Сурияни бир том остида бирлаштириш оғир кечмоқда. Асад издошларидан сўнг, Нетаньяху томонидан дастакланаётган друзлар Жўлоний учун навбатдаги тўсиққа айланди

Таҳлил

image

Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний номи билан ҳам машҳур) ҳокимиятга келганига 5 ой бўлди. Аммо ҳозиргача унинг Туркия қўлловидаги маъмурияти марказий давлатлатчилик қуриш ва йиллар давомида бўлакларга бўлинган давлатни бир том остига бирлаштиришда жиддий муаммоларга дуч келмоқда. 

Жорий йил март ойининг илк кунларида Латакияда содир бўлган алавийлар исёнидан кейин апрель тугашига яқин янги маъмурият яна бир кескинлик билан юзлашди. Навбатдаги муаммо ҳудди биринчиси каби этник ва диний озчилик атрофида кечмоқда. Сурия бўйлаб 700 мингга яқин аҳолини ташкил қилувчи яҳудийларга яқин друзлар мазкур инцидент марказида. Ушбу ҳодисаларнинг бошланиш нуқтаси 29 апрель кунига бориб тақалади. Ливан ва маҳаллий Сурия манбаларига кўра, Дамашқ яқинидаги Жарамана шаҳрида друзлар ва сунний қуролли гуруҳлари ўртасида тўқнашув юзага келган. Бу қарама-қаршиликда камида дастлаб икки киши ҳалок бўлгани айтилди, аммо кейинчалик Сурия ҳукумати воқеа юзасидан расмий баёнот бериб, тўқнашувларда жами 13 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Сўнгра 143 мингдан ортиқ друзлар истиқомат қилувчи Исроилда ушбу воқеа ортидан норозиликлар кучайди. Асосан мамлакат шимолида яшовчи бу этник озчилик кўчаларда намойиш ўтказиб, йўлларни тўсиб қўйган ва Тель-Авивдан Суриядаги друз жамоасига ёрдам беришни сўраган. Айнан шу воқеалар кетма-кетлиги айни дамда Исроилнинг Сурияга тажовузи бошланишига узоқ кутилган “асос” бўлди. Қуйида шулар ҳақида батафсил сўз юритилади.

Можаронинг ўт олиши

Друзлар ва қуролли гуруҳлар ўртасидаги низо ҳафта бошида тарқалган ва Муҳаммад пайғамбарни камситувчи аудио ёзув ортидан бошланган. Друз жамоаси руйҳонийларидан бирига тегишли деган гумон остида сунний қуролли гуруҳлар уларга ҳужум қилган. Аммо кейинчалик бу версия рад этилди ва Сурия ҳукумати мазкур ахборот ёлғон эканини тасдиқлади. Бу орада друзларнинг маънавий лидерларидан бири Ҳикмат ал-Ҳижрий бу ҳужумда президент Аҳмад аш-Шарани айблади, буни геноцид деб атади ва Сурия жанубидаги друзларни ҳимоя қилиш ҳақида баёнот бериб, ташқи кучлардан халқаро аралашувни амалга оширишни сўради. Аммо бу пайтда Суриядаги друзларнинг қолган икки диний етакчилари ҳукумат билан музокара олиб бориш йўлини танлаганди. 

Исроил эса бундай чақириқлар ва ўз ҳудудида яшовчи друзларнинг норозиликлари баҳонасида Сурияга зарба бера бошлади. Энг қизиғи, бу кескинлашув Исроилнинг расмий ва норасмий доираларида “Сурия бўлиб ташланмагунча яҳудий ҳукумати тинчимаслиги” ҳақида гап-сўзлар урчиётган ва Сурия осмонидаги Туркия учоқларини уриб туширишга чақириқлар кучайган бир пайтда бошланди. Бу эса ўз ўрнида друзлар можароси тасодифан содир бўлмаганидан дарак беради. Шу боис воқеалар ортида Исроил тургани тўғрисидаги версиялар ҳақиқатга анча яқинроқ бўлиши мумкинлиги эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Хуллас, 30 апрель куни Сурияда друзларга ҳужум уюштирилганидан сўнг Бош вазир Нетаньяху Исроил армиясига экстремистик гуруҳларга қарши огоҳлантирувчи зарба бериш буйруғини берган.  Сурия давлат ахборот агентлиги – SANA хабарига кўра, Исроил ҳужумлари Дамашқ, Ҳама ва Дарядаги қишлоқларга зарар етказган. Дамашққа қилинган ҳаво ҳужумида ҳалок бўлган ва яраланганлар бор. Сурия расмийлари Исроилнинг бундай қўпол аралашувини мамлакатни беқарорлаштиришга уриниш деб атади. Исроил томони эса Сурияга зарбаларни друзларга қилинган ҳужум ва уни олдини олиш, ушбу этник озчиликни ҳимоя қилиш ҳақидаги сигнал дея ўзини оқлаб келяпти. 

Вазиятнинг энг мураккаб нуқтаси 1 май куни Исроил армияси Дамашқдаги Сурия президенти Аҳмад аш-Шаранинг қароргоҳи яқинида жойлашган нишонлардан бирига берган зарбаси бўлди. Ҳатто Нетаньяхунинг ўзи буни тасдиқлади. У буни “Сурияга аниқ сигнал” ва друз гуруҳларига нисбатан таҳдиднинг олдини олиш мақсадида амалга оширилган дея таъкидлади. Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац ҳам чиқиш қилиб, агар Суриянинг янги раҳбарияти друзларга қарши ҳужумларнинг олдини ола олмаса, Исроил бунга куч билан жавоб беришини билдирди. 

Сурия маъмуриятининг муваққат раҳбари Аҳмад аш-Шара Исроил томонидан Дамашқдаги президент саройи ҳудудига уюштирилган ҳаво ҳужумларини хавфли эскалация деб атади ва Исроилга қарши илк бор жиддийроқ риторикага ўтди. Аш-Шара Исроилни “мамлакатни беқарорлаштиришга уриниш” ва “хавфсизлик инқирозини ёмонлаштириш”да айблади. Суриянинг ўтиш даври президенти халқаро ҳамжамият ва араб мамлакатларини халқаро ҳуқуқни бузувчи тажовузкор ҳужумларга қарши туришда Сурияни қўллаб-қувватлашга чақирди. Бу ҳокимиятни эгаллагандан буён аш-Шара томонидан Исроил тажовузига қарши ташқаридан сўралган илк “илтимоснома” ҳисобланади. У Дамашқни қўлга киритиб, Асадни ағдаргандан сўнг “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” (ҲТШ) Туркия томонидан қўллаб-қувватлангани деярли очиқ ҳолда айтилган бир пайтда аш-Шара маъмурияти Исроилнинг ашаддий душманига айланиши мумкинлиги ҳақида тахминлар тарқалганди. Бироқ у бундай кутилмаларни бутунлай рад этди ва кўп бора Исроил билан урушиш нияти йўқлиги, яхши қўшничиликка интилиши ҳақида сигналлар бериб келди. У ҳатто ўтган кунлар давомида Сурияга ташриф буюрган АҚШ конгрессменига ҳам Дамашқ Исроил билан алоқаларни нормаллаштирмоқчи эканлигини айтганди. Аммо ҳар чанд чиранмасин бугун Нетаньяху бошчилигидаги режимга Туркиянинг Суриядаги фаоллиги ёқмаяпти. Ўтган ойлар мобайнида Шомдаги доминантлик учун ҳар томонлама ҳаракат қилиб келган Анқарадан эса ҳозирча амалий қадамлар ташланганича йўқ.

Друзлар кимлар?

Друзлар араб тилида сўзлашувчи этник гуруҳ бўлиб, “друзизм” деб аталувчи XI асрда исмоилийликдан ажралиб чиққан диний таълимотга эътиқод қилувчи халқдир. Улар бутун дунё бўйлаб турли ҳажмда тарқалган ва умумий сони 1 миллиондан ошади. Уларнинг энг асосий истиқомат қиладиган давлатлари Сурия ва Исроил бўлиб, бирида 700 минг, бошқасида 143 мингга яқин друзлар бор. Суриядаги друзлар асосан Дамашқдаги Жарамана ва Саҳная каби ҳудудларда ҳамда Сувайда вилоятида яшаса, Исроилдагилар мамлакат шимолида, аниқроғи босқин остидаги Жўлон тепаликларида истиқомат қилади. Қолган друзлар эса Ливан ва Иордания ҳудудларида яшайди. Бундан ташқари, уларнинг қадамлари ер юзининг энг чекка нуқталари, жумладан, Лотин Америкаси ва Шимолий Америка минтақаси ва Австралиягача ҳам етган. Этник жиҳатдан друзлар арабларга мансуб бўлиб, ўзларининг друзизм номли дини шакллангандан сўнг алоҳида жамоа сифатида ажралиб чиққан. Юқорида таъкидланганидек, друзлар дини илк бор шиаликнинг исмоилия йўналишидан ажраб чиққан бўлиб, кейинчалик мутлақо алоҳида динга айланган. Бу дин ҳам яккахудоликка асосланган. Друз динини қабул қилиш мумкин эмас. Фақатгина друз ота-онадан туғилган одам друз ҳисобланиши мумкин. Бу дин XI асрда яъни пайдо бўлиши билан ёпиқ динга айланган. Уларнинг эътиқодига кўра, 1000 йил аввал барча инсонларда друз бўлиш имкони бўлган, аммо бу имкониятдан фойдаланмаганлар энди унга даъвогар бўла олмайди. Шу боис мазкур маҳаллий дин ёпиқ ҳисобланади.

Друзлар ер юзидаги баъзи саноқли миллатлар жумладан, курлар, уйғурлар ва лўлилар қаторида ўз давлатига эга эмас. Аммо эътиборга молик жиҳати шуки, уларнинг қадриятларига кўра, ҳар бир друз ўзи яшаётган давлатга садоқатли бўлиши лозим. Друзларга ўзининг алоҳида давлатига эга бўлиш ва уни тузиш ҳаракатлари тақиқлангани боис улар ўзи яшаб турган жамият хавфсизлигини таъминлаш ва ҳимоя қилишни энг асосий бурчларидан бири деб билади. Масалан, Исроил пайдо бўлгач, улар яҳудий давлати ҳудудида яшаган ҳолда, Тель-Авивнинг арабларга қарши олиб борган барча урушларида қатнашиб, Исроил армиясида хизмат қилган. Бу ҳолат бугун ҳам Сурия мисолида намоён бўлмоқда. Хусусан, 1 май куни Сурия пойтахтининг жануби-ғарбида жойлашган Жарамана чеккасидаги друзлар жамияти оқсоқоллари Сурия ҳукумати билан оғир қуролларни зудлик билан ҳокимиятга топшириш ва маҳаллий аҳоли орасидан ҳуқуқ-тартибот идораларини шакллантириш тўғрисида келишиб олди. Бундан ташқари, ўтиш даври ҳукумати Мудофаа вазирлигига бўйсунувчи минтақавий тузилмалар ташкил этиладиган Сувайдада хавфсизлик назорат пунктларини жойлаштириш бўйича келишувга ҳам эришилди.

Исроилнинг мақсади ва Дамашқни хушламайдиган друзлар

Исроилнинг друзларни ҳимоя қилиш баҳонасида Сурияга бераётган зарбалари ортида Туркиянинг бу ердаги доминантлигига путур етказиш ва янги маъмурият томонидан хавфсизлик кучларини пойтахт жанубига, яъни Исроилга яқинроқ нуқтага жойлаштиришга йўл қўймаслик каби мақсадлар кўзланган. Бундан ташқари, друзларни ҳимоя қилиш орқали Исроил бу этник гуруҳни ўзининг Суриядаги ишончли вакили сифатида шакллантирмоқчи экани ҳақидаги хабарлар ҳам кенг тарқалмоқда. Чунки друзларнинг айрим қисмлари аллақачон аш-Шарага нисбатан душманлик кайфиятида. Масалан, март ойидаги алавийлар исёнида ҳукумат кучларига қарши курашаётганлар орасида шимолда яшовчи курдлар ва жанубий ҳудудлардаги друзлар ҳам бўлган. Аҳмад аш-Шара ортда қолган 5 ой давомида Сурияни бирлаштиришдаги энг катта тўсиқ дея таърифланган курдлар билан ҳам тил топиша олди. Аммо алавийлар ва друзлар кутилганиданда каттароқ муаммога айланмоқда. Бугун исроиллик таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Нетаньяхунинг айни пайтдаги стратегияси Суриянинг янги ҳукуматини йўқ қилишга қаратилган. Мазкур режа мунозарали бўлсада, баъзи расмийлар барқарор Сурия Исроил манфаатларига яхшироқ хизмат қилишига умид боғлаётгани айтилмоқда. 

Эрон нима дейди?

3 май куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бағай Исроилнинг Суриядаги Дамашқ, Латакия, Идлиб, Ҳама, Қунейтра ва Дарядаги фуқаролик объектларига қилган ҳужумларини кескин қоралади. У ушбу ҳаракатларни Суриянинг мудофаа, иқтисодий ва инфратузилма имкониятларини йўқ қилиш ҳаракати деб баҳолади. Энг қизиғи, Бағай сўнгги ҳужумларни мустақил давлатни йўқ қилишга уриниш дея берган изоҳини Эрон эндиликда аш-Шара ҳукумати билан алоқаларни йўлга қўйишга бел боғлагани исботи ўлароқ талқин қилиш мумкин. Бағай Эроннинг Ғарбий Осиё хавфсизлиги ва барқарорлигида таъсирчан роль ўйнайдиган маданиятли одамларга эга бўлган мустақил мамлакат сифатида Суриянинг ҳудудий яҳлитлиги ва миллий суверенитетини сақлаш ва ҳимоя қилиш зарурлиги ҳақидаги принципиал позициясини тасдиқлади.

“Босқинчи режимнинг асосий мақсади Суриянинг мустақил давлат сифатида мудофаа, иқтисодий ва инфратузилма имкониятларини йўқ қилишдир, шунда у [Исроил] ушбу мамлакатда ва минтақада ўзининг зарарли манфаатларини кўзлаши мумкин”, деди у.

Унинг қўшимча қилишича, Исроилнинг Сурияга ҳужумлари бир вақтнинг ўзида босиб олинган Фаластиндаги геноцидни ва Ливандаги тажовуз ва ишғолни давом эттиришга қаратилган. Эрон вакили Тель-Авив Суриянинг стратегик ва ҳарбий ва фуқаролик объектларини нишонга олишда давом этаётганини ва мамлакат ҳудудининг бир қисмини эгаллаганини таъкидлади. У Исроилнинг араб мамлакатидаги эксплуатацияси ва экспанционизмига замин тайёрлаш орқали Суриядаги ҳозирги вазиятга алоқадор барча томонларнинг жавобгарлигини тан олди. Бағай Исроил режимининг Сурияга қарши тажовуз ҳаракатларига чек қўйиш халқаро ҳамжамият, хусусан минтақа мамлакатлари томонидан тезкор ва самарали чораларни талаб қилишини таъкидлади.

“Ислом ҳамкорлик ташкилоти БМТ хавфсизлик Кенгашини Исроил режимининг қонун ва тинчликни бузишига қарши ўз вазифаларини бажаришга мажбур қилиш учун мавжуд механизмлардан фойдаланиши керак”, деди у.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Эрон Исроил Биньямин Нетаньяху Дамашқ Тель-Авив Абу Муҳаммад ал-Жўлоний Аҳмад аш-Шара Латакия Друзлар Исмоил Бағай

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг