Зойир Мирзаев вино фестивали ўтказиш учун 1 млрд ажратди
Жамият
−
24 Август
13038Тошкент вилоятининг Паркент тумани Заркент қишлоғида “Узум сайли” халқаро вино фестивалини ўтказиш мақсадида ташкилий харажатлар учун туман маҳаллий бюджетига 1 млрд 300 млн сўм маблағ ажратилди. Бу ҳақдаги вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг тегишли фармойиши қабул қилинган.
Ҳужжатга кўра, Паркент тумани ҳокими Сардор Исақуловга ажратилган маблағни мақсадли ва самарали сарфланишини таъминлаш юклатилган.
Шунингдек, Сардор Исақуловнинг тегишли фармойиши билан “Узум сайли” халқаро фестивали тадбири ўтказиладиган ва тадбир иштирокчилари ҳамда меҳмонларнинг ташрифи кутилаётган Заркент қишлоғи ҳудудидаги 4К720 автомобиль йўли “Паркент-Заркент-Сўқоқ” автомобиль йўлининг Янгиобод МФЙ чорраҳасидан Давлатобод МФЙ ҳудудигача бўлган оралиқда жамоат тартибини ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича транспорт воситаларининг ҳаракатини жорий йил 23 август кунидан 25 август кунига қадар вақтинча чеклаш, темир-бетон тўсиқлар ўрнатиш белгиланган.
Ангрен шаҳар ҳокими Алишер Райимовнинг фармойиши билан эса “Узум сайли” халқаро байрам тадбирига тайёргарлик кўриш, уни юқори савияда ўтказиш, ҳамда тадбирга тайёргарлик кўриш жараёнларида шаҳардан жалб қилинган иштирокчиларнинг транспорт харажатлари учун 35 миллион сўм маблағ йўналтирилган.
Бундан ташқари, Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳокими Жалолиддин Оқбоевнинг фармойишига кўра, “Узум сайли” виночилик фестивалида туман Маданият марказининг ижодий жамоаси иштирок этиши билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун туман ҳокимининг 2024 йилги захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан, 7 млн 200 минг сўм миқдоридаги маблағни туман Маданият бўлимига ажратилган.
LiveБарчаси