилигини кўзда тутувчи 1951 ҳамда 2004 йилдаги келишувларни бир четга суриб қўйиб, Вашингтон иккита янги йирик база қуриш, эркин ҳарбий ҳаракатланиш ва учинчи давлатлар инвестицияларига вето қўйиш ҳуқуқи орқали ҳеч қандай молиявий харажатларсиз стратегик муҳим Арктика ороли устидан тўлиқ ҳарбий-сиёсий назоратни ўз қўлига олди.
“Сунъий интеллект” эмас, “супер интеллект”
Трамп фақатгина сиёсий мавзулар бўйича фикр билдирмади. Оқ уй раҳбари доимгидек барча соҳаларга “ўз луғатини” сингдиришга уринди. У технология соҳасига тўхталар экан, АҚШ расмий ҳужжатларида “сунъий интеллект” атамасини тақиқлаб, уни “супер-интеллект” деб қайта номлашини эълон қилди.
“Бундан буён АҚШ ҳужжатларида ва умид қиламанки, бутун дунё “сунъий” ўрнига анча аниқроқ “супер” атамасидан фойдаланади. Мен саноат инқилобидан ҳам кўламлироқ бўладиган нарсанинг ўсишини тўхтатмоқчи эмасман”, дейди Трамп.
Путин ва Нетаньяху ҳибсга олинмайди
Глобал ҳуқуқ-тартибот масаласида эса Трамп кутилмаган ва очиқдан-очиқ тажовузкор чақириқ билан чиқди. У Владимир Путин ва Биньямин Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берган Халқаро жиноий судни (ХЖС) “назоратдан чиққан институт” ва “ёвузлик қилаётган одамлар гуруҳи” деб атади ҳамда ташкилотга аъзо барча давлатларни ундан зудлик билан чиқишга чақирди.
“Мен ХЖСга аъзо бўлган барча мамлакатларни ушбу институтга аъзоликни зудлик билан расман тўхтатишга чақираман”, дейди у.
АҚШ ва Исроил ХЖС юрисдикциясини тан олмайди. Август ойида Марко Рубио ХЖС раиси Томоко Акане ва катта прокурори Абдулла Сейега нисбатан АҚШ санкцияларини жорий қилган эди. Бунга суднинг америкалик ва исроиллик ҳарбийларга нисбатан тергов бошлагани, шунингдек, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху, собиқ мудофаа вазири Йоав Галант ҳамда Россия Президенти Владимир Путинга нисбатан ҳибсга олиш ордерини чиқаргани сабаб бўлган. Вашингтон Гааганинг ушбу ҳаракатларини “суверенитетга таҳдид” деб баҳоламоқда ва халқаро ҳуқуқ нормалари билан ҳисоблашишни истамаётганини намойиш этмоқда.
Уруш ҳамма ўйлаганидан тезроқ тугайди
Нью-Йоркдаги дипломатиянинг яна бир муҳим қисми Украина нейтраллиги ва урушни тугатиш масаласига қаратилди. Трамп Россия ва Украина раҳбарлари билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини ва можаро “ҳамма ўйлагандан кўра, тезроқ” ҳал бўлишини маълум қилди. У Линдси Грэм қонунига асосланиб, Россияга қарши санкцияларни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
БМТ доирасида Украина Президенти Владимир Зеленский ва Дональд Трамп ўртасида ўтган ёпиқ мулоқотдан сўнг, Зеленский урушни қишгача тугатишга умид билдирди. Зеленскийнинг таъкидлашича, агар Москва ҳам шундай мажбурият олса, Киев Россия энергетика объектларига зарба беришни тўхтатишга ва энергетика сулҳига рози. Қолаверса, Зеленский Владимир Путин билан “исталган вақтда” уч томонлама учрашувга тайёрлигини билдирди. Зеленский, шунингдек, АҚШ Украинада Patriot ракеталарини биргаликда ишлаб чиқариш бўйича лицензия бериш лойиҳасини қўллаб-қувватлаётганини қўшимча қилди.
Ғазо энг катта қабристонга айланди
Трампнинг таҳдид тўла чиқиши фонида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ минбаридан сўзлаган нутқида халқаро жамиятнинг оғриқли нуқталарига бармоқ босди. Эрдўған БМТни ўзининг бирламчи ва муқаддас вазифасини – тинчликни сақлаш функциясини бажара олмаётганликда ва кучсизланиб бораётганликда айблади.
“Ғазо бугун нафақат дунёдаги энг катта қабристон, балки дунёда ампутация кўрсаткичи энг юқори бўлган минтақадир. Ғазо – давримизнинг энг инсонийликка зид, энг уятли қирғинидир. Ҳаммамизни ларзага солиши керак бўлган бу манзаранинг бизга айтаётган гапи шу: бундан 81 йил олдин тинчлик ва хавфсизликни сақлаш учун тузилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бугунги кунга келиб бу вазифасини бажара олмайдиган ҳолатга келиб қолди. Ташкилот кучсизланишда давом этмоқда”, деди Эрдўған.
Эрдўған Фаластин Президенти Маҳмуд Аббоснинг кетма-кет икки йилдирки БМТ залига киритилмаётганини “виждонларни яралаётган адолатсизлик” деб атади ва Туркия озод Фаластин овози бўлишини айтди.
“Кечирасиз, лекин бу Тойиб Эрдўғаннинг шахсий масаласи эмас. Бу гуманитар масала. Бу барчамиз учун виждон масаласи. Биз ўлдиришдан ҳеч қачон тўймайдиган геноцид тафаккурига дуч келяпмиз. БМТ заифлашишда давом этяпти. Фаластинда, Ливанда, Суданда ва бошқа инқирозли ҳудудларда БМТга умид боғлаганларнинг ҳафсаласи пир бўляпти. Аммо шуни эслатиб ўтмоқчиманки, бир кун келиб ҳамма инсониятнинг умумий виждонидан паноҳ излашга мажбур бўлади. Бугун биз ўзимизни хавфсиз, фаровон ва тинч ҳис қилишимиз мумкин. Бугун биз можаролар ва инқирозли ҳудудлардан узоқда, қулай шароитларда яшашимиз мумкин. Аммо ҳеч биримиз эртага нима бўлишини ёки бошимизга нима тушишини билмаймиз”, деди Эрдўған.
Туркия етакчиси Хавфсизлик Кенгашини тубдан ислоҳ қилиш ва доимий 5 та аъзо (АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция)нинг вето ҳуқуқини бутунлай бекор қилишга чақирди. Эрдўғаннинг фикрича, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг шаклланган бу тузилма замонавий воқеликка мутлақо жавоб бермайди ва дунё тақдири “бир нечта пойтахт”нинг қарорига боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак.
“190 дан ортиқ мамлакат иродаси атиги 5 та мамлакат инжиқлигига бўйсунадиган тизим адолатли тизим эмаслигини ва у тўлиқ ишонч уйғотишга ёки ўрнатишга қодир эмаслигини тан олишимиз керак. Хавфсизлик Кенгаши “дунё бештадан каттадир” тамойилига мувофиқ мутлақо ислоҳ қилиниши керак. Вето ҳуқуқини бекор қилиш ҳар қандай мазмунли ислоҳотнинг ҳам бошланғич нуқтаси, ҳам асосий стратегик мақсадига айланиши керак. Ислоҳот худди шу имтиёзнинг бошқа давлатларга ҳам тарқатилишидан иборат бўла олмайди”, дейди Туркия Президенти.
Ражаб Тойиб Эрдўған Ғазони тиклаш масаласини ҳам кўтарди. Қолаверса, у пойтахти Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлати барпо этилишига ишонишини билдирди.
“Биз бир йил аввал Шарм ал-Шайхда имзолаган келишувга содиқ қоламиз. Энди биз Ғазони қайта тиклашни имкон қадар тезроқ бошлашимиз керак. Шу муносабат билан мен сизларни Исроилга янада кўпроқ босим ўтказишга чақираман. Ҳамма қуйидагиларни тушунсин ва қабул қилсин: Фаластин давлатини бўғишга уринишлар муваффақиятсизликка учрайди. Иншааллоҳ, 1967 йилги чегараларга асосланган, ҳудудий яхлитликка эга ва пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлати барпо этиладиган ўша яхши кунларни кўрамиз”, деди президент.
Туркия раҳбарининг энг муҳим, ҳозирда дунё медиасида тинмай муҳокама қилинаётган гаплари нутқининг охирида айтилди. У ўзи кўтарган масала айрим тоифанинг ғашига тегишини, унга қарши чоралар кўришларини, лекин нима бўлса ҳам мазлумлар тарафида туришини билдирди.
“Бугун бу ерда чин юракдан айтган ҳақиқатларим, албатта, баъзи одамларни безовта қилади, уларнинг ҳузур-ҳаловатини бузади ва ёлғонларининг ниқобини ечади. Шунингдек, улар овозимизни ўчиришга уриниб, ҳар хил идрокни бошқариш операцияларига мурожаат қилишларини ҳам яхши биламан. Марҳум шоир Сезаи Каракўч шундай деган эди: “Улар биз жим турсак, масала йўқ бўлиб кетади, деб ўйлашади. Аммо биз жим турсак ҳам, тарих жим турмайди. Тарих жим турса ҳам, ҳақиқат жим турмайди. Улар биздан қутулсалар, муаммо ҳал бўлади, деб ишонишади. Бироқ улар биздан қутулсалар ҳам, ўз виждонлари азобидан қутула олмайдилар. Виждонлари азобидан қутулсалар ҳам, тарих азобидан қутула олмайдилар. Тарих азобидан қутулсалар ҳам, Худонинг жазосидан қутула олмайдилар”. Мен, Ражаб Тойиб Эрдўған, виждони, тарихи ва раҳм-шафқати йўл кўрсатган буюк миллатнинг президенти сифатида, иншааллоҳ, Аллоҳ менга умр берар экан, шу минбардан туриб, мазлумларнинг, жабрдийдаларнинг ва овозсизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этаман. Уларнинг овози бўлишда, улар номидан гапиришда ва улар учун курашишда давом этаман. Агар керак бўлса, қийинчиликка чидаймиз, агар керак бўлса, бадалини тўлаймиз, лекин адолатсизлик қаршисида жим турмаймиз ва зулмга ҳеч қачон рози бўлмаймиз”, деди Туркия етакчиси.
Макрон жим турмади
Франция Президенти Эммануел Макрон аввалдан чиқишларида ва халқаро минбарларда Ғазодаги инқироз бўйича ўзининг кескин ва қатъий позициясини билдирди. У БМТ Бош Ассамблеясидаги нуқтида ҳам бу ишини давом эттирди. Фаластин фожиасини “барчамизни уялтирадиган томоша” деб атади ҳамда ушбу инқироз қаршисида халқаро ҳамжамиятнинг жимлигини ва уни ҳеч нарса қила олмаётганини очиқчасига танқид қилди. Макрон ўз нутқида залга таъсирчан сўзларни айтди:
“Бир йил аввал, худди шу ерда, Фаластинни расман тан олган ўнлаб давлатлар қаторида эдик. Мен баъзиларнинг “булар шунчаки қоғоздаги тан олишлар, реал воқелик бошқача”, деган пичингларини эшитмаяпманми? Ғазо фожиаси қаршисида қўл қовуштириб тураверсак, халқаро ҳамжамият сифатида бизнинг обрўйимиз, ишончимиз қаерда қолади? Баъзилар гўёки тинчликка эришгандек керилади. Лекин бу “тинчлик” бирор сонияга бўлса-да гуманитар йўлакларни оча олдими? Наҳотки барчамизни уялтираётган ушбу мудҳиш манзарани жим кузатиб туришга маҳкум бўлсак? Асло ва ҳеч қачон! Бугун содир бўлаётган воқеаларга очиқ кўз билан қаранг. Ғарбий Соҳилда ҳар куни очиқдан-очиқ қонунбузарликлар содир этилмоқда. Хўш, нима сабаб? Ахир Ҳамас Ғарбий Соҳилда ҳеч қачон фаолият олиб бормаган-ку! Бу ҳаракатлар – Фаластин халқининг мавжуд бўлишга бўлган қонуний ҳуқуқларини ҳар куни қадамма-қадам йўққа чиқариш ва мустақил давлат қуриш имкониятини тамоман барбод қилишдан бошқа нарса эмас”, деди президент.
БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясидаги манзаралар шуни кўрсатадики, бугунги кунда ҳамма шусиз ҳам тушуниб турган халқаро дипломатиянинг чуқур инқирози катта минбарларда ҳам рад қилиб бўлмайдиган даражага етди. Асосий мақсади барча миллатларни бир стол атрофида тенглик ва тинчлик тамойиллари асосида бирлаштириш бўлган платформа, афсуски, қудратли давлатларнинг ҳарбий база қуриш шартномаларини расмийлаштирадиган, суверен давлатларни йўқ қилиш билан таҳдид қиладиган ва халқаро ҳуқуқ институтларини топтайдиган минбарга айланиб бормоқда.
Live
All