Тошкентда яна фожиа, отасига “миллат отаси” рутбасини берган Лола Каримова, даҳшатли, ЙТҲга учраган ҳоким, ўзгараётган божхона – Ҳафта таҳлили

Review

Reklama
0:00

Яна бир ҳафта, яна бир мавсум ортда қолди. Куз келди. Дарахтлар барг тўкадиган давр. Аммо, Тошкентда дарахтлар барг тўкиш ўрнига, бор бўйи билан машиналар устига ағдариляпти. Яна қаерда? Марказий кўчаларда. Ҳеч шу муаммонинг ечими топилмади. То кимдир ўлиши, ўлгандаям бирор чет эллик дарахт тагида қолиб вафот этиб, хорижий матбуотда сазойи қилинишимиз керак чоғи. Унгача кўзимиз очилмайди. Очилганда шу ҳафта Мирзо Улуғбек туманида йўлда юриб кетаётган автомобиллар устига дарахтлар ағдарилмаган бўлармиди!? Қизиқ-а? Йўлда юришга ҳам қўрқиб қолди киши. Бир ёндан устинга янги кўприк ағдарилса, иккинчи ёндан дарахтлар бўй ташлаб турса. Учинчи ёндан ер остида нимадир портлаб, йўл кўчса, машинангга зарар етса, бу қанақа шаҳар ўзи? Гапираман десанг гап кўп.

Ислом Каримов Президент бошчилигида хотирланди

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафот этганига 10 йил тўлди. Сентябрь ойи анъанага кўра, Ислом Каримовни хотирлашдан бошланди. Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида Президент Администрацияси, Парламент ва Ҳукумат аъзолари ҳамда пойтахт жамоатчилиги Ислом Каримов фаолият юритган Оқсарой мажмуасига тўпланди. Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйилиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. Маросимда Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Ислом Каримовнинг мамлакат мустақиллиги, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтириш йўлидаги хизматлари ёдга олинди.

Тадбирларда Биринчи Президентнинг рафиқаси 78 яшар Татьяна Каримова ҳам иштирок этди. Айни вақтда оиланинг бошқа аъзолари Ўзбекистонда истиқомат қилмайди. Каримовнинг тўнғич қизи Лола бир неча йил аввал АҚШга кўчиб ўтганини эълон қилганди, аммо у охирги  вақтларда Францияда кўриниш беряпти, турмуш ўртоғи Темур Тиллаев билан ҳам ажрашган. Унинг қизи Марям Тошкентда яшаяпти. 54 ёшни қаршилаган Гулнора Каримова эса ҳамон ҳибсда қолмоқда, унинг фарзандлари – ўғли Ислом ва қизи Имон эса Лондонда. Ислом Каримовни хотирлаш тадбирларида улар ҳеч қачон кўриниш бермаган, фақат бир марта – 2017 йил сентябрда Лола Каримова ва Гулноранинг қизи Имон Тошкентдаги тадбирда иштирок этган, холос.

Лола Каримова гарчи Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарёдаги хотира тадбирларида иштирок этмаган бўлса-да, ҳар йили марҳум президент Каримовнинг таваллуд куни ва вафот этган саналарида ижтимоий тармоқ орқали у билан боғлиқ хотираларини бўлишиб боришни канда қилмайди. Ўтган йили агар Ўзбекистон Сурияга айланмаган бўлса, бунда отасининг алоҳида хизматлари борлигини айтиши орқали таъна-дашномларга қолган Лола Каримова бу сафар марҳумни хотирларкан, у ҳақида илиқ сўзлар айтадиганларга кўп дуч келиши, ҳатто, хорижда уни таниганлар отаси ҳақида яхши сўзлар айтишини ҳикоя қилиб, Ислом Каримовга “миллат отаси” рутбасини берди.

“Отамни Миллат отаси – янги давлат, мустақил Ўзбекистонни барпо этган ва унга асос солган, унинг суверен давлат сифатида шакллантирган ҳамда келажакда равнақ топиши учун зарур бўлган давлат институтларини яратган инсон сифатида хотирасида сақлаб келаётган барчага ўз ташаккуримни изҳор этаман.

Мен шунга гувоҳманки, у киши қарор қабул қилар эканлар, баъзан бу қарорлар ниҳоятда оғир ва мураккаб бўлишига қарамай, доимо келажак авлодлар ҳақида, Ўзбекистоннинг келажаги ҳақида ўйлар эдилар.

Хозирда ҳам мен у кишининг руҳи қаердадир яқинда, кузатиб турганини ҳис қиламан”, дейди Лола Каримова.

Мусаев кетди. У сувдан қуруқ чиқдими?

Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев, Агентликнинг Кореядаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Азиз Тоштемиров, мармар гўшт ва жинсий қувватни оширувчи дори машмашаси эсингиздами? Беҳзод Мусаев куз мавсумидаги тебранишларни ўз истеъфоси билан бошлаб берди. У бу лавозимга 2024 йилнинг сентябрида тайинланганини инобатга олсак, Мусаев агентлик директори курсисига нақ 2 йил эгалик қилди. Бадиийроқ тус берсак, Мусаевнинг агентликдаги қуёши кузда чарақлаб, яна кузда ботди.

Мусаевдан бўшаган ўринни Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси лавозимида ишлаган Мухсинхўжа Абдураҳмонов эгаллади.

Ўзбекистон Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадовнинг Telegram-каналида эълон қилишича, Мусаевнинг истеъфога чиқарилишига унинг бошқа ишга ўтаётгани сабаб бўлган. Бироқ, 3 сентябрь куни имзоланган Мусаевнинг истеъфога чиқарилиши ҳақида имзоланган қарордан икки кун ўтиб ҳам унинг яна қайси ишга ўтказилгани ҳақида маълумотлар очиқланмади. Жамоатчилик вакиллари, журналистлар ва фаоллар эса Мусаевнинг лавозимидан озод этилганини бир томондан олқишласа, иккинчи томондан Азизбек Тоштемировнинг унга нисбатан қўйилган айбловлари бўйича текширув хулосалари очиқланиб, унинг айбсизлиги исботланмагунича, янги лавозимга ўтказилиши хато бўлишини айтмоқда. Фаоллар бу ҳақда бонг ураркан, Мусаев Соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлаган даврларда мамлакатда “Док-1 Макс” дориси сабабли 69 нафар боланинг вафот этгани ва Мусаев вазир ўлароқ жавоб бермаганини эслаяпти.

Хўш, ўзи Миграция агентлиги атрофида қандай гаплар болалаган? Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси Миграция агентлиги, хусусий бандлик агентликларининг собиқ мансабдорлари ва бошқалардан иборат уюшган жиноий гуруҳ Корея давлатига меҳнат муҳожири сифатида ишга юбориш билан боғлиқ коррупцион “схема” яратиб, фуқаролардан расмий тўловлардан ташқари, фирибгарлик йўли билан 7-12 минг АҚШ долларидан, қарийб 90 млн АҚШ доллари йиққани ҳақида хабар берган эди.

29 июль куни Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судида ушбу иш бўйича ДХХ собиқ мулозимлари – подполковник Ганчар Узоқов, подполковник Алижон Ашуров, Тимур Шариксиев ва Сухроб Сайфутдинов устидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 3-қисми “а” ва “б” бандлари, 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 301-моддаси (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) 1-қисми бўйича суд бошланган. Жиноят ишларида шахсий ҳаёт билан боғлиқ ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган бошқа маълумотлар мавжудлигидан келиб чиқиб, жараён ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши белгиланган.

Бош прокуратура 90 миллион долларлик коррупцион “схема” ҳақида ахборот берган ўша ҳафтада Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида Кореядаги ваколатхона раҳбари лавозимида фаолият олиб борган 35 яшар Азизбек Тоштемиров Интерпол орқали халқаро қидирувга берилгани ўртага чиқди. Кўп ўтмай, қаердалиги номаълум бўлган Тоштемиров Telegram’да “Koreya24” номли канал очиб, унга Миграция агентлиги раҳбарияти, хусусан Беҳзод Мусаевникилиги айтилган аудиоёзувлар ва ёзишмалар суратларини жойлашни бошлади.

Унда Беҳзод Мусаев қимматбаҳо совғалар, давлат ҳисобидан 150 минг долларлик машина, премиум дўконлардан харид қилинадиган гўшт маҳсулотлари талаб қилгани, ҳатто, жинсий қувватни оширувчи дори воситаси юборишни сўрагани ҳақида жиддий айбловлар илгари сурилган. Азизбек Тоштемиров ўз каналида барча ҳолатлар бўйича фактлар етарли экани, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этишга тайёрлигини билдирган. Жорий йилнинг 20 июнь куни Миграция агентлиги шов-шувли ҳолат бўйича расмий муносабат эълон қилиб, иддао қилинган ҳолатларни аниқлаш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилинаётганини билдирган эди. Бироқ, қўйилган айбловлар бўйича олиб борилган ишлар натижалари орадан икки ярим ой ўтса ҳамки очиқланмади.

QALAMPIR.UZ Мусаевнинг истеъфосидан хабар топган заҳоти, Бош прокуратура ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан боғланди. Манбанинг маълум қилишича, айни вақтда Мусаев устидан ҳеч қандай текширув бошланмаган. Хуллас, Бағдодда ҳаммаёқ тинч. Беҳзод Мусаев ва агентликнинг бошқа мансабдорларига нисбатан қатор айбловлар билан чиқаётган Тоштемировнинг номи эса июль ойи ўрталарига келиб, Интерпол қидирувидаги шахслар рўйхатидан ғойиб бўлди. Расмий идоралар бунга изоҳ бермади.

Зафаробод ҳокими мудҳиш ЙТҲга учради

Жиззах вилоятининг Зафаробод тумани ҳокими Ғайратжон Эшпўлатов ўзига бириктирилган “KIA Seltos” русумли хизмат автомобилида йўл-транспорт ҳодисасига учради. Автомобиль катта юк машинасининг орқа томонига урилгани ва рулда ҳокимнинг мактабда ўқийдиган ўғли бўлгани айтилмоқда.

Ҳодиса Зафаробод тумани “Нурафшон” МФЙ ҳудудидан ўтувчи йўлда жорий йилнинг 30 август куни тонги соат 07:45 да содир содир бўлган бўлса-да, унинг иси 2 сентябрь куни чиқди. Шундан сўнг, Зафаробод тумани ҳокимлиги расмий ахборот берди. Баёнотда айтилишича, юк автомобили ҳоким ўтирган машинанинг йўлига чиқиб кетган, рул бошқарувида эса ҳокимнинг ўзи бўлган.

“Ҳайдовчилик фаолияти билан шуғулланувчи Мўминов “МАЗ” русумли юк автомашинасини Зафаробод йўналишида бошқариб бораётиб, чап томонга бурилиш вақтида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган Зафаробод тумани ҳокими Ғайрат Эшпўлатов бошқарувидаги “KIA SELTOS” русумли хизмат автомашинасининг ҳаракат йўлига чиқиб кетган. Натижада тўқнашув содир бўлган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида туман ҳокими Ғайрат Эшпўлатов ҳамда автомашинада йўловчи сифатида бўлган унинг вояга етмаган ўғли турли даражадаги тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Мўминов эса тан жароҳати олмаган”, дейилади ҳокимлик баёнотида.

Йўл-транспорт ҳодисаси ортидан Зафаробод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Яккасаройда портлаш овози

3 сентябрь куни Яккасарой туманининг Глинка кўчасида юқори босимли труба ёрилиши оқибатида йўл қопламасининг бир қисми ўпирилди. Трубанинг ёрилиши бир вақтнинг ўзида ҳам кучли портлаш шовқини, ҳам чанг-тўзон билан содир бўлган. Ҳодиса оқибатида бир киши жароҳатланган. Бир неча автомобиллар жиддий зарар кўрган.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ахборотига кўра, ҳодисага ерости газ қувуридаги сизиб чиқиш сабаб бўлган. Бироқ, “Ҳудудгаз пойтахт” газ таъминоти филиали мазкур ҳудуддан юқори босимли газ қувури ўтмагани ҳамда содир бўлган ҳодиса табиий газ тармоқлари билан боғлиқ эмаслиги, шунингдек, ўрганишлар давомида газ сизиб чиқиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмаганини айтмоқда.

Пойтахт ҳокимлигининг дастлабки маълумотларига кўра, диаметри 219 мм бўлган ерости газ қувуридан сизиб чиққан газ иссиқлик тармоғи камерасида тўпланиб, авария ҳолатини юзага келтирган. Текширув давомида газ қувурининг тахминан 375 кв см (15×25 см) майдонида бир нечта жойдан газ сизиб чиқаётгани аниқланган.

“Ҳозирги вақтда Тошкент шаҳар ҳокимлиги учун нафақат ҳодиса оқибатларини бартараф этиш, балки унинг сабабларини чуқур ўрганиш, муҳандислик тармоқларининг ҳолатини текшириш ва бундай ҳолатлар такрорланишига йўл қўймаслик принципиал аҳамиятга эга”, дейилади пойтахт ҳокимлиги хабарида.

Воқеа жойига зудлик билан Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ва тегишли идоралар раҳбарлари етиб борган. Ҳолатга гувоҳ бўлиб, уни телефон камераларига муҳрлаганларнинг айтишича, Умурзоқов туман ҳокими Нилуфар Аллабергановани кўпчилик олдида қаттиқ койиган.

Айни вақтда мазкур ҳолат ортидан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов якунларига кўра, айбдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши айтилмоқда.

Шу ўринда қистириб ўтиш ўринлики, Тошкент шаҳар ҳокимияти охирги вақтларда содир бўлаётган аварияли ҳолатлар бўйича эълон қилаётган баёнотларида, айбдорларга тегишли тартибда чора кўрилиши ва ахборот берилишини маълум қилса-да, кўплаб ҳолатлар енг ичида қолиб кетмоқда. Бундан бир ой аввал Олмазор тумани Беруний кўчаси ҳудудида олиб борилаётган қурилишда содир бўлган фожиада бир киши жароҳатланиб, кўп қаватли уйга жиддий зарар етган эди. Ҳодиса ортидан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди, бироқ орадан бир ойдан ошиқ вақт ўтди ҳамки, ҳодисанинг бошқа тафсилотлари ва жиноят ишига оид материаллар эълон қилинмади.

Таиланд ўзбекистонликларга визасиз режимни бекор қилди

Таиланд 93 та мамлакат, жумладан, Ўзбекистон учун амал қилаётган 60 кунлик визасиз режимни бекор қилди. Мамлакат Ҳукумати тегишли қарорни 26 август куни қабул қилган ва у 15 сентябрдан кучга киради.

Энди Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга кириш учун Қиролликнинг расмий электрон виза портали орқали электрон виза анкетасини тўлдириб, кириш визасини олишлари мумкин. Электрон виза анкетаси тўлдирилгандан сўнг, виза учун тўловни амалга ошириш учун фуқаро Таиланд Қироллигининг Россия Федерациясидаги Москва шаҳрида жойлашган элчихонасига шахсан бориши керак.

Ҳукуматнинг ушбу қарорга келишига 60 кунлик енгилликдан фойдаланиб, кўплаб хорижликлар турист сифатида кириб, ноқонуний ишлаш, масофавий меҳнат қилиш ёки чегарадан чиқиб-кириб, мамлакатда ноқонуний узоқ муддат яшаш ҳолатлари кўпайиб кетгани сабаб бўлган.

Ўзбекистон визасиз саёҳат режимидан чиқариб ташланган бўлса, Мустақил давлатлар ҳамдўстлигидан Россия, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон 30 кунлик визасиз режим имкониятини ўзида сақлаб қолмоқда.

Визасиз режим буткул бекор қилинган ва олдиндан виза талаб этиладиган МДҲ давлатлари қаторига Ўзбекистондан ташқари Тожикистон, Туркманистон, Арманистон, Молдова киритилган. Озарбайжон ва Беларусь фуқароларига эса фақат мамлакатга борганда, чегарани кесиб ўтишда виза олиш имконияти берилган.

Таиланд Ҳукумати Ўзбекистон борасида бундай қарорга келиши бежиз эмас, албатта. Охирги вақтларда Таиландда ўзбекистонликлар билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг июнь ойида Таиландни тарк этиши керак бўлган икки Ўзбекистон фуқароси Пукет халқаро аэропортида божхона ходимлари томонидан юклари ичига яширилган 26 килограммдан ортиқ каннабис билан ушланганди.

Тўрт ўзбекистонлик терроризмда айбланмоқда

Тугаётган ҳафтада Жанубий Кореяда тўрт нафар ўзбекистонлик Суриядаги террорчи гуруҳга пул ва транспорт воситаларини юборганликда айбланиб қўлга олинди. Улар терроризмни молиялаштиришга қарши кураш тўғрисидаги қонунни бузганликда гумонланмоқда.

Тўртовлон 2025 йилнинг апрелидан бошлаб тахминан саккиз ой давомида “Катибат ат-Тавҳид вал-Жиҳод” террорчилик ташкилотига 6,3 миллион вон (тақрибан 4600 АҚШ доллари) қийматидаги криптовалюта юборгани айтиляпти.

Улардан бири ўша даврда гуруҳдан криптовалюта олганликда гумон қилинмоқда ва бу пулларга умумий қиймати 170 миллион вон (тақрибан 126 минг 500 доллар)га тенг бўлган 11 та минилган автомобиль ҳамда иккита экскаватор сотиб олиб, уларни Сурияга жўнатган. Терговчиларнинг фикрича, гумонланувчининг гуруҳ билан расмий алоқалари йўқ, бироқ у ташкилот аъзоси бўлган укаси билан алоқага чиққанидан сўнг, уни қўллаб-қувватлай бошлагани аниқланган.

Гумонланувчи Интерпол томонидан қизил хабарнома билан қидирувга берилганидан бир ой ўтиб, яъни апрель ойида ҳибсга олинган. Шундан сўнг унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиб, айблов эълон қилинган. Ушбу операция Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилган.

Қолган 3 нафар Ўзбекистон фуқароси асосий гумонланувчига минилган автомобилларни топиш каби ишларда ёрдам берганликда айбланмоқда. Улар ҳибсга олинмаган ҳолда полиция томонидан сўроқ қилинган. Асосий гумонланувчи ўз ватандошларидан бирининг номига рўйхатдан ўтган минилган автомобиллар экспорти компаниясини бошқаргани айтилмоқда.

Божхона талаблари ўзгарди

Ўзбекистондан декларациясиз олиб чиқиш мумкин бўлган нақд пул миқдори 10 минг доллар этиб белгиланди. Бу ҳақда Президент томонидан имзоланган “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмурчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда айтилган.

Бундан буён Ўзбекистон ҳудудидан 10 минг АҚШ доллари эквивалентидан ортиқ миқдорда пул олиб чиқсангиз, декларация тўлдирасиз.

2027 йил декабрь ойига қадар бу ўзгариш кўзда тутилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, Ўзбекистонда 2027 йил 1 январдан ягона божхона тўлови товарнинг божхона қийматидан 20 фоиз миқдорида, бироқ ҳар бир килограмм учун 2 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. Амалда божхона божидан озод қилиш ва ноль ставкани қўллаш бўйича берилган имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар сақлаб қолинади. Божхона божи бўйича муддатсиз берилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати эса 2029 йил 1 январгача этиб белгиланади.

Шунингдек, божхона орқали импорт-экспорт жараёнларини амалга оширишда бир қанча талаблар бекор қилинмоқда. 2026 йил 1 сентябрдан ташқи савдо шартномасини тузмасдан инвойс асосида импортни амалга оширишда хорижий ҳамкорга олдиндан тўлов ўтказиш чеклови ва ташқи савдо шартномасини тузмасдан инвойс асосида экспортни амалга оширишда олдиндан 50 фоиз тушумни таъминлаш бекор қилинди.

Яна 1 сентябрдан товарлар экспортини миллий валютада амалга оширишда олдиндан тўловни таъминлаш ёки тўловнинг кафолатли шаклларини (аккредитив, банк кафолати, суғурта полиси) тақдим этиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини синовдан ўтказиш учун маҳсулот намунаси етарли бўлмаганда, санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириш талаблари ҳам бекор қилинди.

Шу қаторда, 1 сентябрдан божхона расмийлаштируви жараёнида биологик актив ва янги кимёвий моддалар, озиқ-овқат қўшимчалари, полимер, парфюмерия-косметика маҳсулотларини олиб кириш учун рухсатнома, шунингдек, дори воситалари ҳамда тиббий жиҳозлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этиш ҳам шарт бўлмайди.

Ўзбекистон учун АЭС қанчага тушяпти?

Россиянинг “Росатом”и томонидан Жиззахда қурилаётган атом электр станцияси лойиҳасининг умумий қиймати 9,5 миллиард доллар бўлади. Жараёнда 3 мингга яқин турдаги маҳсулот ва ускуналардан фойдаланилади. Президент Шавкат Мирзиёев тугаётган ҳафтада Жиззахда интеграциялашган атом электр станцияси ҳамда унга ёндош замонавий шаҳарча барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди.

Расмий Тошкент таърифича, атом энергетикасини ривожлантириш мамлакат энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш, барқарор базавий электр генерациясини яратиш ва энергия манбаларини диверсификация қилишда стратегик аҳамиятга эга.

Атом электр станцияси лойиҳаси жорий йил 4 июндан қурилишнинг фаол босқичига ўтди. Бугунги кунга қадар реактор биноси учун котлован қазиш ишлари тўлиқ якунланиб, 1 миллион куб метрдан ортиқ тупроқ қазиб олинган. Пойдевор плитасининг бир қисмига 916 куб метр бетон қуйилган. Қурилиш-монтаж базасидаги 100 гектар майдонда ер ишлари бажарилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳада маҳаллий маҳсулотлар улуши 21 фоиз ёки 1,9 миллиард долларни ташкил этади. Давлат раҳбари бу кўрсаткич етарли эмаслигини айтган.

Лойиҳада маҳаллий маҳсулотлар улушини камида 30 фоизга етказиш, қурилиш-монтаж ишларининг 65 фоизини миллий корхоналар томонидан бажариш ҳамда 7 минг нафар маҳаллий ишчи ва мутахассисни жалб этиш вазифаси қўйилган.

Шу мақсадда Фориш туманида 200 гектар майдонда қурилиш материалларига ихтисослашган саноат зонасини ташкил этиш, унда камида 100 та қўшма корхонани жойлаштириш ва технологиялар трансфери орқали 15 та йўналишда маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш таклиф этилган. Президент ушбу таклифни маъқуллаб, саноат зонаси иштирокчиларига солиқ ва божхона имтиёзларини татбиқ этиш бўйича қарор лойиҳасини йил якунига қадар киритиш вазифасини қўйган.

Бунда қурилиш сифати ва хавфсизлиги энг устувор масала бўлиши шартлиги, барча ишлар Халқаро атом энергияси агентлиги талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ тўлиқ амалга оширилиши урғуланган.

Лойиҳа фақат реакторлар ва электр тармоқларидан иборат бўлмайди. Станция яқинида 33 минг аҳолига мўлжалланган атомчилар шаҳарчаси ҳам барпо этилади. 100 гектарлик ҳудудда қарийб 10 мингта хонадон қурилиши кўзда тутилган. Шундан 3 мингта хонадон биринчи босқичда бунёд этилади. Шаҳарчада мактаблар, боғчалар, тиббиёт, спорт ва маданият объектлари, илмий институтлар ҳамда яшил ҳудудлар бўлади.

Шунингдек, станциянинг нормал ишлаши учун катта ҳажмдаги ташқи инфратузилма ҳам яратилади. Хусусан, 388 километр электр тармоқлари, 110 киловольтли подстанция, 21 километр ичимлик суви, 120 километр техник сув қувурлари, 39,5 километр автомобиль йўли ва 11 километр темир йўл қурилиши режалаштирилган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends