Зилзиладан сўнг Афғонистондаги вазият қандай?
Олам
−
12 Сентябрь 4936 2 дақиқа
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистон шарқида юз берган сўнгги зилзилалардан кейин мамлакатга ёрдам ҳажмини кенгайтирмоқда. 134 мингдан ортиқ жабрланганга ёрдам кўрсатиш учун 16,8 миллион доллар ажратишни шошилинч равишда сўрамоқда. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий саҳифасида хабар берилди.
Одамлар уй-жой, чодир, кўрпа ва зарурий буюмларга муҳтож. Шунингдек, аҳолига тиббий ёрдам, психосоциал қўллаб-қувватлаш, тоза ичимлик суви ва гигиена воситалари керак. Аёллар ва қизлар, айниқса кўпроқ хавф остида, чунки уларда яккаланиш ва хавфсиз жой топиш имконияти йўқ.
“Оилалар ҳаммасидан айрилди ва энди очиқ ҳавода, уйсиз, озиқ-овқатсиз ва тоза ичимлик сувисиз тунаб қолмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, қиш яқинлашгани сайин, агар зудлик билан ёрдам кўрсатилмаса, уларнинг аҳволи янада оғирлашади.
Афғонистон аллақачон жиддий муаммолар билан юзма-юз келган: 2025 йилда Эрон ва Покистондан 1,7 миллиондан ортиқ афғонистонлик қайтиб келган, мамлакат иқтисодий инқироз гирдобида. Зарур маблағлар ажратилмаса, миллионлаб одамлар ёрдамдан бебаҳра қолади.
31 август куни 6,0 магнитудали зилзила мамлакатга катта зарар етказган. 4 сентябрда эса 6,2 магнитудали иккинчи зилзила рўй бериб, янада кўпроқ вайронагарчилик ва кўчкиларни келтириб чиқарган, бунинг оқибатида асосий йўллар ёпилиб қолган.
9 сентябрь ҳолатига кўра, 2100 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 3600 киши яраланган ва қарийб ярим миллион одам жабрланган. 7 мингга яқин уй вайрон бўлган. Энг кўп зарар кўрган ҳудудлар – Кунар ва Нангарҳор вилоятлари.
Махсус ходимлар ва ҳамкорлар 10 зарар кўрган тумандаги 80 дан ортиқ қишлоққа борган. Ёпилган йўллар ва вайрон бўлган инфратузилмаларга қарамай, ташкилотлар аллақачон Нангарҳор ва Кунар вилоятларида 2000 га яқин оилага фавқулодда ёрдам кўрсатган. Яқин кунларда эса яна 3000 га яқин оилага ёрдам етказиш учун гуманитар карвонлар юборилади.
Мобил тиббий бригадалар 1200 дан ортиқ кишига, жумладан жароҳат олганларга ёрдам кўрсатган.
Қайд этилишича, зилзила таъсир қилган вилоятларда 3,7 миллионга яқин одам яшайди. Улардан 800 мингга яқини – ички кўчирилганлар ёки чет элдан қайтган мигрантлар бўлиб, улар аллақачон оғир шароитларда ҳаёт кечираётган эди. Қиш кириши билан мунтазам ёрдам кўрсатиш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (UNICEF) Афғонистон учун 22 миллион долларлик, олти ойлик ёрдам режасини тақдим этганди.
Live
Барчаси