ЖССТ “Толибон” қўлига ўтган Афғонистонга биринчи марта ёрдам жўнатди

Олам

image

Афғонистон “Толибон” ҳаракати назорати остига ўтганидан сўнг, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мамлакатга биринчи марта тиббий материаллар юборди.  

“Душанба куни Дубайдан (БАА) Мозори-Шарифга 12,5 тоннага яқин турли хил юклар самолётда етказиб берилди”, деб хабар берган ЖССТнинг Женевадаги бош қароргоҳи. 

Таъкидланишича, ЖССТнинг дори-дармонлари ва материаллари бўлган самолёт кеча, 30 август куни маҳаллий вақт билан соат 12:25 да қўнган. Бу мамлакат “Толибон” назорати остига ўтганидан бери Афғонистонга ҳаво орқали жўнатилган биринчи тиббий ёрдамдир. 

“Биз Афғонистондаги соғлиқни сақлаш муассасалари захираларини қисман тўлдиришга муваффақ бўлдик ва ЖССТ томонидан қўллаб-қувватланадиган соғлиқни сақлаш хизматлари ҳозирча ўз фаолиятини давом эттиришини таъминладик”, деган ЖССТнинг Ўрта ер денгизи бўйича минтақавий директори Аҳмад Ал-Мандари. 

Қайд этилишича, 12,5 тонна турли хил тиббий буюмлар, шу жумладан ярадорларни даволаш учун маблағ етказиб берилган. Бу 200 минг кишига соғлиқни сақлашнинг асосий хизматларини кўрсатиш учун етарли. 

Таъкидланишича, тиббий асбоб-ускуналар Афғонистоннинг 29 вилоятидаги 40 та соғлиқни сақлаш муассасаларига топширилади. 

ЖССТга кўра, самолёт Покистон томонидан тақдим этилган. У Афғонистонга тиббий асбоб-ускуналар етказиб бериш режалаштирилган учта рейснинг биринчиси ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон ЖССТ

Баҳолаганлар

169

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг