ЖСТ кўмагида Ўзбекистонда Савдо сиёсати бўйича компетенция марказини ташкил этиш таклиф этилди

Жамият

image

Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори доктор Нгози Оконжо-Ивеала бугун, 5 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда мамлакатимизнинг ЖСТга қўшилиши борасида кўрилаётган амалий чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Қисқа муддат ичида Ишчи гуруҳнинг иккита йиғилиши ўтказилгани, аъзо мамлакатлар билан фаол музокаралар олиб борилаётгани, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш шартлари муҳокама қилина бошлангани ва миллий қонунчиликни ташкилотнинг меъёр ва қоидаларига мувофиқлаштириш ишлари давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Шунингдек, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, электрон савдо ва рақамли хизматлар экспортини ошириш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Халқаро савдони тартибга солиш масалалари бўйича ўзбекистонлик экспертларнинг салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, ЖСТнинг кўмаги билан Ўзбекистонда Савдо сиёсати бўйича компетенция марказини ташкил этиш таклиф этилди.

Давлат раҳбари ЖСТ бош директорига давра суҳбатида иштирок этгани ва Ўзбекистоннинг етакчи университетлари талабалари билан учрашгани учун миннатдорлик билдириб, унга Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг фахрий доктори унвони берилгани билан табриклади.

Учрашув якунида Нгози Оконжо-Ивеала Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилоти Нгози Оконжо-Ивеала

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг