Зилзилада қулаган биноларни Эрдўған “қурмагани” айтилди

Олам

image

Туркияда содир бўлган зилзилада 1999 йилдан кейин қурилган бинолар зарар кўрмаган. Бу ҳақда Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар Туркия элчихонасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди. 

Туркияда содир бўлган зилзила қурбонлари 48 мингдан ошганини айтган Олган Бекар, 1999 йилда содир бўлган зилзиладан сўнг қурилиш соҳасидаги Низомлар янгилангани ва бинолар янада мустаҳкам қурила бошлаганига тўхталди. 

“1999 йил Туркияда, Мармара денгизи атрофида катта зилзила содир бўлган. Айнан шу зилзиладан сўнг қурилиш Низомлари бутунлай янгиланди. Ўша йилдан кейин қурилган биноларнинг кўплари 2023 йил 6 февраль куни рўй берган зилзилада талафот кўрмади. 

Туркияда TOKI – Туркия уй-жой бошқармаси қурган бирорта бинонинг деразаси ҳам синмади. Зилзилада қулаган биноларнинг 99 фоизи 1999 йилдан аввал қурилган бинолар эди”, дейди Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар.

Маълумот учун, 1999 йил 17 август куни Туркиянинг ғарбий қисми, Голжук шаҳри яқинида маҳаллий вақт билан 03:01 да кучли зилзила кузатилган. У 37 сония давом этган бўлсада, жуда катта талафотларга сабаб бўлган.

Зилзила содир бўлган ҳудудда чуқурлиги 100 километрдан ортиқ бўлган тектоник ёрилиш юзага келган, баъзи жойларда йўл ва дарахтлар 5,2 метр масофага силжиган. Қурбонлар сони 18 373 тани ташкил этган, 48 901 киши яраланган, 600 000 га яқини бошпанасиз қолган. Зилзила мамлакат иқтисодиётига жиддий таъсир қилган.

Табиий офат оқибатида 120 мингга яқин бинога зарар етган, бир неча заводлар вайрон бўлган, маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин содир бўлган. Фожиа оқибатида кўрилган талафотларни бартараф этиш учун Туркияга дунёнинг 12 давлати томонидан ёрдам кўрсатилган.

Ушбу зилзила мамлакат капиталининг иқтисодий таназзулга юз тутган пайтида содир бўлган. Матбуот ҳукуматни фавқулодда вазиятларга ёмон муносабатда бўлганликда айблаган. Зилзилани олдини олишнинг иложи бўлмаса-да, табиий офатнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича дастлабки соатларда адекват чоралар кўрилмагани учун қурбонлар сони ортиб борган. Ўша йилларда ҳукуматни бошқарган Бош вазир Булент Эжевит бу воқеадан сўнг вайронагарчилик кўламини кўриб “шок” ҳолатига тушиб қолган.  

Ҳукумат раиси Эжевит талафот кўрган ҳудудга минглаб аскар юбориши мумкин бўлган армия ҳарбийларининг ёрдамидан ҳам фойдаланмаган. Туркия зилзилалар тез-тез кузатилиб турадиган сейсмологик ҳудуд бўлса ҳам, ҳукумат уни бартараф этиш ишларини аввалдан режалаштирмаган. Оқибатда одамларни қутқариб олиш, уй билан таъминлаш, ўликларни кўмиш билан боғлиқ муаммолар қалашиб кетган.

Фожиа шуҳрат келтирган Эрдўған

Измит зилзиласида Ҳукумат бор ҳақиқатни халқдан яширди. Ҳатто, ўша вақтдаги Президент Сулаймон Демирел чиқишларидан бирида “Афсуски, ўлим сонини аниқ билмаймиз”, деган. Зилзила ва унинг оқибатларини бартараф эта олмаслик, ўлим сони кескин ортиб кетиши, ўликлар бир неча кунгача қолиб кетиб, чириши халқнинг давлат ва амалдорларга нисбатан ишончсизлигини оширди.

Айни вақтда одамлар Истанбулнинг собиқ ҳокими, қамалиб чиққан Эрдўғанга жуда ишонар, унинг Истанбулда инфратузилма бўйича ислоҳотларини билар, дегизни ахлатлардан тозалаш, чиқиндиларга тўлган шаҳарни обод қилиш, кўприклар ва йўллар қуриш, аҳолини ичимлик суви ва электр энергияси, шунингдек, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасидаги муваффақиятли фаолиятидан хабардор эди. Одамлар Эрдўғанга халоскордек қаради. 2001 йилга келиб, Эрдўған “Адолат ва тараққиёт” партиясини тузди ва энди Истанбулда орттирган тажрибасини бутун мамлакат бўйлаб қўллай бошлади. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркия жануби-шарқидаги Қаҳрамонмараш вилоятида 7,7 ва 7,6 магнитудали иккита вайронкор зилзила содир бўлди. Ер қимирлашлари ва минглаб ерости силкинишлари республиканинг 11 вилояти ва қўшни мамлакатларда сезилган бўлиб, улардан Сурия энг кўп жабр кўрган. Туркияда қурбонлар сони 48 мингдан ошди. Туркияга етказилган табиий офатдан жами зарар, БМТ прогнозларига кўра, 100 миллиард доллардан ошиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Туркия Зилзила Эрдоған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг