Диплом бор, иш-чи? Битирувчиларнинг қанчаси ишга жойлашяпти?

Review

Reklama
0:00

Диплом бор, лекин ишсиз санғиб юриш – бугун кўпчиликни қийнайдиган муаммо. Ҳар йили Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларини бир неча юз минглаб талабалар битиради. Ҳозир улар нима қиляпти? Нечтаси ишли бўлган-у, олий маълумотли ишсизлар қанча? Шу каби саволлар кўпчиликда пайдо бўлиши табиий.

Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги раҳбари эса бу саволларнинг барчасига жавоб берди. Улар битирувчиларнинг меҳнат бозорига чиқиши учун қанча вақт талаб этилиши, уларнинг қайси қисми барқарор бандлигини сақлаб қолиши ва ўртача ойлик даромадлари қандай эканини ўрганган. Ва илк бор яратилган “Битирувчилар сифат индекси” бўйича таҳлилларни жорий йилнинг 26 август куни ўтказилган матбуот анжуманида ОАВ вакилларига тақдим этди.

Агентлик директорининг сўзларига кўра, ушбу индекс 2025–2026 ўқув йили битирувчиларининг диплом олганига бир йил бўлмагани учун 170 та ОТМда таҳсил олган 2024–2025 ўқув йили битирувчиларининг 12 ойлик маълумотлари орқали шакллантирилган. етти ой давомида ишлаб чиқилган индексда 249 минг 432 нафар битирувчининг натижалари таҳлил қилинган. Хўш, маълумотлар қанчалик ишончли?

“Биз бу ерда фақат битирувчининг банд ёки банд эмаслигини баҳоламаймиз. Жараён ҳар томонлама ва бир нечта кўрсаткичлар асосида амалга оширилади. Бир платформадаги маълумот тўлиқ бўлмаса, бошқа платформалар орқали барибир аниқлаштириш имконияти мавжуд. Чунки биз 10 тадан ортиқ платформадаги маълумотлардан фойдаланамиз.

Банд бўлган битирувчилар ҳақидаги маълумотларни, аввало, Mehnat.uz – Ягона миллий меҳнат тизимидан оламиз. Масалан, хўжалик юритувчи субъект битирувчини ишга олса, унга Ўзбекистон меҳнат қонунчилигига асосан, энг камида 1 миллион 300 минг атрофида ойлик тайинлаши керак. Шу сабабли бу жараён тизимда қайд этилган бўлса, биз учун битирувчи иш билан таъминланган ҳисобланади.

Энг муҳими, маълумотларни шакллантириш жараёнида инсон омили деярли иштирок этмайди. Масалан, солиқ тўловлари ва ўртача ойлик даромад ҳақидаги маълумотлар солиқ тизимидан, бандлик ва иш фаолиятига оид маълумотлар эса Mehnat.uz тизимидан олинади. Бундан ташқари, хорижга чиқиб кетган битирувчилар, ўқишини давом эттираётганлар ҳам алоҳида ҳисобга олинади.

Шу сабабли индексни шакллантиришда фойдаланилаётган маълумотлар бир нечта мустақил манбалардан олинади ва менинг фикримча бу натижаларнинг ишончлилигини таъминлайди”, дейди Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори.

Сифат индексида олий маълумотли ёшларнинг республика бўйича ўртача ойлик даромади 4 млн 9 юз минг сўмни ташкил қилиб, ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич пойтахтда 6 млн 6 юз минг сўм эканлиги, Навоий ва Тошкент вилоятида эса бу кўрсаткич 5 млн сўмни ташкил қилиши ва олийгоҳни тамомлаганлар иш топиш учун қанча вақт сарфлаши ҳам акс этган.

“Энг тез иш топиш кўрсаткичи Қашқадарё вилоятида қайд этилди. Бу ҳудудда битирувчилар ўртача бир ой-у етти ёки саккиз кун атрофида иш топган. Олий таълим муассасалари кесимида ҳам Қашқадарёдаги олийгоҳларда битирувчиларнинг иш топиш муддати ўртача бир ой атрофида бўлган. Энг узоқ муддат эса ҳуқуқ соҳасида кузатилди – бу йўналиш битирувчиларининг иш топиши ўртача тўрт ойдан ортиқ вақтни ташкил этган”, деди Бахтиёр Йўлдошов.

Маълум қилинишича, дипломсиз ишсизлар бўйича статистика, агентлик томонидан шакллантирилмаган. Лекин, олий маълумотли бўлгач хорижга кетган битирувчилар бўйича рақамлар аниқ.

“Бизда бу масалада қийинчилик бўлди, чунки ҳамма кетаётган одам ҳам ҳисобга олинмайди, мигрант сифатида алоҳида рўйхатдан ўтказилмайди. Шунинг учун хорижга чиққанининг ўзини катта бир ютуқ деб биламиз. Сабаби, хорижга чиқдими, ўқиш учун ҳам, ишлаш учун ҳам у ҳеч бўлмаганда ўзини мустақил яшаб кетиш кўникмасига эга бўлган бўлади. Шунинг учун бу методологияда шундай қўлланилдики, ўн икки ой давомида уч ойдан кўп вақт хорижда бўлган, қайтиб келмаган битирувчилар, улар ё ўқишга кетган, ё ишга кетган деб тоифаланди”, деди агентлик раҳбари.

“Бу маълумотларни ҳам Ички ишлар вазирлигидан олдик. Биласиз, ҳар бир фуқаро паспорт билан хорижга чиқаётганида ёки мамлакатга қайтаётганида чегара назоратидан ўтади ва тегишли тартибда қайд этилади. Бизга айнан битирувчиларнинг хорижга чиқиши ва қайтиши бўйича маълумотлар тақдим этилди. Ушбу маълумотларни университетлардаги талабалар ҳақидаги маълумотлар билан солиштирганимизда ҳозирги кунда 2 542 нафар битирувчининг хорижга чиқиб, мамлакатга қайтмагани аниқланди. Уларнинг хорижга ўқиш ёки ишлаш мақсадида кетгани тахмин қилинмоқда. Бу умумий битирувчилар сонининг қарийб бир фоизини ташкил этади”, деди Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директор ўринбосари.

Матбуот анжуманида битирувчи сифат индекси нафақат давлат, балки хусусий ва халқаро университетлар натижаларини ҳам қамраб олгани таъкидланди.

Сардор Раҳимбоевнинг сўзларига кўра: “Битирувчиларнинг  211 587 нафари, яъни қарийб 85 фоизи давлат таълим ташкилотларининг битирувчилари ҳисобланади. 12,7 фоизи нодавлат таълим ташкилотларини, 6 минг 100 нафари эса хорижий университетларни тамомлаган битирувчилардир.

Республика бўйича битирувчилар индексининг ўртача кўрсаткичи 53,4 ни ташкил этади. Мулкчилик шакли бўйича кўрадиган бўлсак, хорижий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ўртача кўрсаткичи 58,7, нодавлат таълим ташкилотлариники 55,1, давлат таълим ташкилотлариники эса 53,4 ни ташкил қилади.

Худди шунингдек, ёш кўрсаткичлари ҳам мулкчилик шакли бўйича алоҳида таҳлил қилинган.

Республика бўйича битирувчиларнинг иш топиш муддати ўртача икки ой-у йигирма етти кунни ташкил этади. Нодавлат таълим ташкилотлари битирувчилари кесимида бу кўрсаткич икки ой-у ўн кун, давлат таълим ташкилотлари битирувчиларида уч ой-у саккиз кун, хорижий университетлар битирувчиларида эса икки ой-у йигирма тўққиз кунни ташкил этади.

Шунингдек, индекснинг барча бошқа кўрсаткичлари бўйича ҳам батафсил таҳлилий шарҳлар тайёрланган”.

Шу билан бирга, сиртқи таълим битирувчиларининг бандлик даражаси юқори экани ва ўзини ўзи банд қилганларга индексда Коэффициент берилмагани айтилди. Хўш, бунга сабаб нима?

“Биз бу ерда алоҳида коэффициент қўймадик. Яъни кимдир шу йўл билан, масалан, диплом беришни кечиктириш ёки бошқа шунга ўхшаш усуллар орқали тизимни четлаб ўтиши, ректорни эса сунъий равишда рағбатлантириш ҳолатлари бўлишини истамаймиз.

Талабани “ўзингни ўзинг банд қил, кейин диплом бераман” деган ёндашувга йўналтирмаслик учун ҳам айнан шу тизимни жорий қилдик. Энди тушуниш керакки, талаба ўзини ўзи банд қилгани билан масала ҳал бўлмайди. Лекин асосий мақсадимиз – шуни кўрсатишки, талаба фақатгина қандайдир расмий кўрсаткични бажаргани билан иш битмайди. Якунда реал натижа барибир кўринади”, деди Йўлдошов.

Ушбу индекс ҳар йили янгиланиши режалаштирилган бўлиб, кадрлар тайёрлаш йўналишларига мувофиқ 4 та тоифага ажратилган ОТМлари кесимида энг яхши натижа қайд этган жами 20 та олийгоҳ рағбатлантирилади.

“Бизда барибир жазодан кўра, рағбат механизмларини ишлатиш асосий йўналишларимиздан бири. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбаридан университетларга рағбат бўлдики, энг зўр 20 та олийгоҳнинг Карьерa марказига 500 миллион сўм миқдорида рағбатлантириш маблағи берилади” дея таъкидлади агентлик раҳбари.

Анжуман давомида, журналистлар томонидан “Биз фақат юқори рейтингдаги олий таълим муассасалари ҳақида гапиряпмиз, лекин пастки рейтингдан жой олган олий таълим муассасаларига қандайдир чора кўриш ёки бўлмаса улар билан алоҳида ишлаш кўзда тутилганми?” деб савол берилди.

Мутахассислар эса бу саволга қуйидагича жавоб берди:

“Бизда риск таҳлили деган йўналиш ҳам мавжуд. Яъни, ҳолат жуда критик даражага келадиган бўлса, тегишли олий таълим муассасаларини аккредитация жараёнига жалб қилиш орқали мавжуд муаммоларни аниқлаш ва жараённи такомиллаштириш чоралари кўрилади.

Бугунги кунда бизда комплекс ва махсус аккредитация турлари мавжуд. Комплекс аккредитация – бу институционал, яъни олий таълим муассасасининг ҳар томонлама баҳоланадиган ва беш йилда бир марта ўтказиладиган аккредитация жараёнидир.

Агар олий таълим муассасасида натижалар критик даражага тушиб қолса, уни комплекс аккредитацияга жалб қиламиз. Бироқ бугунги кунда натижалар биз кутганимиздан анча яхши. Ҳақиқатан ҳам, олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижаси кўриниб турибди.

Шу сабабли, ҳозирги кунда қандайдир алоҳида чора кўришни режалаштирмаяпмиз”.

Илк бор шакллантирилган битирувчилар сифат индексида битирувчиларнинг нечтаси мутахассислиги бўйича фаолият юритаётгани ҳақида маълумот мавжуд эмас. Масъулларнинг айтишича, маълумотлар аниқ далилларга асосан шаклланиши керак. Таълим сифатида мулоҳазага йўл қўйиш хато. Бугунги кундаги рақамлаштиришимиз эса ҳали у даражага етиб бормаган. Шунинг учун, бу маълумотлар шакллантирилмаган.

Хулоса қилиб айтганда, бу индекс ОТМларини фақат диплом бериш билан чекланиб қолмасдан, битирувчининг кейинги натижасига ҳам эътибор қаратишга ундайди. Талабалар учун эса дипломнинг ўзи эмас, уни олгандан кейинги натижа ҳам муҳим эканини кўрсатади.

Бу қанчалик фойда беришини эса бир неча йилдан кейин билишимиз мумкин.

Жасмина Муртазоева


Author

avatar

.

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends