Сергелидаги портлашдан сўнг ФВВга янги вазифа юклатилди

Жамият

image

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига портлаш хавфи юқори кимёвий моддаларни сақлаш талабларини назорат қилиш вазифаси юкланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг кеча, 6 ноябрь куни қабул қилинган “Ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарорида келтирилган. 

Қарорга кўра, ФВВга ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддаларни (маҳсулотларни) сақлаш, ташиш, улардан фойдаланиш ва йўқ қилиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш, шунингдек, ушбу соҳада белгиланган талабларга риоя этилишини назорат қилиш вазифалари юклатилган.

Қарор билан шунингдек, вазирлик тизимида ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўлими ҳамда бўлинмалари ташкил этилиши белгиланган.

2024 йил 1 январдан:

•  республикага олиб кирилган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтказилган кимёвий моддалар ва уларни олиб кирувчи субъектлар тўғрисидаги маълумотлар Божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали вазирликка реал вақт режимида тақдим этиб борилади;

•  кимёвий моддалар фақат фавқулодда вазиятларнинг (ёнғинларнинг) олдини олиш ва саноат хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган омборларда сақланишига рухсат берилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонга кимёвий моддаларни олиб кирувчи субъектлар томонидан божхона расмийлаштирувидан ўтказилган кимёвий моддалар ва уларни сақлаш жойлари тўғрисидаги маълумотларни киритиш имкониятига эга бўлган ахборот платформаси яратилади.

2024 йил 1 январдан Ўзбекистонга кимёвий моддаларни олиб кириш, ташиш, сақлаш, улардан фойдаланиш ва йўқ қилишда белгиланган талабларга риоя этилишини доимий назорат қилишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади, жумладан:

•  Божхона қўмитаси кимёвий моддаларни божхона расмийлаштирувидан ўтказади ҳамда 1 кун муддатда ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали кимёвий моддалар тури, миқдори ва уларни олиб кирувчи субъект тўғрисидаги маълумотларни Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ва бошқариш миллий марказига тақдим этади;

•  кимёвий моддаларни олиб кирувчи субъектлар ушбу моддалар божхона расмийлаштирувидан ўтказилган куннинг ўзида ахборот платформаси орқали кимёвий моддаларнинг сақланадиган жойи (омбор) ҳақидаги маълумотларни Миллий марказга тақдим этади.

Сергелидаги портлаш

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни тунда Тошкент шаҳри Сергели туманидаги "Қурувчилар" даҳасида "Inter Logistics" МЧЖга қарашли омборхонада кучли портлаш содир бўлди. Оқибатда ҳудуддаги 26 та кўп қаватли уйнинг 592 та хонадони ҳамда 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та МТТ биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етди.

Шунингдек, портлашда 163 нафар фуқаро жабрланди ва ҳодиса оқибатида 2006 йилда туғилган бир нафар ўсмир воқеа жойида вафот этди. 

Фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этишга Миллий гвардия отрядлари жалб этилди ва воқеа жойига Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ва Бош вазир Абдулла Арипов етиб бориб, ҳолатни назоратга олди. Шаҳар ҳокимининг маълум қилишича, етказилган моддий зарар қоплаб берилади

Омборхонада содир бўлган портлашдан сўнг Ҳукумат қарори билан  4 киши қамоққа олинди. Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сергелида қанча бойликлар ёниб кетгани ҳақида QALAMPIR.UZ махсус репортаж тайёрлаган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

ФВВ Президент қарори Сергелидаги портлаш вазифа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг