“Жуда афсусдаман“. Эрдўған Трампга ҳамдардлик билдирди
Олам
−
21 Май 12138 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали “жуда яхши” суҳбат ўтказди. Бу ҳақда Туркия Президенти администрацияси ҳузуридаги коммуникациялар бошқармаси хабар берди.
Эрдўған суҳбат давомида минтақавий можарода ўт очишни тўхтатиш режимини узайтириш ижобий ҳолат эканини таъкидлаган ва конструктив ташаббусларни қўллаб-қувватлашни давом эттиришини билдирган. У томонлар ўртасидаги келишмовчиликларни оқилона ёндашув асосида ҳал қилиш имконияти борлигига ишонч билдирган.
Туркия раҳбари Сурия ҳудудида барқарорлик ўрнатилиши бутун минтақа учун муҳим ютуқ бўлишини айтган. Шу билан бирга, Туркия Сурия масаласида ўз қўллаб-қувватлашини давом эттиришини таъкидлаган. У Ливандаги вазият янада кескинлашиб кетишининг олдини олиш зарурлигига ҳам эътибор қаратган.
Эрдўған, шунингдек, Анқарада бўлиб ўтадиган НАТО саммитига тайёргарлик давом этаётганини ва уни ҳар томонлама муваффақиятли ўтказиш учун барча зарур чоралар кўрилаётганини билдирган.
Туркия Президенти АҚШдаги Сан-Диего шаҳридаги масжидга қилинган “даҳшатли ҳужум” муносабати билан ҳамдардлик билдирган. У Туркия ҳар қандай нафратга асосланган жиноятларга, улар қайси диний жамоага қарши қаратилган бўлишидан қатъи назар, қатъий қарши эканини таъкидлаган.
Дональд Трамп эса Эрдўған билан бўлган телефон суҳбатини “жуда яхши” деб баҳолаган. АҚШ Президенти ҳам Вашингтон яқинидаги Эндрюс ҳарбий базасида журналистлар билан суҳбатда Эрдўған билан жуда яхши муносабатлари борлигини айтган.
Унинг сўзларига кўра, Эрдўған “қаттиққўл инсон”, аммо у билан бошқа ҳеч кимда йўқ даражадаги яхши муносабатлар мавжуд. Трамп, шунингдек, Эрдўғанни ҳақиқий иттифоқчи деб билишини, баъзилар бунга шубҳа қилса ҳам, у уни яхши иттифоқчи деб ҳисоблашини ва Туркия халқи уни ҳурмат қилишини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 май куни АҚШнинг Калифорния штатидаги Сан-Диего округидаги масжидга ҳужум уюштирилганди ва оқибатда уч нафар эркак ҳалок бўлганди. Ўққа тутилганлардан бири масжид қўриқчиси бўлган. Полиция фикрича, у “янада каттароқ ҳужумнинг олдини олишда ҳал қилувчи рол” ўйнаган.
Live
Барчаси