Ҳайдовчилар “права”сидан айрилади – Ҳафта таҳлили

Review

Reklama
0:00

Тошкент шаҳрининг 10 та тумани – Бектемир, Миробод, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Сергели, Учтепа, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Яшнобод туманлари ҳокимларига нисбатан коррупцион ҳолатлар назоратини амалга ошириш мақсадида хизмат текшируви ўтказилади. Бу ҳақидаги ҳужжат шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов томонидан имзоланган. Сизнингча, бу текширувдан кимлар омон чиқади? Охирги вақтларда Тошкент туманларида вазият яхши эмас. Ноқонуний қурилишлар, аҳоли мурожаатларининг ортиб бориши, газ, электр энергияси билан боғлиқ муаммолар етмагандек, тадбиркорларнинг фарёди, бекатлар можароси дард устига чипқон бўляпти. Шаҳар ҳокими тугул, туман ҳокимларининг фаолият натижаларини халқ томонидан баҳоланишининг имкони йўқ. Шу ва бошқа воқеалар тафсилоти билан Ҳафта воқеалари таҳлилининг навбатдаги сонида танишасиз. 

Трамп Ўзбекистонга келадими? 

Охирги вақтлар Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари тарихдаги энг яхши даврини яшаб ўтмоқда. Буни биз эмас, сиёсатчилар айтмоқда, ҳатто, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник ҳам буни бир неча бор айтди. АҚШдаги ноқонуний миграцияга қарши кураш, ўзбекистонликларнинг мамлакатдан чиқариб юборилиши, айниқса, логистика йўналишида фаолият юритаётган ватандошларга шартларнинг мураккаблашиши фонида Вашингтон ва Тошкент алоқалари ўта илиқлашиб бормоқда. Охирги вақтларда АҚШни тирноқ ичидан кир қидирувчи, бошқа давлатларнинг ишига бурун суқувчи, матбуот, сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари важлари билан норозилик қўзғатувчи мамлакат сифатида кўриш эмас, балки унга ҳамкор, дўст ўлароқ қараш кучайган. 

Тугаётган ҳафтада ҳам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ раҳбари Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди. Айниқса, ушбу телефон мулоқоти ўтган ҳафта Қирғизистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё – Озарбайжон форматидаги йиғилишдан кейин ўтказилгани аҳамиятли. 

Суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Дональд Трампни таомилга кўра, АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги билан яна бир бор табриклаган.

Президент Трамп, ўз навбатида, Ўзбекистон-Америка муносабатлари мисли кўрилмаган даражага етганини ҳамда икки мамлакат етакчилари ўртасида ишончга асосланган яқин мулоқот ўрнатилганини айтган.

“Олий даражада эришилган барча келишувларнинг изчил амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилиб, стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча йўналишларини қамраб олган икки томонлама мулоқот ва алмашинувларнинг жадал суръатига юқори баҳо берилди.

Уч йиллик иқтисодий ҳамкорлик дастури изчил амалга оширилмоқда. Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон ҳудудлари ва Америка штатлари ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. АҚШ фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилгани ишбилармонлик алоқаларининг фаоллашувига хизмат қилмоқда. 

Фуқаро авиацияси, автомобилсозлик, тоғ-кон саноати, инфратузилма, энергетика, металлургия, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда”, дейилади телефон мулоқоти ҳақида Президент Матбуот хизмати тарқатган ахборотда. 

Президентлар халқаро аҳамиятга молик масалаларни муҳокама қиларкан, глобал хавфсизликни таъминлаш, халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳим экани қайд этган. Етакчилар бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини ҳам кўриб чиққан.

Суҳбат якунида Президент Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни ўзига қулай вақтда расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишни таклиф қилган.

Ўзбекистон Президенти АҚШ раҳбарини биринчи марта Ўзбекистонга таклиф қилаётгани йўқ. Умуман, ўтган йили Трампнинг Марказий Осиёга, хусусан Қозоғистонга ташриф буюриши ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо бу гаплар ҳозиргача реалликка кўчгани йўқ. 

35 йиллик мустақиллигини нишонлаш арафасида турган Ўзбекистонга ҳозиргача ҳеч бир АҚШ Президенти ташриф буюрмаган. Тарихда Марказий Осиё минтақасига келган ягона собиқ АҚШ Президенти – бу Билл Клинтон. У ҳам президентлик ваколати тугаганидан сўнг, 2005 йилда шахсий жамғармаси линияси бўйича Қозоғистонга ташриф буюрган.

Билл Клинтоннинг ўзи келмаган бўлса-да, унинг рафиқаси — Ҳиллари Клинтон АҚШнинг Биринчи хоними сифатида 1997 йил ноябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган. У Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, тарихий обидалар билан танишган ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашган.

Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақоми белгиланди

Ўзбекистонда Президент Администрацияси бор эди-ку лекин унинг ҳуқуқий мақоми йўқ эди. Ниҳоят, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенат тугаётган ҳафтада “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида”ги 34 моддадан иборат Конституциявий Қонунни кўриб чиқди ва маъқуллади. 

Қайд этилишича, ушбу Қонун Президент Администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни, ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишларини конституциявий қонун даражасида белгилашга қаратилган. 

Қонунда Администрациянинг мақоми, фаолиятининг асосий принциплари, таркибий тузилиши ва фаолиятини ташкил этиш тартиби, унинг давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлари билан ўзаро алоқалари, Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари фаолиятининг кафолатлари аниқ белгилаб берилмоқда. 

Бундан ташқари, Администрациянинг давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлиги ҳамда алоқалари ҳуқуқий тартибга солинмоқда. 

Қонунни тайёрлаш жараёнида бир қатор хорижий давлатлар, хусусан, АҚШ, Финляндия, Чехия, Словакия, Руминия, Латвия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар тажрибалари ўрганилган ҳамда таҳлил қилинган. 

“New Port” дастидан дод деганлар

Тасаввур қилинг: кимдир маҳаллангизга келяпти, “уйингиз ўрнида кўп қаватли уй, ситй қурмоқчимиз”, деб аввал 10 та, кейин 20 та қўшнининг розилигини олади, олди-сотди шартномасини қилади, бурнингизнинг тагида қурилиш бошлайди, эшигингиздан кириб-чиқишга жой қолдирмайди, чанг-тўзон, шовқин, кўчишга мажбурлашади. Шунда ҳам чиқмасангиз, зўравонлик қилинади. Уйингиз учун пул талаб қилсангиз, нархни сиз эмас, ўзлари белгилашади. Кўнмасангиз, уйингизни мажбурий бузишади. Яккасарой тумани “Дамариқ” маҳалласида ҳам худди шундай бўлган. 

Фуқаронинг мурожаати тасдиқланди. Мажбурий кўчириш бўйича ижро ҳаракатлари якунланмасдан туриб уй ўзбошимчалик билан бузиб ташлангани аниқланди.

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан маълум қилинишича, терговга қадар ўтказилган текширувда “Mega Logistics Servise” МЧЖ мансабдор шахслари Яккасарой тумани Дамариқ маҳалласи Абдулла Қаҳҳор кўчаси, 19-уйда яшовчи фуқароларни мажбурий кўчириш бўйича ижро ҳаракатлари якунланмаган бўлса-да, мазкур уйни ўзбошимчалик билан бузиб ташлаган.

Шунингдек, қурилишга тегишли рухсатнома олмасдан ушбу ҳудудда 1 та 20 қаватли, 2 та 19 қаватли, 1 та 12 қаватли ва 1 та 2 қаватли турар жой бинолари ўзбошимчалик билан қурилгани маълум бўлган. Хўш, бу қайси уй дейсизми? Ўша номи машҳур “New Port” лойиҳаси. 

Билдирилишича, ҳолат юзасидан “Mega Logistics Servise” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага мурожаат қилиб, додини айтган она-бола ушбу йирик лойиҳа ортида Хитой инвестицияси тургани, инвесторлар давлат томонидан ҳимоя қилинишини тушуниши, бироқ Ўзбекистонда ҳам ушбу бизнесга алоқадор ва уни панада қўллаётган бошқа мансабдорлар ёки “блатной”лар борлигини айтган. 

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси берган маълумотларга кўра, “Mega logistics service” МЧЖ  “New Port” номи остида жами 9 та блокда қурилиш-монтаж ишлари амалга ошираётган бўлиб, шундан 3 та блок бўйича Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг ижобий хулосаси ҳамда тегишли ижобий экспертиза хулосалари олинган. 

Ушбу ҳужжатлар асосида мазкур блокларда қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун Тошкент шаҳар ҳудудий назорат қилиш инспекциясидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган. Қолган 6 та блокда эса қурилиш-монтаж ишлари Инспекциядан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмасдан олиб борилган. 

“Аниқланган ҳолатлар юзасидан буюртмачи – “Mega logistics service” МЧЖга бир неча марта бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган. Уларда қурилиш-монтаж ишларини белгиланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида ҳамда объектни инспекциядан тегишли тартибда рўйхатдан ўтказган ҳолда амалга ошириш талаб этилган.

Бироқ ёзма кўрсатмаларда белгиланган талаблар бажарилмагани сабабли буюртмачининг масъул мансабдор шахслари белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, буюртмачининг техник назоратчисига нисбатан тегишли тақдимнома киритилиб, таъсир чоралари қўлланилган”, дейилади инспекция баёнотда.

Шаҳарнинг қоқ марказида 6 та ноқонуний бино қурилибди, шифти осмонни ўпибди, одамлар уйидан зўрлик билан кўчирилибди, уйи бузилибдию қолганлар томошабин, охирида ҳаммаси очилгач, биз билгандик, биз кутгандик, биз айтгандик дейишдан нари ўтиш йўқ. Ахир, қуравер кейин бир гап бўлар деган қурилишлардан чарчадик. Шаҳардан қанча шундай ноқонуний бинолар бор? Беш йилдан буён кадастрсиз одамлар кириб яшаётганларини биламиз. Қачонгача давом этади булар? Шаҳар бедарвозами? Улар ҳали битта ғишт қўймай, одамлардан пул йиғиб, қурилиш қилишни бошлайди, пул тўлаганлар йиллаб сарсон бўлади. Ҳовузи, саунаси, болалар майдончаси, 24 соат қўриқлаш хизмати, мактаби, боғчаси, автотураргоҳи бор дейилган уйнинг тўрт девори, битта роми борлигига хурсанд бўлиб, калитни олганига шукр айтадиганлар қанча?! Ўша қурилишларнинг ноқонунийлигини билган инспекция нега оғзига толқон солиб ўтирибди. Нега ўша сотув офислари олдига “рухсат этилмаган қурилма” деб баннер осиб қўймаяпти. Писмайиб ўтириб, ҳамма нарса сув юзига чиққач, биз жарима қилгандик, бу қурилиш ноқонуний эди деб баёнот беришдан бошқага ярамаяпти. 
Инспекция “New port”даги қонун бузилиш ҳолатлари бўйича тўпланган ҳужжатлар тегишли ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилганини айтмоқда, аммо санасига аниқлик киритмаган. Қачон, шов-шувдан аввалми, кейинми? Агар ҳуқуқий баҳо бериш учун анча аввал юборилган бўлса, нега баҳо берилмаган? Нега одамлар Администрация раҳбаригача дод солиб чиқди, нега вақтида чора кўрилмади? Чора кўрмагаганларга чора кўриладими? Прокуратура масаланинг бу тарафига ҳам киряптимикин? 

“Мазкур объектда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари инспекция томонидан эътиборсиз қолдирилмаган. Аксинча, улар юзасидан белгиланган тартибда назорат тадбирлари ўтказилиб, ваколат доирасида тегишли таъсир чоралари қўлланилган ҳамда қонунбузилишларга ҳуқуқий баҳо берилишини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилган”, дейилади ахборотда.

Инспекция ўз баёнотида қайта ва қайта чора кўрганмиз деган-у лекин қандай чоралиги, қачон кўрилганига аниқлик киритмаган. Шунинг ўзи бир қатор саволларни келтириб чиқаради. Баёнот гўё ҳамма нарса ҳақида ҳеч нарса дегандек таассурот уйғотяпти кишида.

Олмазордаги қурилишда фожиа. Аҳоли норози

Эсингизда бўлса, ўтган ҳафта Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Миробод туманидаги “Лолазор” муҳалласига бориб, болалар майдончасини ўраб олиб, бу ердаги дарахтларни кесиб, ўрнида бизнес маркази қурилаётганини кескин танқид қилганди. Ўшанда у Бош прокурор ўринбосари Салом Самадов, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновга пойтахтдаги барча қурилишларни хатловдан ўтказиб, ноқонунийларини аниқлаш ва керак бўлса, бу қурилишларга рухсат берган мансабдорларни жавобгарликка тортиш масаласини кўндаланг қўйганди. Шундан кейин бутун шаҳарда катта тафтиш бошланди. Лекин негадир бу тафтиш Олмазордаги қурилишларга етиб келолмаяпти. Етиб келса-да, иси чиқмаяпти. 

Олмазор туманинг “Орзу” маҳалласи аҳолиси 3 йилдан буён таҳририятимизга кўп қаватли уй ва мактаб орасидаги бир вақтлар собиқ “Карвонбанк”, кейин Олмазор тумани паспорт столи бўлган, ундан кейин 243-мактабга берилган бино бузиб ташланиб, атрофи пайҳон қилиниб, ўрнида кўп қаватли уй, бизнес маркази ва дўконлар қурилаётганидан нолиб келаётганди. 

Афсуски, уларнинг додига ҳеч ким қулоқ тутмади. Дарахтлар тунда иси чиқмай кесилди, Экологияга масъуллар ҳам бонг урмади, қилмишлари енг ичида қолди. 

Ўтган ҳафта охирида эса шу қурилиш майдонида котлован қазиш жараёнида ер ўпирилиб, бир киши жароҳатланди. Оддий қилиб айтганда қурилиш нормалари бузилган, ўзбошимчалик қилинган. 

Ушбу ҳудудда қурилиш “DONMAH IMEX” МЧЖ томонидан олиб борилган. Айни вақтда МЧЖ мансабдор шахсларининг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ҳамда 192-11-моддаси (нодавлат ташкилотда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш) аломатлари мавжудлиги сабабли жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу ҳудудда йиллар давомида 13 та кўп йиллик манзарали ва соғлом дарахтлар кесиб ташланган. Мараторийга қарамай, ҳатто, 2025 йилда шахсан Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида экология борасидаги саъй-ҳаракатларга парво ҳам қилмай. Ҳа, жарималар қўлланилган, лекин пулини тўлаб қўйиб, кесишда давом этилган. Хуллас, гапираман десанг гап кўп. QALAMPIR.UZ қайта ва қайта воқеа жойига борди, халқ дардига қулоқ тутди, масъулларни қидирди, лекин улардан дарак бўлмади. Туман ҳокимлиги мансабдорлари туманда шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Раҳмонов ташрифи билан оворалиги сабаб QALAMPIR.UZ саволларидан қочган бўлса, айнан шу туманга ҳокимлик даврида 243-мактабга бириктирилган бино ва ҳудуд бизнесменлар қўлига қандай ўтиб қолганига аниқлик киритиши мумкин бўлган муҳим шахс – жаноб Раҳмонов QALAMPIR.UZ микрофони қаршисига чиқмади. Ҳолбуки, Саида Мирзиёева ўтган ҳафта айнан у билан мулоқотда халқнинг ерини халққа қайтариш, барча қурилишларни хатловдан ўтказишни топширганди. 

Шу ўринда ана шу топшириқ ижросига тўхталсак: топшириқни ижро этиш экан деб одатда юқоридаги раҳбарлар номини ёмонотлиқ қилиш, улар номи билан кўп ноқонуний ишларга бош бўлиб, сўнг ҳаммаси фош бўлганда, аттанг деганларни кўп кўрилди. Администрация раҳбарининг топшириғи бизнес ёки маълум шахслар манфаатларига қаратилмагани ёки тафтиш, хатлов баҳоналари билан қонуний қурилишларни ҳам тўхтатиб қўйиб, коррупциянинг янги омилларини топиш учун берилмаганини одамлар ўша видеонинг ўзидан эшитди. Буёғи топшириқни олганларга ҳавола. 

Ҳа, дарвоқе. Олмазордаги фожиали қурилиш ҳақида алоҳида журналистик суриштирув тайёрлаганимиз, уни YouTube’даги каналимизда томоша қилишингиз мумкин. 

Тезликни оширганлар “права”сидан маҳрум бўлади

Ўзбекистонда эндиликда белгиланган тезликни 80 км/соатдан ортиқ оширганлар ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида муҳокама қилинган йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасида шундай ёзилган.

Ушбу ҳужжат билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. 

Хусусан, Жиноят кодексида вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш оқибатида фуқаронинг баданига ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилган, одам ўлими ёхуд бошқа оғир оқибатлар келиб чиққан ҳолларда транспорт воситасини топширган шахсга жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш, автомототранспорт воситалари пойгасини ноқонуний ташкил этиш ва унда иштирок этиш, юк транспорт воситаларини тунги вақтда йўл ҳаракати иштирокчиларига хавф туғдирадиган ҳолатда йўл четида қолдириш, транспорт воситасини ҳисобдан чиқариш тартибини бузиш, белгиланган тезликни 80 километр/соатдан ортиқ миқдорда ошириш учун алоҳида ва кучайтирилган жавобгарлик белгилаш назарда тутиляпти.

Транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқариш ёки тегишли текширувдан ўтишдан бўйин товлаш учун белгиланган жазо чораларини такомиллаштириш, шунингдек, айрим қўпол қоидабузарликлар такроран содир этилганда жаримани чегирма билан тўлаш тартибини муайян муддат давомида қўлламаслик ҳам назарда тутилмоқда.

Қонун ҳали қабул қилинганича йўқ, унинг қабул қилиниши эса йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш, қўпол қоидабузарликлар учун жавобгарликнинг таъсирчанлиги ва муқаррарлигини таъминлаш, ҳайдовчиларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилиши айтилмоқда. 

Наманганнинг собиқ ҳокими 11 йилга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судининг 7 августдаги ҳукми билан Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими 54 яшар Анваржон Отахўжаев Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” банди, 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди ва 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

У 59-моддаси 3-қисми тартибида узил-кесил 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган ишларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йилга қамалди

Жиноят иши бўйича 3 нафар судланувчига 7 йилдан 10,5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 2 нафарига 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари ҳамда 1 нафар судланувчига 3 йилга озодликни чеклаш жазолари тайинланган.

Хўш, у нега қамалди? Қайси жинояти учун? 

Гап шундаки, Отахўжаев ва пойабзал ишлаб чиқарувчи МЧЖ раҳбари ўзаро тил бириктириб, қурилиш соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқародан шаҳар ҳудудидаги 35 сотих ер майдонида жойлашган, маънан эскирган тураржой бинолари ўрнига кўп қаватли уй барпо этиш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига 60 минг доллар талаб қилган.

Ўтган йилнинг августида ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб МЧЖ раҳбари ушбу сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, шаҳар ҳокими ўзининг яна бир ишончли одами бўлган – ҳокимликнинг девонхона мудири орқали МЧЖ раҳбаридан 60 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга тушган. 

Тошкентдаги кўприк қурилишидан 7,4 миллиард ўғирланган

Тошкентнинг кўприк, янада аниқ айтсак, йўл ўтказгичнинг девори қулаб тушгани эсингиздами? Бу оддий ва унутиладиган ҳодиса эмасди. 2024 йилнинг августида очилган-у камида 100-120 йил хизмат қилиши айтилган ушбу йўл ўтказгич фойдаланишга топширилганидан 7 ой ўтиб, деворлари қулаган эди. 128 сўм сарфлангани айтилган ушбу дунёда тенги йўқ кўприк қурилишида 7,4 миллиард сўм ўғирланган. Бу аён бўлгани, судда аён бўлгани. 

Тугаётган ҳафтада туннель йўлида тиргак девори қулаши ортидан 6 киши судланиб, уларга нисабатан суд ҳукми ўқилди.

“Ўзйўлкўприк кластерининг Тошкент вилояти филиали” давлат муассасаси 12-туркумли умумий ишлар бўйича директор ўринбосари Акмал Муродов, “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси” ДМ директор ўринбосари – бош муҳандиси Санжар Маннонов, Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси” ДМ муҳандислик техник назорат ва бажарилган ишларни қабул қилиш бўлими бош мутахассиси Зафар Шораҳмедов, “Ўзйўлкўприк кластерининг Тошкент вилояти филиали” ДМ ишлар бўлими иш бошқарувчиси Абдумутал Исропилов, “Йўл лойиҳа бюроси” МЧЖ 1-сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш бўлими лойиҳа бош муҳандиси Нуршод Мавлонов ва “Гранд нур йўл қурилиш” МЧЖ директори Обид Одилов судга жалб қилинган.

Улар ўзаро тил бириктириб, жами 7 млрд 377 млн сўм миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган. 

Ҳукуматнинг 2022 йил 24 мартдаги қарорида Тошкент ҳалқа йўлининг Темур Малик кўчасидан ўтган бир қисмини ҳамда ушбу йўлдаги йўл ўтказгични реконструкция қилиш ва янгисини қуриш белгиланган. Шу мақсадда “Ўзйўлкўприк кластерининг Тошкент вилояти филиали” ДМ ва “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси” ДМ ўртасида 1-босқич учун 2024 йил январь ойида қиймати 118 млрд 996 млн сўмлик, 2024 йил август ойида қўшимча келишувлар билан 94 млрд 15 млн сўмлик пудрат шартномалари тузилган.

Мазкур объектда 4 та монолит бетон таянч деворларининг остки қисмидаги пойдевор, таянч деворлари, ер ишлари, қайта кўмиш ишлари, устки асос қатлами ва таянч деворларининг ташқи безак ишлари билан жами 6 млрд 177 млн сўмлик яроқсиз қурилиш ишлари амалга оширилган. Шунингдек, 433 млн сўмлик базальт геосетка ва 766 млн сўмлик қум-шағал аралашмасини ётқизиш ишлари эса амалда бажарилмаган ҳолда бажарилган ишлар далолатномасига киритилган.

Жорий йилнинг 31 июль куни ушбу иш Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилган. Суд мажлисида Акмал Муродов, Санжар Маннонов, Зафар Шораҳмедов, Нуршод Мавлонов ва Обид Одилов айбига иқрор бўлмаган. Абдумутал Исропилов эса ўзига нисбатан эълон қилинган айбловга қисман иқрорлигини билдирган.

Суд ҳукмига кўра:

Акмал Муродов – Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а", "в” бандлари билан айбдор деб топилган. Унга узил-кесил 1 йил муддатга моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 310 баравари, яъни 116 млн 250 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган;

Санжар Маннонов – Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми "а", "в” бандлари билан айбдор деб топилган. Унга узил-кесил 1 йил муддатга моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 310 баравари, яъни 116 млн 250 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган;

Зафар Шораҳмедов – Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а", "в” бандлари билан айбдор деб топилган. Унга ҳам узил-кесил 1 йил муддатга моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 310 баравари, яъни 116 млн 250 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган;

Абдумутал Исропилов – Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а", "в” бандлари билан айбдор деб топилган. Унга узил-кесил 1 йил муддатга моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 310 баравари, яъни 116 млн 250 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган;

Нуршод Мавлонов – Жиноят кодексининг 28, 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилган. Унга узил-кесил 1 йил муддатга моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 290,5 баравари, яъни 108 млн 937 минг 500 сўм миқдорида жарима жазоси қолдирилган;

Обид Одилов – Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28, 209-моддаси 2-қисми “а", "в” бандлари билан айбдор деб топилган. Унга узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 310 баравари, яъни 116 млн 250 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Миграция агентлигида пул ювиш

Миграция агентлигида тебранишлар давом этмоқда. Биласиз, айни кунларда Корея давлатига ишга юбориш бўйича 90 миллион долларлик коррупцион “схема” доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг нақ тўрт мансабдори судланмоқда. Тугаётган ҳафтада эса агентликда 1 млрд сўмдан ортиқ талон-торожликлар фош этилди. 

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг маълум қилишича, ўтказилган терговга қадар текширувда Миграция агентлигининг масъул шахслари агентликнинг икки ходимининг амалда ишламаган даври учун 931,6 млн сўм иш ҳақи сифатида ҳамда интизомий жазо чораси қўлланилган ва жазо амал қилган даврда Меҳнат кодексининг талабларига зид равишда 8 нафар ходимга 88,5 млн сўм тўлаб бериб бюджет маблағларини растрата йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ёдингизда бўлса, Бош прокуратура жорий йилнинг 14 май куни Миграция агентлиги, хусусий бандлик агентликлари собиқ мансабдор шахслари коррупцион “схема” ташкил қилиб, Кореяга ишга юбориш учун расмий тўловлардан ташқари фирибгарлик йўли билан 7-12 минг АҚШ долларидан қарийб 90 млн АҚШ доллари йиғиб олгани ҳақида айтиб чиққан эди. Ўша куннинг ўзида Миграция агентлигининг собиқ бўлим бошлиғи, Андижон вилоятида туғилган, Миграция агентлигининг Кореядаги ваколатхонаси раҳбари лавозимида фаолият олиб борган 35 ёшли Азизбек Тоштемиров Интерпол орқали халқаро қидирувга берилгани маълум бўлди. У 2025 йилнинг март ойида турли қонунбузарликлар учун ишдан бўшатилган. Орадан кўп ўтмай, қидирувдаги Тоштемиров ижтимоий тармоқлар орқали очиқ баёнотлар билан чиқиб, коррупцион “схема” бошида Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев турганини иддао қилиб, у биланлиги айтилган ёзишмалар, аудиоларни илова қилди. Агентлик ушбу иддаоларни рад этди, айни вақтда текширув кетаётганини билдирди. Ҳозиргача Тоштемировнинг айбловларига нисбатан Бош прокутура ҳам, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам, бошқа ташкилотлар ҳам муносабат билдиргани йўқ. Июль ойининг охирларига келиб, Тоштемировнинг номи Интерпол қидирувидан шубҳали тарзда ғойиб бўлди, ҳуқуқ-тартибот органлари эса бунинг сабабларини очиқламади. 

Фариштали, сариштали ҳокимлар

Бизнинг ҳокимлар сариштали. Бизнинг ҳокимлар фариштали. Бизнинг ҳокимларнинг 10 бармоғида 10 маҳорат. Улар ҳамма нарсани эплайди. Шеър ўқишни, қўшиқ айтишни, спорт билан шуғулланишни, ҳатто, қайнонаси койимай, қозон-товоғини текширмай қўйган келинларни “ровно” қилиб қўйишни қотиришади. Энг қизиғи, шуларга вақт топишади. Бири тандир қур дейди, иккинчиси буз дейди. Бошқаса уйма уй юриб, рўзғорни тафтиш қилиб, шармандали хонадон, шармандали уй бекаларини қидиради. Ўчоқ бошида қозоннинг қачон ювилганию товоқдаги ёғ изи қайси овқатнинг юқи эканини текширади. Муслатгич тоза бўлмаса, ўз рўзғорини намуна қилиб кўрсатади. Бунақаси қайда бор? Бунақаси бизда бор, бизда бори ҳеч қаерда йўқ. Кундузи чироқ ёқиб тополмайсиз бунақа ҳокимларни. Ҳафта воқеалари таҳлилини якунлар эканман, катта шов-шувларга ва кулгуларга, мазах қилишга сабаб бўлган, айрим мансабдорларнинг савияси, фитрати даражасини кўрсатиб қўйган қозон-товоқ рейдига кўп тўхталмайман, бу ҳақида алоҳида дастур тайёрлаганмиз, уни YouTube’даги каналимизда томоша қилишингиз мумкин. Фақат айтар гапимиз шу, ҳокимлар сайланмас экан, уларнинг бундай хурмача қилиқлари давом этаверади. 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends