Усмонли жасорати, Араб нефти ва Покистон бомбаси бирлашди ёхуд дунё геосиёсатини ўзгартираётган “Макка битими”
World
−
10 August 1573 24 minutes
Дунё етакчилари Маккада жума намозини биргаликда ўқиди. Аммо улар фақат ибодат қилиш учун йиғилмади. Яқин Шарқда мутлақо янги “учлик” ва Исломий мудофаа альянси пайдо бўлди. Кўпларни шошириб қўйган “Макка битими” АҚШ, Исроил ва Эронга қандай сигнал беради?
“Қоғоздаги тинчлик”нинг аччиқ ҳақиқати яна кўринди. Ғазода 3 йил мобайнида вайроналар остида қолган қурбонлар энди дафн қилинди. Битта бомба билан 300 кишилик катта оила қирилиб кетган. Йўқ бўлиб кетган қавмнинг қонли тарихи бугунга келибгина очиқланди.
Украинанинг Wildberries омборларига бераётган зарбалари Ўзбекистонликларга ҳам таъсир қила бошлади. Зеленский қурол етказиб беришда “тошбақалик” қилаётган ҳамкорларини танқид қиляпти. Россия ҳудудида Киев юборган дронлар сайр қилиб юрибди. Россияда катта лавозимдаги ҳарбийларга суиқасдлар авж олган. Таши қолиб, ичидан ҳам емирилишни бошлаган бу икки давлатдан қайси бири биринчи бўлиб оқ байроқни кўтаради?
Тиниб-тинчимас Трамп туғилишларга ҳам аралашди. Унинг маъмурияти навбатдаги кескин қадамни ташлади. АҚШда туғилиш орқали автоматик фуқаролик бериш тақиқланиши мумкин. “Ердаги ҳуқуқ”дан “қондаги ҳуқуқ”қа ўтишдан мақсад нима?
Жиддада янги Исломий альянс тузилмоқда
Яқин Шарқдаги навбатдаги алангани ўчиришга, кўринишидан энди Вашингтон ва Москванинг эмас, балки минтақанинг ўз “учлиги”нинг кучи етадигандек. 7 август куни Саудия Арабистонида Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё геосиёсий харитасини қайта чизадиган воқеа содир бўлди. Саудия Арабистони, Покистон ва Туркия ўртасида уч томонлама мудофаа иттифоқи тузилди. Покистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Саудия Арабистони давлат ОАВлари эълон қилган қўшма баёнотга кўра, битимда уч мамлакатдан бирига қилинган қуролли ҳужум уларнинг барчасига қилинган ҳужум сифатида қаралиши белгиланган. Келишув мудофаа ва хавфсизлик билан бир қаторда, разведка маълумотларини алмашиш, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари ва минтақавий ҳамкорликни ҳам қамраб олади. Шу сабабли айрим экспертлар мазкур тузилмани “Исломий НАТО”нинг бошланиши деб атамоқда. Тушуняпсиз-а?
“Ушбу келишув уч давлатнинг хавфсиз ва фаровон келажак йўлида жамоавий хавфсизликни янада мустаҳкамлаш ҳамда минтақада ва ундан ташқарида тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни илгари суриш бўйича умумий мажбуриятини акс эттиради”, дейилади баёнотда.
6 август куни Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва армия штаби бошлиғи Осим Мунир Саудия Арабистонига ташриф буюриб, Маккада Умра зиёратини адо этган. 7 август куни эса Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Саудия Арабистонига учиб келган ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан учрашган. Дунёга янги мессеж йўллаётган бу шартнома “Макка қўшма мудофаа битими” деб номланган. Келишувни Ислом оламининг энг муқаддас маскани бўлмиш Маккада тузилиши рамзий маънога ҳам эга албатта. Уни ҳар ким ўз ўлчови ва дунёқараши билан таърифлаши мумкин.
Хўш, бир томонда НАТО аъзоси, иккинчи тарафда монархия ва учинчи томонда ядровий давлат бўлган бу учбурчакни нима бир жойга тўплади?
Бу келишув шунчаки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ – у узоқ вақт пишитилган. Покистон ўнлаб йиллар давомида Саудия ҳарбий кучларига назарий ва техник ёрдам кўрсатиб келган, Туркия ва Покистон эса ҳарбий кемалар ва ўқув самолётларини ўзаро айирбошлашган. 2023 йилда Саудия Арабистони Туркия дронларини сотиб олишга рози бўлган, Анқара эса буни ўз тарихидаги энг йирик мудофаа экспорти шартномаси деб атаганди. Яъни ҳарбий масалаларда мулоқотлар бўлган. Аммо Форс кўрфазида АҚШ ва Эрон ўртасидаги ҳарбий тўқнашувларнинг кучайиши, Ҳормуз бўғози ва Қизил денгиз йўлларининг амалда фалажланиши ушбу жараённи тезлаштирди.
“Al Jazeera”нинг ёзишича, бу пакт “моҳиятан энг йирик мусулмон аҳолисига эга учта давлатни бирлаштиради” ва минтақада “мутлақо янги хавфсизлик архитектураси” бошланишини англатади.
Бунгача минтақа хавфсизлиги, айниқса Кўрфаз араб давлатлари хавфсизлиги, тўлиқлигича Вашингтоннинг “соябони”га боғлиқ эди. Бироқ сўнгги воқеалар Оқ уйнинг ҳар доим ҳам ўз иттифоқчиларини ҳимоя қилишга тайёр эмаслигини ёки уларнинг манфаатини ўзиникидан, ундан ҳам аввал Исроилникидан устун қўймаслигини кўрсатиб қўйди. Саудия Арабистони 2025 йилда Покистон билан икки томонлама мудофаа пактини имзолаш орқали Вашингтондан босқичма-босқич узоқлаша бошлаган эди. Энди бу сафга Туркиянинг қўшилиши – Вашингтон ҳамда Теҳронга бирдек узатилган жиддий “сигнал”дир.
Ҳар бир томон бу иттифоқдан нима олади деган савол сизни ҳам ўйлантиргандир. Бу шунчаки уч давлат вакилининг навбатдаги қоғозга қўл қўйиши эмас, бу ҳар учала томон учун ҳам ўта аниқ ва ҳаётий ҳисоб-китобдир.
Саудия Арабистони нефтга бой, аммо доимий равишда Эрон ва унинг прокси гуруҳлари (масалан, ҳусийлар) таҳдиди остида. АҚШга бўлган ишонч пасайган бир пайтда, Саудия ўзи учун ҳақиқий “ядровий соябон”ни Ислом дунёсининг ягона ядровий давлати – Покистон сиймосида кўрмоқда.
Эрдўған учун бу ҳамкорлик – турк ҳарбий саноат комплексининг, масалан, Bayraktar, Kaan ва бошқа замонавий қурол-аслаҳаларнинг дунё бозорига чиқиши ҳамда Кўрфаз капиталини инқироздан чиқишга йўналтириш имкониятидир. Туркия бу билан Яқин Шарқ хавфсизлигида НАТОга бўйсунмайдиган мустақил ўйинчи эканини яна бир бор намойиш этмоқда.
Доимий иқтисодий инқироз ва Ҳиндистон билан қарама-қаршиликда яшайдиган Покистон учун Саудия риёли ва Туркиянинг ҳарбий-техник кўмаги сув билан ҳаводек зарур.
Яъни ҳар бири ўзига керагини оляпти. Уччала томон ҳам эришилган натижадан хурсанд. Уччала лидер Маккада бўлиб ўтган келишувдан сўнг, биргаликда ибодат ҳам қилди. Эрдўған, бин Салмон ва Шаҳбоз Шариф битимни имзолаганларидан сўнг, Маккада жума намозини адо этди. У ерда олинган расм ва видеолар ОАВларда эълон қилингач, сиёсий таҳлилчиларнинг жуда катта қисми энди ““Иброҳим келишувлари” тугади”, деб ёза бошлади. Бундай фикрлар нега баралла янграётганини эса тушунтиришга ҳаракат қиламан.
“Иброҳим келишувлари” моҳиятан Исроил ва араб давлатлари ўртасида муносабатларни нормаллаштириш ва Теҳрон таҳдидига қарши Вашингтон ҳомийлигидаги умумий қалқон яратиш лойиҳаси эди. Бироқ Маккада имзоланган ушбу уч томонлама пакт фонида “Иброҳим келишувлари”нинг келажаги ва умуман унинг асл концепцияси барбод бўлганини кўрсатувчи бир нечта ўта жиддий ва асосли омиллар бор.
“Иброҳим келишувлари”нинг бош ғояси шундан иборат эдики, Кўрфаз монархиялари Исроил билан алоқаларни тиклайди, бунинг эвазига эса АҚШ ва Исроил технологиялари уларга Эрондан ҳимоя кафолатини беради. Бироқ Яқин Шарқдаги сўнгги инқирозлар ва Ғазодаги қонли тўқнашувлар фонида Вашингтон ўзининг ушбу кафолатларини амалда таъминлаб бера олмаслигини, Вашингтон учун Исроил манфаати ҳар доим биринчи ўринда туришини кўрсатиб қўйди. Ар-Риёд бу тешик “соябон”дан воз кечиб, реал ҳарбий кучга – ядровий Покистон ва НАТОнинг энг қудратли армияларидан бирига эга Туркияга юзланди.
“Иброҳим келишувлари” орқали Тель-Авив ўзини Араб дунёсига ягона ва алмаштириб бўлмас хавфсизлик шериги сифатида кўрсатишга уринаётган эди. Маккада имзоланган “қўшма мудофаа битими” эса Исроилни бу ўйиндан бутунлай чиқариб ташлади. Араб ва Ислом дунёсининг энг нуфузли маркази бўлмиш Саудия Арабистони ўз хавфсизлигини Тель-Авивга эмас, ўзининг диндош ва ҳарбий жиҳатдан тенгсиз бўлган шерикларига топширишни афзал кўрди дейиш мумкин.
Ғазодаги қирғинбарот ва Ўрта шарқдаги кескинлик ортган бир пайтда араб жамиятларида Исроил билан ҳар қандай яқинлашув сиёсий ва ижтимоий суицид билан тенг бўлиб қолди. Муҳаммад бин Салмон Тель-Авив билан муносабатларни нормаллаштириш орқали ўз халқи ва мусулмонлар олдида обрўсизланиш хавфини англади. Маккада турк ва покистонлик лидерлар билан бирга намоз ўқиб, “Макка қўшма мудофаа битими”ни имзолаш – “Иброҳим келишувлари”нинг ғарбпараст руҳини бутунлай синдирди ва араб-ислом дунёсидаги бирдамликни биринчи ўринга олиб чиқди. Тан олинг, учта раҳбар биргаликда ибодат қилаётгани акс этган тасвирлар сизда ҳам янги хулосаларни пайдо қилди-ку.
“Иброҳим келишувлари”нинг асосий мақсади Эронни яккалаб қўйиш ва унга қарши Исроил – Араб блокини шакллантириш эди. Маккадаги янги альянс эса Эронни йўқ қилишни эмас, балки минтақада кучлар мувозанатини ушлашни ва Теҳронга нисбатан конструктивроқ, лекин вазмин босим ўтказишни назарда тутади. Туркия ва Покистоннинг Теҳрон билан дипломатик каналлари очиқлиги сабабли, бу пакт Исроил хоҳлаганидек “Эронга қарши тажовузкор блок” эмас, балки минтақанинг ўзига хос мувозанат механизми вазифасини ўтайди.
Табиийки, ер шарининг бу нуқтасида учта қудратли давлат — “Усмонли меросхўри”, “Ядровий қурол эгаси” ва “Нефть гиганти” бир муштга айланаётганида, ўзини дунёнинг хўжайини деб билган супердавлатчилар буни шунчаки четдан томоша қилиб ўтирмайди. Геосиёсий шахмат тахтасида янги, ўта хавфли ва кутилмаган юриш қилинди. Хўш, бу “учлик”нинг бирлашишига дунё мегаполислари қандай жавоб бериши мумкин? Эҳтимолий сценарийларга назар ташлаймиз.
АҚШ ва Исроил учун Маккада имзоланган бу битим — очиқдан-очиқ “қизил чизиқ”нинг босилиши, уларнинг наздида. Сабабларни бироз аввал айтдим. Оқ уй ўн йиллар давомида Форс кўрфазини ўзининг назорати остида деб билиб келган, Исроил эса минтақада ҳарбий устунликни ҳеч кимга бермасликка ўрганган эди. Энди-чи? НАТОнинг энг йирик армияларидан бирига эга Туркия ва ядровий бомбали Покистон Саудия Арабистонини ўз қаноти остига олмоқда. Бу дегани — Исроил ва АҚШ энди ҳар бир тажовузкор адашувидан олдин ўн марта ўйлашига тўғри келади. Вашингтон бу альянсни пароканда қилиш учун зудлик билан барча парда ортидаги дастакларини ишга солиши мумкин. Эҳтимол, Покистонга иқтисодий босимлар кучайтирилади, Анқарага навбатдаги санкция таҳдидлари ёғдирилади, Ар-Риёдга эса дипломатик шантаж воситалари ишлатилишининг эҳтимоли катта.
Пекин ва Москва эса қарсак чалаётган томошабинлар образида. Улар бу воқеани эҳтиёткор, аммо ич-ичидан суюнган ҳолда кузатмоқда. Пекин учун ҳам, Москва учун ҳам АҚШнинг Яқин Шарқдаги гегемониясига берилган ҳар қандай зарба — байрам. Пекин ўзининг “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида бу янги альянс билан тил топишишга тайёр, чунки барқарорлик унинг савдо йўллари учун жуда зарур. Москва эса Вашингтоннинг Яқин Шарқдан босқичма-босқич ҳайдалаётганидан фойдаланиб, янги блок билан мудофаа ва энергетика соҳасида параллел мулоқотларни чуқурлаштиришга ҳаракат қилиши мумкин.
Эрон учун бу битим — унинг йиллардан бери юритиб келаётган ташқи сиёсатига қўйилган жиддий тўғон. Теҳрон ўз атрофида “Исломий ҳалқа” занжири сирғалаётганини жуда яхши ҳис қилиб турибди. Шу пайтгача Эрон ҳусийлар ёки бошқа прокси гуруҳлари орқали Ар-Риёдга босим ўтказа олган бўлса, энди у қаршисида тўғридан-тўғри Покистон ядро қуроли ва Турк армияси турганини билади. Натижада Теҳрон Форс кўрфазидаги агрессив риторикасини мажбуран пасайтиришга ва мослашувчанроқ дипломатияга ўтишга мажбур бўлади.
Ғазодаги қонли уруш тўхтамаётган, Қизил денгизда кемалар ёнаётган, АҚШ ва Эрон тўқнашуви эса бутун дунёни янги иқтисодий коллапс ёқасига келтираётган бир пайтда, Маккада имзоланган ушбу “қўшма мудофаа битими” — шунчаки обрў ёки навбатдаги қуруқ шиорлар учун қилинган ҳаракат эмаслиги аниқ.
Ғарбнинг “хавфсизлик соябони” тешилиб, халқаро ҳуқуқ ва институтлар амалда фалаж бўлганини бутун дунё кўриб турибди. Бу пайтда эса учта йирик давлат минтақа тақдирини ўз қўлига олишга қарор қилди. Кўрайлик-чи, “Усмонли жасорати”, “Араб нефти” ва “Покистон бомбаси” бирлашган ушбу стратегик пакт минтақага узоқ кутилган мувозанат ва тинчликни олиб келадими ёки катта урушнинг янги, янада хавфли бошланиши бўладими…?
Уч йил вайроналар остида қолган ҳақиқат
Дунё ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар “инсон ҳуқуқлари” ҳамда “ҳудудий хавфсизлик” ҳақида минбарлардан туриб баландпарвоз маърузалар ўқишда, турли “гуманитар саммитлар” ўтказишда давом этмоқда. Аммо Ғазо секторидан келаётган рақамлар ва реал воқелик бу гапларнинг барчаси аслида қанчалик пуч ва қуруқ расмиятчилик эканини яна бир бор исботлаб, уларнинг юзига тарсаки урмоқда.
Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг охирги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг октябридан буён Исроил томонидан уюштирилган ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 73 377 нафарга, жароҳатланганлар эса 174 230 кишига етган.
Эътиборли жиҳати шундаки, 2025 йил 10 октябрда расман “ўт очишни тўхтатиш келишуви” кучга кирган эди. У Исроил ва ҲАМАС ўртасида тузилган, халқаро воситачилар — АҚШ, Миср ва Қатар иштирокида, уларнинг босими ва дипломатик кўмаги остида амалга оширилганди. Ва келишув қоғозда — тинчлик, дипломатик минбарларда — муваффақият деб баҳоланди. Лекин аччиқ реаллик нимани кўрсатаётганини яхши биласиз.
Ушбу “тинчлик” келишуви кучга киргандан бери ўтган давр мобайнида Исроил зарбалари оқибатида 1 252 киши ҳалок бўлган, 4 120 киши жароҳатланган. Вайроналар остидан эса 804 кишининг жасади олиб чиқилган.
Мана сизга “қоғоздаги тинчлик”нинг асл баҳоси! Кўриниб турибдики, халқаро келишувлар ва ҳужжатлар зарбаларни тўхтатиш учун эмас, балки ахборот майдонидаги шов-шувларни бостириш ва жамоатчиликни чалғитиш учун хизмат қилмоқда.
Оғриқли жиҳатлардан яна бири — Ғазо шаҳрининг Сабра маҳалласида содир бўлган воқеа. 2023 йилнинг 22 ноябрида Абу Шариат ва Ал-Ҳасайна оилалари яшайдиган ҳудудга берилган ҳаво зарбаси оқибатида 308 нафар оила аъзоси бир онда ҳаётдан кўз юмган эди. Улар орасида 40 нафар бола, 30 нафар аёл ва 7 нафар ногиронлиги бўлган шахс бор эди.
Қутқарув гуруҳлари фақат орадан уч йил ўтибгина уларнинг қолдиқларини вайроналар остидан кавлаб олишга муваффақ бўлди. Жорий йил, 4 август куни Ғазо кўчаларида 112 нафар фаластинликнинг оммавий дафн маросими ўтказилди.
Битта зарба — 300 дан ортиқ инсон, бир неча авлод ва бутун бир қавмнинг йўқ қилиниши дунё ҳамжамиятининг геноцидга бефарқ бўлмаган қисмини чуқур қайғуга солганди. Қутқарувчиларнинг таъкидлашича, 157 киши ҳалигача бедарак йўқолганлар рўйхатида турибди.
Энг ачинарлиси бу фожиаларнинг барчаси замонавий, “цивилизациялашган” дунёнинг кўз ўнгида содир бўлмоқда.
Халқаро судлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиялар ва ғарб демократияси байроқдорлари ўзларининг навбатдаги “қатъий хавотирлари”ни билдиришдан ва мажлислар залида қарорлар лойиҳасини топширишдан нарига ўта олмаяпти. Ғазода эса вайроналар остида ҳали ҳам минглаб жасадлар қолиб кетмоқда.
Ғазодаги бу манзарага қараб, бугунги дунёда халқаро ҳуқуқ ёки адолат деган тушунчалар шунчаки қудратли мамлакатларнинг геосиёсий манфаатларига хизмат қилувчи қулай воситага айланиб бўлган дея оламан холос. Агар бу “кузатувчилик” ва “сукут сақлаш” тренди шу тарзда давом этса, Ғазо шунчаки вайрона эмас, балки бутун бошли халқаро ҳуқуқ ва адолат тизимининг кўмилган қабристонига айланади, дейишга тўла асосларимиз бор.
УРУШНИНГ ЯНГИ ФАЗАСИ
Сўнгги кунлар давомидаги воқеалар хронологияси Россия ва Украина ўртасидаги тўқнашув мутлақо янги, янада шафқатсиз ва технологик босқичга ўтганини кўрсатмоқда. Бу урушда нафақат ҳарбий объектлар, балки фронт ортидаги логистика занжирлари, тинч аҳоли ва ҳатто дипломатик пойдеворлар ҳам бирдек барбод бўлмоқда.
Фронт чизиғида ва унинг ортида қонли воқеалар бир зум бўлсин тўхтамаяпти. 3 август тонгида Украина дронлари Россиянинг Владимир вилоятидаги Wildberries логистика марказига зарба берди. Вилоят губернатори Александр Авдеевнинг айтишича, Собинск туманидаги омборга қилинган ҳужум оқибатида вайронагарчиликлар ва ёнғин юзага келган, бир киши жароҳат олган. Украина томони бу логистика марказларини дронлар ҳамда навигация ускуналарида қўлланиладиган бутловчи қисмларни етказиб беришда айбланяпти. Владимир вилоятидаги объект компаниянинг ҳужумга учраган 18-логистика марказига айланди.
Шунга ўхшаш вазият Россиянинг жанубида ҳам кузатилди. Фақат бу сафар зарбалар Геленджик курорт ҳудудига берилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган, мустақил равишда тасдиқланмаган видеоларда дрон соҳил ҳудудига келиб урилгани ва шундан сўнг кучли портлаш содир бўлгани акс этган.
Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратьевнинг айтишича, Геленджик яқинидаги фуқаролик инфратузилмасига қилинган дрон ҳужуми оқибатида 4 киши, жумладан, бир бола ҳалок бўлган, яна 10 киши жароҳатланган. Губернатор бу воқеани “фожиа” деб атади. Украина томони ҳозирча мазкур ҳодиса юзасидан расмий изоҳ бермаган. Украина ҳам, Россия ҳам фуқароларни атайлаб нишонга олмаслигини таъкидлаб келади. Аммо тармоқларда Россия дрони бир савдогарни таъқиб қилиб, қувлаб юриб, нишонга олгани акс этган видеолар тарқалди.
4 август куни Херсонда кузатилган ҳолатда Россия дрони кўча бўйида сабзавот сотаётган тинч фуқарони портлатиб юборган. Украина полицияси томонидан эълон қилинган видеода дрон эркакни микроавтобус атрофида қувиб юргани, у транспорт воситаси ортига яширинишга уринган пайтда эса портлагани акс этган.
Бу тасвирлар дунё медиасида жуда кўп муҳокама қилинди. Полиция маълумотига кўра, 52 ёшли сотувчи эркак омон қолган, бироқ мия чайқалиши ва кичик жароҳатлар олган.
Кейинчалик жабрланувчининг исми Юрий экани маълум қилинди. Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокудин унинг шифохонадаги видеомурожаатини ҳам эълон қилган.
“Эндигина соябонни ўрнатиб, қутиларни тушира бошлагандим. Хотиним ҳам ёнимда эди. Шунда ғувиллаган овозни эшитдик, аммо дронни кўра олмадик. У бозор ортидаги буталар томондан жуда пастлаб учиб келди. Бу ер очиқ дашт, қочадиган жой йўқ. Жуда қўрқинчли эди. Ҳақиқатан ҳам жуда қўрқинчли”, деган Юрий.
Украина Президенти Владимир Зеленский эса ушбу видеога муносабат билдириб, Россия Херсонда тинч аҳолига қарши ҳужум уюштираётганини айтган.
“Бугун кўпчилик россияликлар Херсондаги тинч аҳолига қарши амалга ошираётган навбатдаги “дрон сафари” акс этган видеодан даҳшатга тушди. Россия ақлдан озган. Биз Россияни дронлар сонини кўпайтириш эмас, тинчлик ҳақида жиддий ўйлашга мажбур қиладиган тарзда ҳаракат қилишимиз ва ҳаётни қўллаб-қувватлашимиз керак”, деб ёзган Зеленский X ижтимоий тармоғида.
Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ушбу ҳужум Россиянинг тинч аҳолини қўрқитишга қаратилган атайлаб олиб бораётган кампаниясининг бир қисми эканини айтган.
“Херсондаги бу ваҳшиёна Россия уруш жинояти халқаро ҳамжамият томонидан қораланиши ва адолат қарор топиши керак. Бироқ бунга ўхшаш минглаб жиноятлар жамоатчилик эътиборидан четда қолмоқда”, деб ёзган у Telegram'да.
Айни пайтда Россия ичкарисида ҳам тинчлик йўқ: сўнгги икки йилда камида олти нафар юқори мартабали генерал суиқасд нишонига айлангани эълон қилинди, “Медуза” нашри томонидан. Генерал Игорь Кириллов, Ярослав Москалик, Фанил Сарваровлар портлашларда ҳалок бўлган, Генерал Владимир Алексеевга эса қуролли ҳужум қилинган. “Медуза” берган маълумотга кўра, апрель ойида генерал-майор Азатбек Омурбековга қарши ҳам суиқасд уюштирилган. Энг сўнгги нишон – 1 август куни Аэрокосмик кучлари қўмондони Александр Чайко бўлгани айтилмоқда. Россия ўз генералларини ҳатто пойтахт марказида ҳам ҳимоя қила олмаётгани унинг ички хавфсизлик тизими қанчалик ожиз эканини фош қилмоқда. Бироқ бу жиҳат ҳеч қачон очиқчасига тан олинмайди ва аксинча “ҳали кучимиз кўп” деган фикрни ўз фуқароларига сингдириш ҳамда Украинага жавоб қайтариш учун расмий Москва ҳам ҳужумлар уюштиряпти.
5 августга ўтар кечаси Россия Киевга баллистик ракеталар ҳамда дронлар билан ёпирилди. Киев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг маълум қилишича, вилоятда 14 киши ҳалок бўлган ва 22 киши жароҳатланган. Ткаченко бу зарбалар Буча, Бровари ва Фастив туманларидаги омборлар ҳамда тинч аҳоли инфратузилмасига берилганини билдирди. Киев шаҳри мэри Виталий Кличко ҳам пойтахтдаги аҳвол ҳақида гапирди.
“Пойтахтда бир киши ҳалок бўлди, 26 киши жароҳатланди. Голосеев туманида хусусий уй ва омборхона вайрон бўлди, аммиак сизиб чиқиши юз берди”, дейди Кличко.
Айни шу куни Украина дронлари Россиянинг Тула вилоятидаги Wildberries логистика марказига зарба бериб, кетма-кет иккинчи йирик омборни ёндириб юборди. Тула вилояти губернатори Дмитрий Миляев ҳужум оқибатида бир киши жароҳатлангани, Новомосковск ва Узловаядаги саноат объектлари ҳамда турар жой бинолари шикастланганини маълум қилди.
Нафақат Россиядаги, балки бутун МДҲдаги энг йирик онлайн дўкон ҳисобланган Wildberries омборларининг ёниши табиийки унинг ичида сақланаётган маҳсулотларнинг эгаси бўлган тадбиркорларга ҳам катта зиён келтирмоқда. Wildberries асосчиси ва бош директори Татьяна Ким Украина дронларининг компания логистика объектларига қилган ҳужумлари оқибатида Ўзбекистон ва бошқа бир қатор мамлакатлар тадбиркорлари миллиардлаб зарар кўрганини маълум қилди. Ким 31 июль куни ўзининг Telegram-каналида эълон қилган видеомурожаатида Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Беларусь, Арманистон, Хитой ва бошқа мамлакатлардан бўлган тадбиркорлар ушбу ҳужумлар сабабли катта иқтисодий йўқотишларга учраганини таъкидлаган.
“Террорчилар бизга зарба бериш орқали ҳақиқий сабабларни яширмоқда ҳамда бизни ҳарбий товарлар сотаётганликда айбламоқда. Лекин ҳар қандай глобал маркетплейсни – Amazon ёки Alibaba'ни очиб кўришингиз мумкин, бизда улар сотмаётган бирор нарса бор-йўқлигини кўрасиз. Террорчиларнинг ҳаракатларида ҳеч қандай мантиқ, ақл-идрок ёки рационаллик йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Душман Wildberries’га қилинган ҳужумлар оддий фуқароларга қаратилганини ўзи очиқча маълум қилди. Уларнинг ягона мақсади – босим ўтказиш, вазиятни беқарорлаштириш ҳамда кўплаб инсонлар орасида саросима ва шок келтириб чиқаришдир”, деди Татьяна Ким.
Маркетплейснинг 18-20 фоиз логистика қуввати издан чиққач, Россиядаги сотувчилар саросимага тушди. Манбаларга кўра, Wildberries ўз маҳсулотларини Беларусь, Қозоғистон ва Ўзбекистонга кўчиришга мажбур бўлмоқда.
Сотувчилар билан ўтказилган учрашувларда Wildberries вакиллари янги логистика тизими жорий этилишини маълум қилган. Учрашув иштирокчиларидан бирининг айтишича, уларга энди узоқ муддатли сақлаш омборлари Беларусь, Қозоғистон ва Ўзбекистонда жойлашиши айтилган. Бироқ бу ўзгариш нархлар, етказиб бериш муддати ва маҳсулотларни ушбу давлатларга қандай ташиш масаласига қандай таъсир қилиши ҳозирча очиқланмаган. Бошқа тадбиркорнинг сўзларига кўра, Wildberries мазкур давлатларда аллақачон ўзига тегишли ва ижарага олинган омборларга эга бўлиб, маҳсулотларни хориждаги логистика марказларига кўчиришни бошлаб юборган. Тадбиркорлар “Компания янги омборга маҳсулот юборишни сўраши билан у ерга дронлар зарба бермоқда” деб хавотирини яширмаган. Унинг фикрича, маҳсулотларни хорижий омборларга кўчириш уларни ҳужумлардан ҳимоя қилиши мумкин. Бироқ тадбиркорлар бу қарор бошқа муаммоларни ҳам келтириб чиқаришидан чўчишяпти. Уларнинг айтишича, узоқ логистика занжири сабабли Wildberries етказиб бериш тезлиги ва нархи бўйича асосий рақобатчиларига ютқазиши мумкин. Йирик сотувчиларнинг айланмасининг 70-80 фоизи айнан компаниянинг узоқ муддатли сақлаш омборлари орқали амалга оширилади. Ўз омборидан мустақил етказиб бериш эса, уларнинг фикрича, асосан кичик ва ўрта бизнес учун мос. Лекин Wildberries матбуот хизмати бу хавотирларни инкор этишга уриниб баёнот берди.
“Омбор объектларимиз қурилиши режадагидек олиб борилмоқда. Оммавий ахборот воситаларидаги қурилиш суръатларини тезлаштириш ёки компаниянинг асосий логистика қувватларини Россия Федерациясидан ташқарига кўчириш мавзусидаги сизиб чиққан барча хабарларни биз вазиятни бўрттириб кўрсатишга бўлган ортиқча ҳиссиёт деб баҳолаймиз, бу бизнес-жараёнларимиз моҳиятини акс эттирмайди”, дейилади компания хабарида.
Россия ва Украина бир-бирига кетма-кет зарба бераётган бир пайтда, Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат Patriot тизимига муқобил бўладиган ракеталарга қарши мудофаа тизимини ишлаб чиқиш бўйича йил охиригача “аниқ натижалар”га эришишни истаётганини маълум қилди. Бу бўйича Зеленский 6 август куни Киевда йиғилиш ўтказди.
“Украина ўз ракетаси ва қурилмасини ишлаб чиқаришга қодир, ҳамкорларимиз эса зарур компонентлар ва муҳим элементлар – радарлар, сенсорлар ва бошқа керакли жиҳозларни тақдим этади. Бошқалар ўз тизимларини ишлаб чиқишга ўнлаб йиллар сарфлаган. Украина эса буни имкон қадар тез амалга ошириши керак. 2026–2027 йиллар чегарасига келиб, аниқ натижалар бўлиши зарур”, деган Зеленский.
Зеленскийнинг таъкидлашича, ушбу ишга Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши, Бош вазир, Мудофаа вазирлиги, Ташқи разведка хизмати, Украина ҳаво кучлари қўмондонлиги, Brave1 мудофаа технологиялари ташаббуси ҳамда маҳаллий мудофаа компаниялари жалб қилинган.
Зеленский бу қарорга бекорга келгани йўқ, у анчадан бери Ғарбнинг қурол етказиб беришдаги секинлигини очиқчасига танқид қилади.
“2026 йилнинг биринчи ярмида етказиб берилган ҳаво мудофаа ракеталари ҳажми ўтган йилга нисбатан уч баробарга камайган. Барча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш муҳим. Украинада одамларнинг ҳаёти ҳар куни Европа ва АҚШдаги ҳамкорларимизнинг қатъиятига боғлиқ”, дейди Зеленский.
Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси, собиқ бош қўмондон Валерий Залужний эса Европа давлатларини ва НАТО тузилмасини кескин танқид қилди. 3 августда бўлиб ўтган Киевдаги элчилар йиғинида Евроатлантик хомхаёлларни чирпалак қилиб ташлайдиган фикрларни билдирди.
“Мен НАТОни жуда яхши биламан. Қарийб 12 йил шахсан НАТО стандартларини ўзлаштириш билан шуғулландим ва ҳар йили “мана, ҳозир НАТОга кирасизлар” деган эртакларни эшитдим. Афсуски, биз ҳеч қачон унга кира олмаймиз”, дейди Залужний.
У НАТОнинг бугунги тушунчалари эскириб кетганини таъкидлади. Ва мажбурий стандартларни “эришиб бўлмайдиган” деб атади.
“Эҳтимол, НАТО ҳозирги кўринишича қолади ва яна камида 12 йил Украина каби етиб олиш керак бўлган стандартларга ўтади. Бу стандартлар ҳатто Россия Федерацияси даражасининг ярмига ҳам тенглашиш учун зарур”, дейди у.
Залужний Украинага энди НАТО эмас, Буюк Британия каби давлатлар билан янги, мослашувчан хавфсизлик блоклари кераклигини очиқ айтди.
Бу воқеалардан қандай хулоса қилиш мумкин? Сўнгги 7 кунликдаги жараёнлар ва баёнотлар НАТО бераётган "қоғоздаги ваъдалар" ҳамда Европанинг бюрократияси уруш шиддатига дош бера олмаётганини кўрсатади. Украина ўз кучига таяниб баллистик ракеталар ва "FREYJA" тизимини яратишга мажбур, акс ҳолда Россия дронлари ва ракеталари ҳам ҳарбий, ҳам фуқаролик инфратузилмасини яксон қилишда давом этади. Бошқа тарафдан эса уруш таъсири Россиянинг ички иқтисодий томирларига аллақачон етиб борган. Икки давлат ҳам турли жабҳаларда заифлашиб боряпти. Аммо биринчи бўлиб ким оқ байроқни кўтаради деган саволга ҳам ҳозирча аниқ жавоб топиш мушкул.
Трамп “мамлакатдаги туғилишлар”га қарши
Ҳар доим дунё медиасида ўзига хос қилиқлари, фикрлари ва қарорлари билан муҳокама марказига чиқадиган Дональд Трамп бу ҳафтадан ҳам жим ўтиргани йўқ. АҚШ Президенти мамлакатда туғилиш орқали фуқаролик олиш амалиётини чеклаш ҳамда Америка фуқаролигининг қадрини ҳимоя қилишга қаратилган иккита муҳим ижро фармонини имзолади. Оқ уй маълумотларига кўра, ушбу қарорлардан бири АҚШ ҳудудида туғилган барча болаларга автоматик фуқаролик бериш тартибига чекловлар киритишни кўзда тутса, иккинчиси Давлат департаменти ва Ички хавфсизлик вазирлигига “туғуруқ туризми” деб аталувчи амалиётни тўлиқ тўхтатиш чораларини кўришни топширади. Трамп маъмурияти бу қадамлар орқали Америка фуқаролиги шунчаки туғилган жой билан бериладиган имтиёз эмас, балки “чуқур ҳуқуқ, имтиёз ва масъулиятларни ўзида жамлаган бебаҳо мақом” эканини очиқ-ойдин таъкидламоқда.
Ушбу қарорларнинг ҳуқуқий ва конституциявий илдизлари АҚШнинг 160 йиллик 14-тузатишига бориб тақалади. 1868 йилда қабул қилинган ушбу нормада “АҚШда туғилган ва унинг юрисдикциясига бўйсунувчи барча шахслар АҚШ фуқароларидир” деб белгиланган. Трамп маъмурияти эса “юрисдикцияга бўйсуниш” тушунчасини қайта талқин қилиб, у шунчаки жўғрофий ҳудудда бўлишни эмас, балки мамлакатда қонуний доимий яшаш ҳуқуқини англатиши кераклигини илгари сурмоқда. Шунга таяниб, ота-онасининг камида бири АҚШ фуқароси ёки доимий резиденти, содда қилиб айтганда, Green Card эгаси бўлмаган болаларга автоматик фуқаролик беришни тақиқлаш кўзда тутилган. Аслида Трамп ўзининг иккинчи муддатидаги биринчи кунидаёқ бу бўйича тегишли фармонни имзолаган бўлса-да, у дарҳол федерал судлар томонидан музлатилган эди. АҚШ Олий суди қарори билан конституциявий нормани ўзгартириш учун Президент фармони етарли эмаслиги таъкидланган бўлса-да, маъмуриятнинг янги ва қайта кўриб чиқилган фармонлари Олий суд ажратган ҳуқуқий бўшлиқлардан фойдаланишга ҳамда “туғуруқ туризми” орқали сохта ҳужжат топширганларга тўғридан-тўғри маъмурий чеклов қўйишга қаратилган.
Рақамлар ва статистика бу муаммонинг кўламини яққол кўрсатиб беради. Аҳолишунослик ва иммиграция институтлари маълумотларига кўра, АҚШда йиллик туғилишларнинг умумий сони 3,5–3,7 миллионни ташкил этади. Шундан мамлакатда ноқонуний юрган мигрантлар ёки вақтинчалик визадаги шахслардан йилига тахминан 255 000 нафар чақалоқ дунёга келади. Агар ушбу тақиқ тўлиқ кучга кирса, MPI ҳисоб-китобларига кўра, 2045 йилга бориб АҚШдаги ҳуқуқий мақомга эга бўлмаган аҳоли сони қўшимча 2,7 миллион кишига, 2075 йилга бориб эса 5,4 миллион кишига кўпайиши мумкин. Айни пайтда, Касалликларни назорат қилиш марказининг расмий статистикаларига кўра, йилига 9 600 нафарга яқин чақалоқ хорижий манзилларга эга бўлган оналар томонидан АҚШ ҳудудида дунёга келтирилади. Юқори баҳолашларга кўра, махсус тижорий агентликлар орқали келадиган “туғуруқ туристлари” кўлами йилига 22 000 дан 26 000 гача чақалоқни ташкил этади. Бу АҚШдаги йиллик умумий туғилишларнинг 1 фоизидан камроғи бўлса-да, бу амалиётдан асосан Хитой, Россия, Нигерия, Туркия ҳамда айрим Лотин Америкаси мамлакатлари фуқаролари кенг фойдаланиб келган.
Туғилиш орқали фуқаролик беришни чеклаш Трамп маъмуриятининг ноқонуний миграцияга қарши кураш бўйича умумий ва комплекс стратегиясининг бир қисмидир. Иммиграция тизимини ислоҳ қилиш доирасида маъмурият жанубий чегарадаги назоратни кескин кучайтирди. Расмий маълумотларга кўра, Трамп президентлик лавозимига қайтганидан кейин ноқонуний равишда мамлакатда бўлган 3 миллиондан ортиқ мигрант депортация қилинди, шунингдек, хавф даражаси юқори деб топилган 75 та давлат учун виза расмийлаштириш жараёнлари вақтинча тўхтатилди. Бундан ташқари, маъмурият сохта йўл билан фуқаролик олган шахсларга қарши чораларни кучайтириб, 88 нафар шахсга нисбатан фуқароликни бекор қилиш бўйича суд даъволарини қўзғатди. Айни вақтда 1,4 миллиондан ортиқ ноқонуний мигрант давлат бюджети ҳисобидан бериладиган ижтимоий ва тиббий нафақалардан узилди, фуқаролик олиш тести қийинлаштирилди ҳамда штатлардаги сайловчилар рўйхатидан ноқонуний мигрантларни чиқариб ташлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Ушбу қарорларнинг туб иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари жуда чуқур. Трамп маъмурияти ушбу кескин қадамлар орқали, энг аввало, чақалоқ воситасида ота-онага ёки оиланинг бошқа аъзоларига вақт ўтиб фуқаролик олиб бериш anchor babies ва занжирли миграция амалиётига тўлиқ барҳам беришни кўзламоқда. Шу билан бирга, ноқонуний мигрантлар ва туғуруқ туристларининг фарзандларига бепул таълим ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш маҳаллий солиқ тўловчилар зиммасига салмоқли молиявий юк бўлиб тушаётгани айтилмоқда. Мухтасар айтганда, Дональд Трампнинг ижро фармонлари АҚШнинг кўп асрлик “ердаги ҳуқуқ” тамойилини чеклаб, мамлакатни кўпроқ Европадаги каби “қондаги ҳуқуқ” тизимига ўтказишга бўлган уринишдир.