Эрон АҚШни сулҳни бузишда айблади

Олам

image

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШни ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни бузганликда айблади. Бу ҳақда Эрон ТИВ баёнот берди.

Унга кўра, АҚШ армияси сулҳ эълон қилинганидан кейин ҳам “ноқонуний ва асоссиз ҳаракатларини” давом эттирган ва сўнгги 48 соат ичида ўт очишни тўхтатиш режимини қўпол равишда бузган. Теҳрон Вашингтон ҳаракатларини жавобсиз қолдирмаслигини маълум қилган, аммо АҚШ томонидан айнан қайси ҳаракатлар сулҳни бузгани ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги америкалик ҳарбийларни ҳимоя қилиш мақсадида зарбалар амалга оширилганини ва сулҳ режими ҳали ҳам кучда қолганини таъкидлаган.

Шу билан бирга, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Эрон билан ядровий масала бўйича вақтинчалик келишувга эришиш имконияти юқори эканини айтган. “The Washington Post” нашри маълумотига кўра, муҳокама қилинаётган ҳужжат Теҳроннинг юқори даражада бойитилган уран захираларидан воз кечишини назарда тутади. Бироқ Эрон бу маълумотни рад этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эроннинг Бандар Аббос шаҳрида портлашлар содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) АҚШнинг учувчисиз аппаратлари ва F-35 қирувчилари мамлакат ҳаво ҳудудини бузганини, дронлар уриб туширилгани ва самолёт ҳудудни тарк этишга мажбур қилинганини билдирган.

Жорий йилнинг 24 май куни АҚШ Президенти Дональд Трамп томонлар келишувга яқинлашганини ва тез орада расмий эълон қилиниши мумкинлигини билдирганди. ОАВ маълумотларига кўра, яқин вақт ичида ўзаро англашув меморандуми имзоланиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон сулҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг