Зиёратчиларни олиб кетаётган автобус ЙТҲга учради. Ўнлаб қурбонлар бор
Олам
−
16:07 347 1 дақиқа
Бугун, 3 октябрь куни Кенияда Момбаса шаҳрига олиб борувчи автомобиль йўлида бир нечта транспорт воситаси тўқнашиши оқибатида 17 киши ҳалок бўлди. Қурбонларнинг аксарияти ибодат қилиш учун зиёратгоҳга кетаётган католик зиёратчилар бўлган. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Ҳодиса Салама ҳудудида содир бўлган. Маҳаллий полицияга кўра, юк машинаси ҳайдовчиси бошқа юк машинасини қувиб ўтишга уринган, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмаган. Шундан сўнг, юк машинаси бошқа транспорт воситалари, жумладан, зиёратчилар бўлган микроавтобус билан тўқнашган.
ЙТҲ оқибатида микроавтобус ҳайдовчиси ва ундаги 16 йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Қурбонларнинг аксарияти аёллар экани айтилмоқда.
Момбаса католик архиепископлиги раҳбари Мартин Кивуванинг сўзларига кўра, зиёратчилар Кения пойтахти Найробидан ғарбда жойлашган Накуру округидаги ибодат қилинадиган жойга кетаётган бўлган.
Мартин Кивува ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, марҳумларнинг руҳлари ором топиши ва уларнинг оилалари учун дуо қилишга чақирган.
Нашрга кўра, Африкада йўл-транспорт ҳодисалари жиддий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Бундай аварияларга кўпинча техник ҳолати ёмон транспорт воситалари, тезликни ошириш ва йўлларнинг носозлиги сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгрия шарқида 57 нафар зиёратчини олиб кетаётган Польша автобуси йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилиши оқибатида 12 киши ҳалок бўлгани ҳамда камида 10 киши оғир жароҳатлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси