Ўйинга Уммон қўшилди, АҚШ бомбардимон қиладими?
Review
−
20 August 1264 8 minutes
Ҳормуз ҳеч қачон фақат Эронникки бўлмаган. Бўгознинг икки қирғоғи икки давлатга тегишли: шимол томонда Эрон бўлса, жанубда Уммон Султонлиги ерлари мавжуд. Яъни, бўгозни тўлиқ назорат қилиш учун Маскатнинг ҳам розилиги керак.
Айнан шу сабабли Эрон бугун Уммон билан яқинлашишга уринмоқда. Мамлакат ташқи ишлари расмий вакили Исмоил Бағоийнинг маълум қилишича, икки соҳилбўйи давлати қарийб уч ойдан бери хавфсиз денгиз йўналишини ташкил этиш бўйича жадал музокаралар олиб бормоқда.
Аммо Ҳормузнинг тақдирини бу икки давлат томонидан белгиланиши АҚШга ёқмади. Ҳар қанча ғалати бўлмасин, Ҳормузга эгалик масаласида Президент Дональд Трамп ҳар қандай бошқа даъвогар давлатдан кўра АҚШни ҳақлироқ деб ҳисоблади. У Уммоннинг Эрон билан яқинлашуви АҚШ манфаатларига зид эканлигини айтиб, музокараларга ҳалал берса бомбардимон қилиш билан таҳди қилди. Қизиғи, Уммон АҚШнинг узоқ йиллик ҳамкори.
Хўш, энди Уммон нима қилади?
АҚШ ва Эрон ўртасида кескинлик сиёсий тусини йўқотганига анча бўлди. Бугун барча эътибор Ҳормуз бўғози атрофида жамланган. Ушбу торгина сув йўлининг жаҳон иқтисодиётида тутган ўрни ҳақида шу қадар кўп гапирилдики, Теҳрон ҳам анчадан бери қўлида “тилла балиқча” сақлаб келаётганини англаб қолди.
Аммо юқорида таъкидлаганимиздек, Ҳормузнинг жанубида Уммон Султонлиги ерлари мавжуд. БМТнинг Денгиз ҳуқуқи бўйича конвенциясига кўра, мамлакат қирғоқларидан 12 денгиз мили яъни тақрибан 22 километрдан ошиқроқ қисми шу давлатнинг ҳудудий сувлари ҳисобланиши керак. Бу ҳудуд давлатнинг расмий чегараси ҳисобланади ва шу давлат қонунлари тўлиқ амал қилади.
Бироқ Ҳормузнинг энг тор жойи 21- 24 денгиз мили (тахминан 39–44 км) кенгликка эга, яъни ҳар икки давлатнинг ҳудуди денгизда туташиб кетган. Аммо БМТ низомига кўра, ҳудудий сувлардан ҳар қандай хорижий тижорат кемаси эркин ўтиши мумкин. Ҳормуз эса алоҳида мақомга эга. У халқаро юк ва нефть ташиладиган энг муҳим стратегик бўғозлардан бири бўлгани учун у ерда “Транзит ўтиш ҳуқуқи” амал қилади. Яъни, нафақат барча мамлакатлар тижорат кемалари, балки ҳарбий кемалар ҳам эркин ўтиш ҳуқуқига эга.
Аммо муаммоли жиҳати шудаки, Эрон БМТнинг Денгиз ҳуқуқи бўйича конвенциясини парламент даражасида ратификация қилмаган. Яъни, халқаро ҳуқуқ фақат ўйин қоидалари билан ўйнашни истайдиган иштирокчиларга тааллуқли, уни тан олмаганлар эса ўз қоидалари билан ўйнайверади.
Шу сабабли, бугун Эрон Ҳормузни назорат қилиш даъвосидан қайтмаяпти. Теҳрон ва Маскат Ҳормуз бўғозидан хавфсиз денгиз қатновини тиклаш бўйича қарийб уч ойдан бери музокаралар олиб бормоқда. Томонлар кемалар қатнови учун янги денгиз йўналишлари харитасини келишиб олди. Энди навбат мазкур келишувни расмийлаштириш ва қўшма ҳужжатни имзолашга келган. Гарчи, Уммон БМТнинг Денгиз ҳуқуқи бўйича конвенциясини 1989 йилда ратификация қилган бўлса-да, бўғозни назорат қилиш имкониятини бой бермоқчи эмас.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бағоийга кўра, сўнгги уч ҳафта ичида музокараларда “ижобий ва истиқболли” силжиш кузатилган.
“АҚШ томонидан тўсқинликлар бўлишига қарамай, ушбу музокаралар охирги уч ҳафтада ижобий ва истиқболли илгарилашга эришди, денгиз йўналишлари харитаси бўйича келишувга эришилди”, дейди у.
Аммо Теҳроннинг Ҳормуз бўйича талаби Маскат кутаётганидан анча кенгроқ. Эроннинг таклифларида АҚШ ва Исроил кемаларининг бўғоздан ўтишини тақиқлаш, Эронга душман деб баҳоланган давлатлардан компенсация ундириш ҳамда кемалар қатнови учун “хизмат ҳақи” жорий этиш каби талаблар бор. Теҳрон, шунингдек, Ҳормуздаги хавфсизлик ва навигацияни бошқаришда ўзининг ҳал қилувчи ролини сақлаб қолишни истамоқда.
Эрон ҳукуматининг айни пайтдаги позициясига кўра, Ҳормуз хавфсизлигини таъминлаш масъулияти минтақа давлатлари, аввало Эрон зиммасида бўлиши керак. Теҳрон АҚШнинг бўғоз устидан назорат ўрнатиш ҳақидаги даъволарини рад этмоқда.
Эрон ТИВга кўра, бўғоз орқали тўлиқ ва нормал қатновни тиклаш учун АҚШ ҳарбий-денгиз блокадасини, аралашув ва таҳдидларни тўхтатиши ҳамда сўнгги ойлар давомида юз берган мажбуриятлар бузилиши учун компенсация тўлаши керак.
Маскат эса Ҳормузнинг фақат Эрон тасарруфидаги йўлакка айланишини истамаяпти. Уммон бўғознинг жанубий қисмидаги муҳим соҳилбўйи давлати сифатида ўзининг қонуний ва амалий манфаатларини ҳисобга олишни талаб қилмоқда. “Al Hurra” портали маълумотига кўра, Маскат Ҳормуз бошқарувида уруш тугаганидан кейин ҳам доимий ва расмий ролга эга бўлишни, шунингдек, кемалардан олинадиган эҳтимолий тўловларнинг бир қисмини олишни хоҳламоқда.
Султонликнинг дастлабки таклифи ҳатто бўғозни Эрон билан 50/50 тамойилида биргаликда бошқаришни назарда тутган. Теҳрон эса бу вариантни бир неча бор рад этиб, Маскатга фақат ўзи таклиф қилган йўналишнинг бир қисмида роль берувчи моделни илгари сурган. Демак, томонлар “келишувга эришдик” деган нуқтага келган бўлса-да, Ҳормузнинг келажакдаги бошқарув механизми ҳали ҳам мавҳум.
Маскат ўз навбатида Малакка бўғозидаги моделга ўхшаш механизмни таклиф қилмоқда. Малайзия, Таиланд ҳамда Индонезия ўртасида жойлашган бўғозда кемалар битта давлатга мажбурий бож тўламайди, балки минтақавий механизмга ихтиёрий тўловлар амалга оширади. Бу версияда Эроннинг бўғоз устидан якка назорат ўрнатишига йўл қўйилайди ва Уммоннинг ҳам бошқарув жараёнидаги ролини кафолатланади.
Бу жараёнда Уммоннинг мавқеи ҳам ўзгариб бормоқда. Илгари Маскат асосан Эрон ва Ғарб ўртасидаги музокараларда воситачи сифатида танилган бўлса, энди у Ҳормузнинг хавфсизлиги ва навигациясини бошқариш масаласида бевосита иштирокчига айланмоқда.
Ҳормузнинг янги “эгаси”
Уммон ва Эронда Ҳормуз устидан назорат ўрнатиш даъвосига қандайдир асос топиш мумкин. Аммо Трамп бўғозни АҚШ манфаатлари ҳудуди деб эълон қилиши учун ҳеч нарса керак эмас. 18 август куни “Truth Social” тармоғида Трамп “АҚШнинг янги ҳудуди” ёзуви остида сурат жойлади. Унда Форс кўрфази ва Уммон кўрфази ўртасидаги Ҳормуз бўғози айланага олинган.
14 август куни Трамп Нью-Йоркдаги полиция академиясида қилган чиқишида Эрон устидан ғалаба қозонилгач, Ҳормуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб эълон қилишини айтди. У ҳатто амалдаги денгиз блокадасини бунга асос қилиб, “Аслида, у аллақачон шундай”, деган мазмунда киноя қилди. Трампнинг таъкидлашича, АҚШ блокадаси мавжуд ва Вашингтон хоҳламагунича ҳеч қандай кема ўта олмаслигини маълум қилди.
Эрон маъмурияти ҳам Ҳормуз тижорат кемалари учун очиқлигини, асосий хавф эса АҚШ блокадасида эканлигини билдирган. Теҳроннинг таъкидлашича нефть нархларини қимматлашаётганига асосий айбдор Трампнинг ўзи. АҚШ ҳам бу блокада зарурлигини, Эронни мағлуб этиш бироз қимматга тушишини айтиб чиқди.
“Биз уларни ядро қуролига эга бўлишини истамаймиз. Шундай экан, бензин учун озгина кўпроқ ҳақ тўлаётганингизда, буни дунёдаги биринчи рақамли терроризм ҳомийси бўлган ўта ёвуз мамлакатдан қутулиш учун қилаётганингизни йодда тутинг”, дейди Трамп ўз нутқида.
Шу билан бирга, Трампнинг Ҳормузга нисбатан даъволари шу билан тугамади. “Al Jazeera” нашрининг ёзишича, Трамп Ҳормузни “жуда тез орада” АҚШ ҳудуди деб эълон қилишини очиқ айтган. Аммо бу гапни ҳеч ким жидий қабул қилмаяпти.
Теҳрон ҳам Вашингтоннинг даъвосини дарҳол рад этди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободий Трампга кескин жавоб қайтарди.
“Ҳормуз бўғози Эронники бўлган, Эронники ва Эронники бўлиб қолади. Бу бўғоз фақат Эроннинг амри билан ёпилади ва очилади. Ҳормуз бўғозини на твит, на авианосец, на фармон чиқариш ва на сайловолди нутқи билан эгаллаб бўлмайди”, дейди у.
Трампнинг ўзи эса Ҳормузни назорат қилишга даъво қилганларни қўрқитиш билан банд. Эрон ва Уммон ўртасидаги музокаралар ҳам унинг жиғига тегмоқда. 17 август куни, АҚШ ва Эрон ўртасидаги 60 кунлик келишув муддати тугаётган бир пайтда Трамп Уммон Султонлигини Эрон билан музокараларда эҳтиёт бўлишга чақириб, агар Вашингтон ва Теҳрон келишувга ҳалал берса, ҳарбий куч ишлатиши мумкинлигини маълум қилди.
“Агар Уммон йўлга халақит берса, уларни жуда қаттиқ бомбардимон қиламиз”, дейди АҚШ Президенти.
Бу таҳдиднинг ғалати томони Уммон АҚШнинг минтақадаги душмани эмас, аксинча, Вашингтон билан узоқ йиллик стратегик алоқаларга эга давлат. Бундан ташқари, Маскат тарихан АҚШ ва Эрон ўртасида яширин ёки норасмий дипломатик алоқа канали вазифасини бажариб келган. Трампнинг таҳдиди эса айнан шу воситачилик ролини нишонга олди.
Эътиборли жиҳати шундаки, АҚШ бўғозни очиқ бўлиши тарафдори эканлигини айтаётган бўлса-да, ўз таъсир доирасига олишини ҳам рад этмаяпти. Яъни Ҳормуз урушдан олдигидек ҳамманики эмас, кимнингдир пул ишлаш воситаси бўлиб қолиши мумкин.
Аммо Трамп Ҳормузни мутлақ АҚШ ҳудуди деб эълон қилиши учун аввал Эрон устидан ғалаба қозониши керак. Ўтган 5 ойлик тажрибадан келиб чиқсак, ҳали-бери буни иложи йўқдек. Можаро қанча чўзилмасин, Вашингтон қандай йўл тутмасин, барибир ҳақиқий ғолиб ким эканлигини билиб бўлмайди.
Хуллас, бугун дунё иқтисодиёти юзланиб турган савол “Ҳормуз аслида кимники?” эмас, “Уни ким, қандай назорат қилмоқчи?” мазмунида бўлиб турибди. Умид қиламизки, саволларга жавобни яқин келажада топамиз.